U-17 жамоамиз дарвозабони Францияга қарши ўйин ҳақида фикр билдирди

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси дарвозабони Муҳаммадюсуф Собиров Францияга қарши учрашув олдидан журналистларнинг саволларига жавоб бериб ўтди: 

— Францияга қарши ўйин ҳақида

Ассалому алайкум, барчага. Биз эртанги учрашувга тайёрмиз. Барча жамоадошларим Англияга қарши учрашувдаги каби бирдам бўлиб, эртанги баҳсни ўз фойдамизга ҳал қилиш ниятидамиз. Худо хоҳласа, ярим финал йўлланмасига эга чиқиб, янги тарих ёзишни мақсад қиляпмиз.

— Тикланиш жараёни ҳақида

Мураббийларимиз Англия қарши ўйин тугаши биланоқ тикланиш жараёнини бошлаб юборишганди. Ғалаба қозонганимиз яхши, лекин шу билан берилиб, кейинги ўйинга тайёргарликни унутмаслик кераклигини тушунтиришди. Қисқа муддатда босқичма-босқич тикланиш машқлари устида ишлаб бордик. Барча жамоадошларим эртанги учрашувга тайёр.

— Ўйин пенальтилар сериясига бориши мумкинми ва шахсан ўзингиз ҳам тайёргарлик кўряпсизми?

Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз ҳар қандай ҳолатга ҳам тайёргарлик кўряпмиз.

— Мураббийнинг кўрсатмалари ҳақида

Машғулотлар давомида бош мураббийимиз қўл остида шуғулланяпмиз. Эртага трибунада бўлса ҳам бевосита ўйинда иштирок этадилар. Шу сабабли бу бизга у қадар катта муаммо туғдирмайди, деб ўйлайман. Худо хоҳласа, эртага ўйинда ғалаба қозониб, Жамолиддин акани ҳам хурсанд қилмоқчимиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб бизни қўллаб-қувватлаб турган барча ватандошларимизга раҳмат айтмоқчиман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!