Улкан ғалабанинг кичик сабаби нима?

Бугун "Пахтакор" аренасидаги 120 дақиқа футболимиздаги бир нарсани ўзгартириб ташлагандек туюлди. Билмадим, ким учундир Ироқни таслим этиш улкан воқеа бўлмаслиги мумкин, бироқ жараён кишини хурсанд қилди. Турли ёшлардаги жамоаларининг кучли характери билан ажралиб турувчи ироқликлар бугун йигитларимизнинг ғалабага чанқоқлиги олдида ўзини йўқотиб қўйгани рост.

Yaxis

Тўғри, стадион атмосфераси бунга кўмак берди, лекин асосий омил бу эмасди. Абдувоҳид Неъматов қизил карточка олган пайтда Тимур Ҳакимов, Аббос Махсталиев давридаги финал ёдимга тушиб кетди. Ўша баҳс "Пахтакор"да Шимолий Кореяга қарши кечган ва илк дақиқаларданоқ ёш футболчиларимиз бир киши кам бўлиб қолганди. Арена худди кечагидек лиқ тўла бўлганига қарамай, Алексей Евстафеев шогирдлари баҳсни қутқариб қолишни уддалай олмаган эди. Бу сафар Тимур Кападзе шогирдлари жуда оғир вазиятдан ғолиб сифатида чиқишни уддалади. 120 дақиқа, 10 та пенальти ўз йўлига. Бугун оғир зарбадан сўнг яна қаддимизни тиклаганимиз мени хурсанд қилди.

Бу ўйин таъсиридан 2-3 кун ичида чиқиб кетамиз, лекин бугун майдонда "жанг қилган" йигитлар бутун умр уни хотирасида абадий сақлайди. Келажакда, яна шундай ҳолат бўлса, энди уларнинг "синиб қолиши" имконсиз. Энди уларда курашувчанлик иммунитети бор. Бу мусобақа Париж йўлланмасини бермайди, аммо унга тайёргарлик вазифасини аъло даражада ўтаб бермоқда. Юртимизда ўтаётган турнир йигитларнинг асаби ва характерини тобламоқда. Аввалига Туркманистон билан оғир ўйин, кейин чемпионлик учун асосий даъвогар бўлган Қатарни сочиб ташлаш, ҳеч нарсани ҳал қилмаган учрашувда Эрон билан жанговар дуранг!

yaxis2

Бугун эса, Ироқ ОТЖ ва унинг мураббийи учун ҳал қилувчи мусобақа олдидан йигитлар асосий имтиҳонни муваффақиятли топширди. Биз даража жиҳатдан ҳеч қачон қитъа грандларидан бир қадам орқада бўлмаганмиз, лекин руҳий ҳолат кўп бор панд берган. Айнан шу аспект борасида ўса олсак, Париж сари асосий кураш бошланганда олимпиячиларимизнинг тиззаси қалтираб қолмайди. Насиб қилса, бугун бунинг учун бир қадам ташланди. Мен учун қолган барчаси иккинчи даражада!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев мақоласи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!