"Турон" устози футболчиларнинг майдонга ётиб олиши, рўза ва "Андижон" фан-клуби ҳақида гапирди
Бугун бўлиб ўтган “Турон” ва “Андижон” (1:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Бугунги ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман. Бу ўз майдонимиздаги Суперлига клуби устидан эришилган биринчи ғалабамиз. Биринчи тайм қийин об-ҳаво шароитида ўтди. Иккала жамоа учун бундай ҳолатда тўп суриш қийин эди. Натижада ўйинчилар бор имкониятини намойиш эта олмадилар. Учрашув бошларида ўйинни тўлиқ назорат қилдик ва шунинг ҳисобига гол урдик. Пенальтидан фойдаланганимизда ўйин тўлиқ биз томонга ўтарди. Доим 1:0 ҳисоби билан ўйнаш жуда қийин. Жамоада ғалабага кўникиш ҳисси ва бунга энди-энди мослашиш жараёни кечяпти. 1:0 дан кейин жамоамиз кўпроқ ҳимояга эътибор қаратди. Танаффус пайтида футболчиларимизга иложи борича вазиятлар яратиб, улардан фойдаланиш кераклигини айтганмиз.
- “Турон”нинг кейинги босқичга чиқишида тақвимнинг қулай келгани асосий сабаб бўлдими?
- Аввало иккита ўйинни ўз майдонимизда ўтказганимиз бизнинг ютуғимиз. Барибир уйда жамоа кўтаринки кайфиятда ҳаракатланади. “Андижон” жамоасида ҳам имконият бор эди. Улар “Арал” билан учрашувда ёшларига имконият беришди. Аммо “Арал”ни кучсиз жамоа демаган бўлардим. Тақвим ҳамма жамоа учун бир хил тушган. Жамоамизнинг кейинги босқичга чиққанини тақвим билан боғламаган бўлардим. Биз ўз имкониятларимиздан фойдаландик.
- Суперлига доирасида жамоани олдинда “Пахтакор” ва АГМКга қарши қийин ўйинлар кутиб турибди...
- Агар қўрқсак, майдонга чиқиб ўйнамаслигимиз керак. Бизда рақибдан қўрқиш деган тушунча йўқ. Бугунги ўйин учун ҳам йигитларга раҳмат айтаман, роса меҳнат қилишди. Турдан-турга жамоанинг сифати ошиб боряпти. Худо хоҳласа, чемпионатда ҳам ғалабали юришларимизни давом эттирамиз. Олти кун ичида “Пахтакор”, АГМК ва “Қизилқум”га қарши учта ўйин ўтказамиз. Ўша беллашувларда максимал очколарни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
- Иккинчи бўлимда майдонга тушган Абдураҳмон Абдулхаков жуда қўпол ўйнади. Унинг ўйини араблардан қолишмади, майдонга ётиб олиш бўйича. Бу ҳақда фикрингиз?
- Абдулҳаков “Андижон”да ўйнаган-ку, унинг характерини яхши биласизлар. Унинг табиатида шунақа нарса бор. Ўша вазиятда ҳақиқатан футболчи келиб унинг елкасидан босиб кетди. Ён ҳакам кўргани учун бош ҳакамга мурожаат қилди. Абдураҳмонга шундай вазифа юклаймизки, рақиб билан бирга-бир қолганда алдаб ўйинни ўзига олишини тайинлаймиз. Хоҳлайсизми-йўқми, рақибни алдашни бошлаганда у ерда ўйин қоидаси бузилиши бўлади. Барча қоида бузилиши бўлган вазиятларда рақиб унга нисбатан қўполлик ишлатди. Тўғри, қаердадир озгина ўзидан қўшган бўлиши мумкин. Лекин биз Абдулҳаковга атайин шундай ўйин кўрсатасан, деган кўрсатмани бермаймиз. Учрашувдан олдин ҳеч қачон футболчиларга ўйин сифатига таъсир қиладиган ҳаракатлар қилишларини айтмаймиз. Футболнинг тоза вақтини кўпайтириш ва соф футбол ўйнашларини уқтирамиз. “Андижон” таркибида иқтидорли ёшлар бор, яхши жамоа. Бизга етарлича қаршилик кўрсатди. Қаердадир тажриба ўз сўзини айтган бўлиши мумкин. Жамоамиз анчадан бери ғалаба қозона олмаётганди. Шу боис футболчиларимизда гол ўтказиб юбормаслик бўйича хадик бўлди. “Локомотив” билан учрашувда 2:0 ҳисобида олдинда эдик. Кейин бироз ўйин жиловини қўлдан чиқаришимиз оқибатида рақиб иккита гол билан бизни жазолаганди. Яна ўша ҳолат такрорланмаслиги учун балки қаердадир ўйинчиларимиз вақтни чўзишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Аммо учрашув давомида қайсидир футболчи керагидан ортиқ даражада майдонга ётиб олиб вақтни чўзгани йўқ.
- Бугунги дербида ўйин муҳитини “ушлаб” турган андижонлик мухлислар ҳақида фикрингиз?
- “Андижон” фан-клуби Ўзбекистонда етакчилардан бири. “Андижон” уйдами ёки сафарда ўйнайдими, доим ишқибозлари чиройли тарзда қўллаб-қувватлаб туришади. Бугун ҳам стадионда кўрдикки, ажойиб муҳитни яратиб бера олишди. Мана шундай иссиқ ҳавода, Рамазон ойида стадионга келиб жамоаларни қўллаб-қувватлаб туришгани учун “Турон” ва “Андижон” мухлисларига раҳмат айтаман. Жамоалар томошабоп ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишди. Омад кўпроқ биз томонда бўлди.
- “Турон” жамоасида сир бўлмаса, неча нафар футболчи рўза тутганди?
- Легионерлардан ташқари қолган футболчиларимиз рўза тутишяпти. Буни йигитларга таъқиқламаймиз. Бу уларнинг ихтиёри. Биз улардан ким рўза тутган ёки тутмаганини сўраймиз. Шунга қараб иш тутамиз. Бугун майдондаги футболчиларимизнинг кўпи рўза тутишганди.
Фикрлар