Уларнинг орасида тажрибалиси ҳам, иқтидорли ёшлари ҳам бор ёхуд Денисовдан Шоаҳмедовгача
1-4 ноябрь кунлари Суперлиганинг 24-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Фақат “Бунёдкор” – “Навбаҳор” ўйини 11 ноябрга қолдирилган.
Ортда қолган 6 та ўйинда турли натижалар кузатилди ва шу билан бирга унинг энг яхшилари ҳам аниқланди. Қуйида шу хусусида сўз юритилади.
ОКМК – “Турон” – 2:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Виталий Денисов
ОКМК Осиё Чемпионлар лигасида “Сепахон”га қарши учрашув олдидан “Турон”ни қабул қилди ва сал қолса очко йўқотиши мумкин эди. Лекин олмалиқликлар бир амаллаб ғалабани тортиб олдилар. Бунда тажрибали ҳимоячи Виталий Денисовнинг ҳиссаси ҳам катта бўлди. У рақиб ҳужумларини зарарсизлантиришда бош-қош бўлди. Худди олдинги Денисовни кўргандек бўлдик.
“Қизилқум” – “Андижон” – 3:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Муҳаммадали Ғиёсов
Турнинг кутилмаган натижаси сифатида қайд этилган “Қизилқум” – “Андижон” ўртасидаги баҳсда мезбонлар вакили Муҳаммадали Ғиёсов ёрқин таассурот қолдирди. Бунгача ҳам ушбу футболчининг имконияти юқорилиги ва ўзини кўрсатаётгани ҳақида эшитгандик. “Андижон”га қарши беллашувда Ғиёсов ўз ҳисобига иккита гол ёздириб қўйиш орқали иқтидорини намойиш қила олди.
“Пахтакор” – “Насаф” – 1:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Баҳром Абдураҳимов
Тиниб-тинчимас Баҳром Абдураҳимов “Пахтакор” билан бўлиб ўтган учрашувда чиндан катта куч ва энергия сарфлади. У майдоннинг ҳар бир қарич ерида курашди ва исталган нуқтада пайдо бўлиб, “Насаф”нинг энг фойдали ўйинчиларидан бирига айланди. Жуда кўп югурди ва тинмади. Буни ҳамма кўрди. Абдураҳимов тезкорлиги ва дриблинги билан ҳам ажралиб турди.
“Нефтчи” – “Олимпик” – 0:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Алишер Одилов
“Нефтчи” жорий мавсумда илк бор ўз майдонида мағлубиятга учради. Охирги пайтларда фарғоналиклар омадсиз ўйинлар ўтказяпти. Масалан, ўтган турда Тошкентда “Бунёдкор”га ютқазиб қўйганди. Бу сафар эса “Олимпик”дан енгилди. Ўйин тақдирини ҳал қилувчи ягона гол муаллифи бўлган Алишер Одилов ҳақли равишда ўйиннинг энг яхши футболчисига айланди. Бу ўйинчининг потенциали юқори эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.
“Металлург” – “Сурхон” – 0:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Силванус Нимели
Ушбу ўйиндан аввал Силванус Нимели Либерия терма жамоасидан чақирув олганлигини эълон қилинди. Кутилганидек, тажрибали ҳужумчи “Металлург”га қарши учрашувда яна фаол ўйин кўрсатди. Тўғри, Нимели гол урмади, аммо ягона голни яратди ва ассист вазифасини бажарди. Легионер ҳужумчи беллашув давомида рақиб ўйинчиларига муаммолар туғдирди.
“Сўғдиёна” – “Бухоро” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Санжар Шоаҳмедов
Мағлубиятлар ўрасига тушиб қолган “Сўғдиёна” ниҳоят 24-турда мухлисларини ғалаба билан хурсанд қилди. Лекин учрашувдан аввал хадик бор эди. Чунки рақиб лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Бухоро” жамоаси эди. Уларга ғалаба жуда зарур эканлигини ҳисобга олганда, мезбонларга ҳам яна қийин бўлиши кутилганди. Бироқ “Сўғдиёна” кичик ҳисобда бўлса-да, уч очкони ҳисобига ёздириб қўйди. Ягона гол урилишида ажойиб футбочли Санжар Шоаҳмедовнинг меҳнати катта. У ўша голли ҳужум яратилишининг ижодкори бўлди. Марказдан заргарона пас орқали жамоадошини тўп билан таъминлади. Бу эса гол билан якунланди. Шоаҳмедов баҳсни жуда фаол ўтказди. Олдинги учрашувларда уни захирада қолганини кўргандик ва жамоаси ютқазганди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар