UFCнинг янги юлдузи Хоакин Баклини спарринг рақиби ва яқин дўсти ўзбек ўғлони эканлигини биласизми? (Видео)

  • 13 октябрь, 2020, 15:57
  • 0
  • MMA

11 октябрь тонгида старт олган “UFC Fight Island 5” турнири бир-биридан қизиқ жангларни, ажойиб нокаутларни тақдим этди. Жумладан, ўрта вазн тоифасида ўз жангини ўтказган Хоакин Бакли супер нокаут билан Импа Касанганайни мағлуб этганди. Ушбу нокаут эвазига Бакли бонусни ҳам қўлга киритди. Бакли учун бу UFC промоушенидаги иккинчи жанги бўлиб, дастлабкисида Кевин Холландга техник нокаут билан имкониятни бой бериб қўйган эди. Бир кунда оламшумул машҳурликка эришган ушбу жангчи, аввал “Shamrok FC”, “Bellator”, LFA каби промоушенларда ўз жангларини ўтказган. У фаолияти мобайнида 14 та жанг ўтказиб, 11 бора ғалаба қозонган ва уч марта муваффақиятсизликка учраган.

72291046_430688900901481_8417000126844748206_n

Албатта, ушбу жангчи ҳақида сўз юритишимизнинг ўз сабаби бор. Аниқроқ қилиб айтганда, Баклининг ушбу жангга тайёргарлик жараёнида ўзбек ўғлони яқиндан ёрдам берган. Яъни, асли сурхондарёлик бўлган ҳозирда оилавий тарзда АҚШда истиқомат қиладиган Муродбек “Алпомиш” Чориев Хоакин Баклини яқин дўсти ҳисобланади. Муродбек ҳам ҳаваскор ММА йўналишида 7 та жанг ўтказиб, 6 бор ғалаба қозонган. Сўнгги жангида имкониятни бой бериб қўйганди. Океан ортида Макс Чориев номи билан ҳам машҳур бўлган ўзбек ўғлони “Shamrok FC” промоушенида фаолият юритади.

Хуллас, Миссури штатида истиқомат қиладиган ҳар икки жангчи биргаликда машғулотларда иштирок этади. Биз Муродбек Чориев билан боғланиб, у ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.


"У нафақат яхши жангчи, балки ажойиб инсондир. Яқин дўстмиз. Кўп вақтимиз бирга ўтади. У ҳам мен фаолият юритадиган “Shamrok FC” промоушенидан чиққан. Унинг кучли жиҳати “стойка”да, десам бўлади. Чунки, у боксда тарбия топган. Унда ўзига яраша иқтидор бор ва жуда чидамли. UFCдаги илк жангида мағлубиятга учраганидан сўнг, ўз устида қаттиқ ишлади. Насиб қилса, яхши натижалар қайд эта олади. У билан ушбу жанг олдидан табиийки бирга ишладик. Унда иштиёқ юқори эди. Қолаверса, бу сафарги мағлубият унга бўлган ишончни сўндирарди. Буни тўғри тушунди ва меҳнатдан қочмади. Шукрки, ғалабага эришди. Устига-устак супер нокаут қайд этди. Менинг жанг олиб бориш услубим курашга асосланганлиги учун унга “партер”да ишлаш учун бироз ёрдам бердим. Шуни айта оламанки, у барчасига ўзининг меҳнати орқали эришди", - деди Чориев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!