UFC нинг яқин тарихидаги 6 та "сенсация" билан танишинг
Cпорт тури борки ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Ва яна, спорт билан доимий равишда ҳамроҳ бўладиган шундай атама борки, агар у воқейликка айланса, мухлислар шок ҳолатига тушади. Фаҳмлаган бўлсангиз, "сенсация" ҳақида гап кетмоқда. Ҳар қандай спорт турида учраб турадиган бундай кутилмаган натижалар, яккакураш оламида ҳам жуда кўп рўй беради. Жумладан, ММА оламида бундай вазиятларни жуда кўп кузатганмиз. Ана шундай UFC даги энг кутилмаган “Апсет”ларни 6 тасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1. Жорж Сен-Пьер – Матт Хьюз
Канадалик JSP UFC да кетма-кет 7 та ғалабага эришиб, ярим ўрта вазн тоифасининг амалдаги чемпиони бўлиб турган бир вақтда, 2004 йил 22 октябрь куни ташкил қилинган UFC 50 турнирида АҚШлик Матт Хьюз билан тўқнаш келади. Океан орти вакили ушбу баҳсга қадар 4 та мағлубиятга учраган бўлиб, уларнинг биттаси UFC да афсонавий B.J. Penn га қарши жангда рўй берганди. Қолган учтаси бошқа турнирларда эди. Гарчи, фаолиятида мағлубиятлар бўлса ҳам у ёмон жангчи эмасди. Шундай бўлса-да, бу қарама-қаршиликда барибир яққол фаворит канадалик жангчи эди. У рақибидан бир бош баланд ва барча уни осонлик билан ғалаба қозонади деган фикрда эдилар. Лекин биргина хато қимматга тушиб, биринчи раундни ўзида “армбар” (қўлни тортиш) услубига тушиб қолади ва фаолиятидаги илк мағлубиятга учрайди. Бу хақиқий "сенсация" эди. Кейинчалик 2006 йил 18 ноябрда бўлиб ўтган UFC 65 турниридаги реваншда Сен-Пьер иккинчи раундда техник нокаут эвазига ғалаба қозонади.
2. Жорж Сен-Пьер – Матт Серра
Навбатдаги "сенсация" ҳам канадалик жангчининг фаолиятида рўй беради. У биринчи кутилмаган мағлубиятидан кейин кетма-кет 6 маротаба ғалаба қозонади. Унга бу вазн тоифасида хеч ким бас кела олмаётганди. Ва ниҳоят у иккинчи маротаба мағлубиятга учрайди. Бу воқеа 2007 йил 7 апрелда UFC 69 турнирида содир бўлади. У АҚШлик Матт Серрага биринчи раунднинг ўзида техник нокаут билан мағлуб бўлади. UFC 83 турнирида ўтказилган реванш жангининг 2-раундида эса, Сен-Пьер хатосини тўғирлаб, техник нокаут эвазига ғалаба қозонади.
3. Гегард Мусаси – Юрая Холл
Келиб чиқиши арман миллатига тақаладиган нидерландиялик Гегард Мусаси ҳам сенсацион тарзда мағлубиятга учраганига гувоҳ бўлганмиз. Ўрта вазн тоифасида етакчилардан бири бўлган Мусаси бу жангдан аввал Лиото Мачида ва Роналдо “Жакаре” Соузадан мағлубиятга учраган бўлса-да, 2015 йил 26 сентябрь куни UFC Fight Night 75 да тўқнаш келган рақиби Юрая Холлдан мағлуб бўлишини ҳеч ким кутмаган эди. Жангнинг 2-раундида кутилмаганда кучли зарба ўтказиб юбориб, техник нокаутга учрайди. Орадан бир йил ўтиб, 2016 йил 19 ноябрда UFC Fight Night 99 да улар яна бир бор октагонга кўтарилишади ва биринчи раунднинг ўзида техник нокаут эвазига Мусаси ғалаба қозонади.
4. Стипе Миочич – Стефан Струве
Айни кунда супер оғир вазн тоифасининг амалдаги чемпиони АҚШлик хорват Стипе Миочич фаолиятидаги илк шов-шувли мағлубиятини 2012 йил 29 сентябрь UFC on Fuel TV 5 турнирида нидерландиялик Стефан Струведан қабул қилиб олади. Бу жангга қадар Мио UFC да учта жанг ўтказиб, ажойиб ғалабаларга эришганди. Қолаверса, UFC га ўтгунга қадар бошқа промоушен турнирларида бирор марта мағлуб бўлмаган ва у чемпионликка даъвогарлик қила олиш салоҳиятига эга деб эътироф этилаётган эди. Лекин ушбу жанг барча мухлисларни ҳайратда қолдирган ҳолда, "SKYSCRAPER" нинг иккинчи раунддаги техник нокаут билан қўлга киритилган ғалабаси билан якунланади.
5. Ронда Роузи – Холли Холм
АҚШлик бу жангчи қиз ўзининг ҳаракатлари билан бутун ММА мухлисларида уни енга оладигани топилмайди деган тасаввурларни уйғотиб бўлган эди. Кетма-кет UFC да 6 та, фаолиятидаги 12 та ғалабасидан кейин 2015 йил 14 ноябрь UFC 193 турнирида мазкур промоушенда эндигина иккита жанг ўтказган яна бир океан орти вакиласи Холли Холмга қарши октагонга кўтарилади. Жангнинг биринчи раундидаёқ Холлининг “хай-кик” зарбасидан дунёдаги барча ММА мухлислари шок ҳолатига тушади. Чунки, зарба кучли ва аниқ кўриниш олиб Роузини том маънода “ухлатиб” қўйган эди. Хуллас, чемпионлик камарини ўзиники қилиб олган Холм Роузининг фаолиятига чек қўювчи биринчи қадамни ташлаб беради. Орадан хеч қанча ўтмай бу миссияни Аманда Нуньес якунлайди ва Роузи эпопеяси ўз интихосини топади.
6. Андерсон Сильва – Крис Вайдман
Бразиялик "THE SPIDER" ўз вақтида ўрта вазннинг “қироли” га айланган эди. Унинг ранг-баранг ҳаракатлари, кутилмаган зарбалари, айниқса “фронт-кик” зарбаларининг мукаммаллиги барчани ҳайратига сабаб бўларди. Сильва UFC билан шартнома имзолагандан сўнг, узлуксиз 16 та жангда ғалаба қозониб, бу двизионда тенгсиз эканлигини намоён қилаётган эди. Лекин унинг ҳукмронлигига ҳам чек қўйилади. 2013 йил 6 июль UFC 162 турнирида АҚШлик Крис Вайдман Сильвани иккинчи раундда даҳшатли нокаутга учратади. Мазкур жанг бразилиялик атлетнинг қора кунларининг бошланиши эканлигини у ҳали билмасди. Ўша йилининг ўзида 28 декабрь UFC 168 турнирида реванш жанги ташкил этилади. Бу тўқнашувда Сильва оёғидан қўрқинчли тарзда жароҳат олади ва техник нокаут ҳисобига мағлубият ёзилади.
Фикрлар