“Уфа”: “Спартак” билан аниқ келишувимиз йўқ. Ўрунов трансфери қачон ҳал бўлади?

“Уфа” васийлик кенгаши раиси Ростислав Мурзагулов жамоа ёзги трансферлар вақтида қатор футболчилар билан хайрлашишини билдирди.

- Пандемия сабаб клубнинг харажатлари сметада белгиланганидан ўтиб кетди. Биз уч-тўрт футболчини трансфер қиламиз. “Спартак”гами ёки “Рейнжерс”гами, фарқи йўқ. Ўйинчиларимизга кўплаб клублар қизиқиш билдирмоқда. Айнан “Спартак” билан ҳеч қандай келишувимиз йўқ. Москваликлар бош директори Шамиль Газизов билан 23 июль куни учрашамиз. Ўшанда ундан яхши таклиф бўлса, кўриб чиқамиз, - деди Ростислав Мурзагулов.

Кутилаётган учрашувда катта эҳтимол билан ўзбек футболчиси Остон Ўрунов трансфери муҳокама қилинади. “Спартак” мутасаддилари ҳамюртимиз билан шахсий шартнома бўйича музокара ўтказаётган ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Қолаверса, Шамиль Газизов ҳам “Уфа”га ўзи олиб келган Ўруновни “Спартак” олмоқчилигини инкор қилмади.

Демак, тез кунларда Ўруновнинг трансфери бўйича расмий маълумотлар тарқатилиши кутилмоқда. Қолаверса, айни пайтда "Зенит", "Локомотив" ва "Краснодар" ҳам Остонни ўз таркибига қўшиб олишни истамоқда. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!