Улуғбек Бақоев: "Барчани ҳурмат қиламиз, аммо ҳеч кимдан қўрқмаймиз!"

Ўзбекистон Кубоги ярим финал босқичидан ўрин олган "Навбаҳор" - "Сўғдиёна" учрашувида мезбонлар пенальтилар сериясида зафар қучди. Ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида "бўрилар" бош мураббийи Улуғбек Бақоев иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Наманганда ўйнаш доим ёқимли. Сабаби стадионга жуда кўп томошабин келади, футбол атмосфераси бор. Бевосита баҳс ҳақида гапирадиган бўлсам, мезбонлар тахмин қилганимиздек илк дақиқалардан агрессив ҳаракат қилди.

Биласизми, турли сабаблар билан жамоангизнинг 5 нафар етакчиси майдонга туша олмаса, кучли рақибга қаршилик кўрсатиш қийин масала. Шогирдларимга раҳмат айтмоқчиман, улар мен учун ҳақиқий қаҳрамон! Бундан вазиятда 10 киши бўлиб қолганимиз ҳам наманганликларнинг устунлигига сабаб бўлди.

Иккинчи бор ярим финал босқичида пенальтилар сериясида имкониятни бой беряпмиз, бу оғир. Ҳаёт давом этади, бугунги тўқнашув ортда қолди. "Навбаҳор"ни Бухоро чиптаси билан муборакбод этаман ва "Насаф"га қарши баҳсда омад тилайман.

- Ўйин учун раҳмат, Наманганга хуш келибсиз! Шогирдларингиз кетма-кет иккинчи бор пенальтилар сериясида мағлуб бўлмоқда. Бунинг сабаби нима?

"Менимча, бунга бир нечта факторни келтирсак бўлади: психологик тайёргарлик, жисмоний чарчоқ ва катта муддат давомида 1 киши кам бўлиб ҳаракат қилганимиз ва бошқалар. Бу - футбол, биз лотереяда ютқаздик. Шундан бўлсада, футболчиларимдан хурсандман."

- "Сўғдиёна" ўз услубига эга жамоа, аммо бугун улар ўз ўйинини вақт ўтган сари йўқотиб борди. Бунга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз? Бундан ташқари, кейинги йилга режаларингиз қандай?

"Учта фронтда ҳаракат қилганимиз мен ва штабимдаги мутахассислар учун катта маҳорат мактаби бўлди. Таркибимизда ёши каттароқ футболчилар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, ёшлар ҳам етарлича. Ҳар 3-4 кунда майдонга тушиш шогирдларимнинг жисмоний ҳолатига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Тикланишга улгура олмадик. Шунга қарамай, биз халқаро майдон ва ички фронтдаги барча турнирларда муносиб қатнашдик. 4 кундан кейин яна ўйинимиз бор, энди ўша учрашувга тайёргарлик кўришни бошлашимиз зарур". 

Иккинчи саволга келадиган бўлсак, ҳали бу ҳақда гапиришга эрта. Мавсумни якунлаб, раҳбарият билан барчасини муҳокама қиламиз.

- Шоҳруз Норхонов ҳамда Виталий Денисов нега майдонга тушмади?

"Уларнинг ҳар иккисида жароҳат бор ва майдонда ҳаракат қилишга тайёр эмасди. Шунингдек, Искандар Шойқулов ҳамда Лука Чермель дисквалификация туфайли беллашувни ўтказиб юборди. Захира ўриндиғида икки нафар ёш футболчи ўтирди. Бу баҳсда улар учун майдонга тушишдан кўра атмосферани ҳис қилиш кўпроқ муҳим эди". 

- Сўнгги турларда "бўрилар"дан нималар кутишимиз мумкин?

"Бизда назарий жиҳатдан имконият мавжуд. Шу сабабли ҳам охири сонияларга қадар таслим бўлмаймиз. Рақибнинг кимлиги, турнир жадвалида қайси ўринда бораётгани муҳим эмас! Барчани ҳурмат қиламиз, аммо ҳеч кимдан қўрқмаймиз". 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!