"Турон" президенти "Андижон"га қарши ўйиннинг Наманганда ўтиши жамоасига нега устунлик бериши, Суперлигада қолишга шубҳа қилмаётгани ва таркибдаги охирги ўзгаришлар ҳақида

Суперлига дебютанти – “Турон” клуби кутилганидек, ёзги йиғинни фаол тарзда ўтказяпти ва шунга яраша селекция ишларини ҳам жадаллик билан олиб боряпти.

Қандай бўлмасин, клубни илк уринишдаёқ, Суперлигада сақлаб қолишни мақсад қилган раҳбарият жамоа учун барча шароитларни муҳайё қиляпти.

Шу мақсадда “Турон” клуби президенти Абдуваҳоб Аҳмадалиев жамоадаги охирги ўзгаришлар борасида sports.uz сайтига ўз фикрларини билдирди.

“Андижон” – “Турон” ўйинига Наманган мезбонлик қилиши ҳақида

Маълумки, мусобақа жадвалида охирги икки ўринни бўлишиб турган мазкур клублар ўртасидаги ўйин Намангандаги “Навбаҳор” стадионида ўтказилади. Аслида беллашув Андижондаги “Бобур арена”да бўлиб ўтиши лозим эди. Бироқ стадион ёритгичлари билан боғлиқ муаммо сабабли, баҳс Намангандаги стадионга кўчирилди. Хўш, ўйиннинг бошқа шаҳарда ўтказилиши “Турон”га қандай устунлик беради? Клуб президенти шу масалада фикр билдирди.

- Менимча, “Андижон” жамоасига қарши ўйиннинг Наманганда ўтиши бизга устунлик беради. Нимагаки, “Андижон”ни мухлислари жамоасини ўзида жуда яхши қўллаб-қувватлайди. Тўғри, энди ўйинлар ишқибозларсиз бўляпти. Иккала жамоа ҳам бетараф майдонда ўйнайди. Намангандаги стадионда ортиқча босимларсиз, чиройли футбол бўлса керак, деб ўйлайман. Аммо яна қайтараман: учрашувнинг Наманганда ўтиши бизга устунлик бериши бор гап.

ахмадалиев5_1

Селекциядан қониқиш ҳосил қилдими?

Кутганимиздек, “Турон” жамоаси ёзги трансфер вақтида таркибга бир қатор янги ўйинчиларни қўшиб олди. Айримларини эса сотиб олиш орқали қўлга киритди. Яхши савиядаги ижрочилар эвазига жамоа таркиби анча рақобатбардош ҳолатга келтирилди, десак адашмаймиз. “Турон” раҳбари селекция ишларидан қанчалик қониқди?

- Шу пайтга қадар Сардор Абдураимов, Ҳумоюн Муртазоев, Суннатилла Абдуллажонов, Фирдавс Чакалов, Низомиддин Зиёвутдиновни қўшиб олдик. Дониёр Исмоилов “Андижон”да ижарада ўйнаётганди, яна ўзимизга қайтди. Ҳозирча шулар. Яширмайман, селекция ишларимиз яна давом этяпти. Балки бир-икки кунда яна кимнидир қўлга киритармиз ёки шу ҳолатда ҳам қолишимиз мумкин. Буни кўпроқ мураббийлар айтади. Аммо селекция ишларидан кўнглимиз тўлди. Ўзимиз хоҳлаган позицияларга футболчиларни таклиф қила олдик. Тажрибали, номдор ўйинчилар билан ҳам музокаралар ўтказиб кўрдик. Уларни клуби билан бир-икки йиллик шартномалари борлиги учун қўлга киритиш қийин бўлди. Жамоамизга таклиф қилинган футболчилар бош мураббийнинг тавсиясига кўра олинди. Биз ҳам раҳбарият билан маслаҳатлашдик, ўйинчиларнинг статистикаларини кўриб чиқдик. Кетганларга келсак, ҳар бир футболчи билан дўстона хайрлашдик. Уларнинг ҳар бири “Турон”га озми-кўпми, ҳиссаси қўшилган. Биз учун футболчилар ҳамма нарсадан биринчи ўринда туради. Шу боис доим ўйинчиларга барча шароитларни яратиб берамиз. Мураббийнинг танлови бўйича иш қилдик. У ўзига керакли футболчиларни танлади ва тактикасига мос келмайдиганлари алмаштирилди.

турон6  

Янги футболчиларни кўндириш осон бўлмадими?

Аслида ёзги давралар оралиғи пайтида футболчиларни қўшиб олиш осон иш эмас. Чунки бундай пайтда аксарият ўйинчиларнинг клублари билан амалда шартномалари мавжуд. Шу ўринда, клуб президентидан қайси ўйинчиларни кўндириш қийин бўлди, дея мурожаат қилганимизда қуйидагича жавоб берди.

- Ўйлайманки, ҳар қандай футболчини таклиф қилиш ва жамоага ўтишига кўндириш учун маълум вақт талаб этилади. Клубнинг ўзи ва ўйинчи билан келишиб олиш учун ҳам қандайдир вақт керак бўлади. Шартнома тузиш, ўзаро келишиб олиш ҳам ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Лекин ўйлайманки, янги ўйинчиларни “Турон”га таклиф қилиш ўта мураккаб кечмади. Қўлга киритган барча ўйинчиларимиз учун қилган саъй-ҳаракатларимиз бирдек бўлди. Тўғри, кимнидир кўндиришда ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Ахир футболчини чақирсангиз югуриб келавермайди-ку! Уларни жавобини бироз кутасиз, ўзлари ҳам маслаҳатлашади.

турон4

Шартномалар бир йиллик эмас...

Эътибор берсангиз, клублар янги футболчилар билан шартнома тузаётганида унинг муддати нари борса бир йилликни ўз ичига олади. Лекин “Турон”да вазият бошқачароқ. Мавсумнинг иккинчи ярми бўлишига қарамай, Суперлига дебютанти таклиф қилган янги ўйинчилар билан камида икки йиллик келишувларга эришди. Абдуваҳоб Аҳмадалиев масаланинг шу томонига ҳам эътибор қаратди.

- Клубнинг олдига қўйган мақсади, амбициялари, футболчиларга бўлган катта эътибор, таъсисчилар тарафидан барча шароитларнинг яратиб берилаётгани ҳам муҳим роль ўйнаяпти. Жамоада қилинаётган ишлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Турон” бир-икки йиллик жамоа эмас. “Турон” футбол клуби – узоқ йиллик лойиҳа ҳисобланади. Босқичма-босқич ривожланиб борамиз. Барчасига бирданига эришиб бўлмаслигини ҳам биламиз. Мақсад “Турон”ни ОФК ва Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиш. Дурадгор бир ишни сифатли якунлагунча унга анча ишлов беради. Биз ҳам ҳозирги ҳолатда шундаймиз. Инфратузилмага катта эътибор бердик. Энг яхши ёритиш тизими бўйича Ўзбекистонда учта бўлса, биттаси бизда. Майдонимиз ҳам худди шунақа. Футболчиларга янги ўқув-машғулот базаси қуриляпти, замонавий услубда. Ўйлаган ушбу ишларимизни амалга татбиқ этсак, олдимизга катта мақсадларни қўйсак бўлаверади. Клубнинг мана шундай истиқболли лойиҳаларини кўриб туриб футболчилар узоқ йиллик шартномаларимизга қарши эмас. Уларда клубимизга нисбатан ишонч уйғонди. Моддий томондан қарасак, ойлик маош ва мукофот пуллари ўйинчиларга ўз вақтида бериб борилади. Биз янги ўйинчилар билан 2 – 2,5 йиллик шартномалар тузганмиз.

турон7

“Турон”нинг Суперлигада қолиши аниқ...ми?

Жамоада қилинаётган бу ўзгаришлар аввало “Турон”ни Суперлигада сақлаб қолишга қаратилган. Шу боис таркибнинг етакчилари сақлаб қолинди ва уларга бир қатор иқтидорли ўйинчилар қўшилди. Клуб президенти эса “Турон”ни Суперлигада жон сақлаб қолишига тўлиқ ишонч билдиряпти.

- Биринчи даврада ҳам 100 фоиз ишонч билан ҳаракат қилганмиз, Суперлигадан тушиб кетамиз, деган ўй-хаёл бўлмаган ва ҳозир ҳам. Биз максимал даражада ҳаракат қиляпмиз. Билмаган нарсаларимизни Суперлига орқали ўрганяпмиз. Қаердадир хатоларга йўл қўйдик ва бу қилинган хатолар қайтарилмайди. Клубни бу йил Суперлигада қолишига ишонамиз ва барқарор ўйин намойиш этишига шубҳамиз йўқ, - деди “Турон” президенти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!