Улуғбек Бақоев "Зенит"да! (фото)
Охирги пайтларда мураббий сифатида ўзини кўрсатиб келаётган Улуғбек Бақоевнинг “Сўғдиёна” клубида амалга ошираётган ишлари анча самарали бўлиб, бу натижаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Лекин Улуғбек Истамович ҳозирги қайд этаётган кўрсаткич ва натижалари билан чекланиб қолмоқчи эмас.
У ўз устида ишлашда давом этмоқда. Бунинг учун хорижий тажриба ҳам мураббий учун асқотиши тайин. Шу мақсадда “Сўғдиёна” бош мураббийи амалиёт ўташ учун Россия чемпионати етакчиларидан бири – “Зенит” клубига йўл олган. Бу ҳақида мураббий Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев билан мулоқот чоғида айтиб ўтди.
“Ҳозир ФИФА кунлари сабабли терма жамоалар ўйнашмоқда. Чемпионатда дам олиш кунларидан унумли фойдаланган ҳолда “Зенит” клубида амалиёт ўтказиб қайтишга қарор қилдим.
Бош мураббий Сергей Богданович билан телефон орқали суҳбатлашдим. Семакка “Зенит”да малака оширмоқчи эканлигимни айтдим ва розилигини билдирди. Клубда мени жуда яхши кутиб олдилар.
Жамоанинг машғулотларини томоша қиляпман. Клуб қароргоҳи, инфраструктураси, умуман барча-барчаси юқори даражада. Қисқа вақт бўлса ҳам бу ердаги вақтим ажойиб ўтяпти ва менга ёқяпти. Бу ерда ўзим учун кўп нарса ўрганяпман. Улар билан яна қатор масалаларда фикр алмашяпмиз. Ушбу сафар мен учун ҳар томонлама фойдали бўляпти”, - дейди Бақоев.
Россия премьер-лигасида “Зенит” айни пайтда 10 та турдан сўнг 26 очко жамғариб, мағлубиятсиз ҳолда мусобақа пешқадами бўлиб турибди.
Бақоев эса “Зенит” клубида малака ошириши ўзи учун ҳам айни муддао. Биласиз, унинг клуби ҳозир Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубогида ғолиблик учун курашни давом эттирмоқда. Эндиликда “Зенит” клубида ўрганган билимларини ўз жамоасида амалда қўллайди. Бақоев у ерга 20 сентябрда кетган бўлиб, 25 сентябрда қайтиши кўзда тутилган.
Фикрлар