Тушкунликка тушма, сени ёрқин келажак кутмоқда! Ишонасизми, U-23 терма жамоамиз аъзоси Европа клублари ўртасида талаш бўляпти. Футболчимиз қандай фикрда?

Мамлакатимизда ўтган U-23 Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси финалгача етиб келди. Гарчи ҳал қилувчи беллашувда Саудия Арабистонига мағлубиятга учраган бўлсак-да, Кападзе шогирдлари юксак эътирофларга сазовор бўлдилар.

Футболчиларимизнинг кўрсатган ўйинлари мухлисларни яна стадионга қайтарди. Чунки бу таркиб билан биз албатта кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз. Келажакда улар кучли жамоага айланадилар. Барчаси иқтидорли, салоҳияти юқори футболчилар.

Ана шундай йигитларимиздан бири Руслан Жиянов бўлиб, “Олимпик” сафида тўп суриб келмоқда. Осиё Кубоги давомида у ҳам ўзидан яхши таассурот қолдиришга эришди. Энди бўлса, футболчимиз скаутлар орасида талаш бўляпти. Sports.uz мухбири Жиянов билан суҳбатда бўлди.    

- Руслан, финал ўйинидан олдин ва кейинги кечаларни қандай ўтказдингиз?

- Албатта, учрашувдан олдин барчамизда тайёргарлик яхши бўлганди. Мураббийлар штаби ва раҳбарлар ҳам бизга ишонч билдиришди. Витаминизация, овқатланиш, умуман барча жабҳада бизга яхши шароитлар яратилди. Ўйинга зўр ҳолатда тайёрландик. Халқимизни хурсанд қилмоқчи эдик. Насиб қилмади. Пешонада шу нарса ёзилган экан. Ўйинни ютсак бўларди, ҳаракат қилдик. Охиригача халқимиз учун байрам уюштириб бермоқчи эдик. Гуруҳ босқичида кўпчилик бизга ишонмади. Ҳаттоки, гуруҳдан ҳам чиқа олмайди, деган гаплар бўлди. Биз Ватан учун ўйнадик ва ўзимизни кўрсатиб қўймоқчи бўлдик. Худога шукр, финалгача етиб келдик. Учрашувдан кейинги ҳолатимизга келсак, халқимизга байрам кайфиятини улаша олмаганимиз учун ҳаммада хафагарчилик кузатилди. Икки кунлаб ухлай олмадик. Кечалари уйқу келмасди ва ўйиндаги воқеалар хаёлимиздан ўтаверди. Финал учрашувидан кейин ҳам мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватладилар. Сизлар биз учун чемпионсизлар, қаҳрамонсизлар дейишди. Бундай эътирофдан кейин яна ўзимизга мотивация оляпмиз, Худо хоҳласа, албатта Париж Олимпиадасини қўлга киритиб, яхши натижалар кўрсатамиз.

жиянов2

- Осиё Кубогида ўзингиз учун нима ўргандингиз?

- Авваламбор мухлислардан ўзимга анча ишонч олдим. Ўйинлар давомида тажриба ўргандик. Мусобақа мобайнида ҳар хил жамоаларга қарши турли ўйин услубларида ўйнадик. Насиб қилса, Париж Олимпиадасига йўлланма берадиган Осиё чемпионатида ўзимиз учун катта тажриба олдик. Бутун жамоамиз кўп нарса ўрганди.

- Саудия Арабистонига бой берилган ўйиндаги мағлубият таъсири ҳали ҳам билиняптими?

- Футболчининг ҳаёти шунақа, дарҳол кейинги учрашувларга тайёрланиш керак. Мана, энди чемпионат ўйинларига киришдик. Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш учун ҳам финалдаги мағлубиятни унутиб, бундан тўғри хулоса чиқариб, жиддий тайёрланиш керак. Агар миямиздан чиқариб юборсак, пастга шўнғиб қоламиз. Асосийси, тўғри хулоса чиқариш керак.

жиянов6

- Нима деб ўйлайсиз, Саудия Арабистони биздан ҳар томонлама кучлимиди?

- Йўқ, ҳар томонлама кучли эмасди. Фақат улар ҳимояда тартибли ўйнашди ва тажрибалари бор экан. Бир нечтаси миллий терма жамоаси сафида ҳам тўп суришади. Лекин бу энди ҳеч нимани англатмайди. Бу – футбол. Бизда ҳам кучли футболчилар ва кучли ўйин бор эди. Нимагадир ўхшамади.

- Осиё Кубогидаги иштирок ҳар бир ўйинчимизнинг кейинги фаолиятини ўзгартириб юбориши мумкин, кўпчилик кузатди. Энди режаларингиз қандай?

- Албатта, бу бошқача ҳиссиёт. Бундай мусобақада ўйнаётганда, мухлисларимиз, ота-онамиз, Юртбошимиз, барчанинг олқишлаётганини ҳис қиласиз. Бошқа дунёга тушиб қолгандек бўласиз. Масъулият ҳам бошқача бўлади. Кейинги режаларга тўхталсам, ҳозирча “Олимпик”даман. АГМКга қарши учрашувни ўтказиб юбордим. Чунки финалда гол урганимда офсайд бўлганди, ўша вазиятда оёғим қайрилиб кетганди. Менга Европа ва Осиёдан ҳам вариантлар бўляпти. Россия, Туркия, Эрон...Темур Кападзе ва ўзимга яқин инсонлар билан маслаҳатлашаман. Биринчи навбатда Кападзенинг айтгани бўлади. Бир-икки йил олдин биз деярли йўқ ўйинчи эдик. Энди халқ озгина бўлса ҳам таниди. Бунда мураббийимиз бошчилигидаги барчамизнинг меҳнатларимиз бор. Ҳаммасига Темур ака сабабчи бўлди. Бизга тўғри йўналиш бера олди. Ўзимизга ишончни уйғота олди. Кейинги фаолиятимда Кападзенинг қарори муҳим роль ўйнайди.

жиянов

- Айнан қайси клублардан таклифлар бўляпти?

- Ҳали ҳеч нима аниқ бўлмай туриб, номма-ном айтиш бироз ноқулай. Жамоалар кўп. Масалан, Россиядан 7-8 та, Туркиядан 2-3 та клублар қизиқяпти. Эрон, Озарбайжон ва яна бошқа чемпионатлардан вариантлар бўляпти. Агентлар Европага борасанми деб ёзишяпти.

- Қачон танловни амалга оширмоқчисиз?

- Ҳозирда “Олимпик” билан Суперлигада ўйинларимиз бор. Бор эътиборимни клубимнинг ўйинларига қаратганман. Биринчи давра тугаганидан кейин Темур ака ва ўзимга яқин инсонлар билан маслаҳатлашамиз.

жиянов4

- Демак, ёзда легионер сифатида четга кетишингиз мумкин экан-да?!

- Ҳа, шунақа. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тўғри йўлни танлашга ҳаракат қиламиз.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Tohirbek
24/06/2022 11:27
Qayerga bulsa xam oldiga maqsad quygan klub bulsin
solijon bobokulov
23/06/2022 17:05
Ketish kerak, faqat Rossiyaga emas