Улуғбек Мирзаевнинг "Андижон" клуби сметаси бўйича ҳисоботини ЎФА комиссияси ижобий баҳолади
Клублар янги мавсум учун ажратилаётган бюджет маблағларини қандай ва нималарга сарфлаш юзасидан ЎФАда махсус ташкил этилган комиссия аъзоларига ҳисобот бермоқдалар.
“Андижон” матбуот хизмати ушбу масала юзасидан шундай хабар қилди:
“Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги «Футбол клублари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 261-сонли қароридан келиб чиқиб, Мусобақалар регламентига Суперлига ва Про лига клублари йиллик харажатлари сметасини ФИФА ҳамда ОФК талабларини инобатга олган ҳолда ЎФА билан келишиши масаласи киритилганди.
Футбол клубларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш муҳим аҳамият касб этади. 2022 йилги мавсум олдидан клублар илк бор ўз сметасини келишиш учун ЎФАга тақдим этганди. Энди улар 2022 йилги сметадан ўрин олган маблағлар мақсадли сарф этилиши юзасидан комиссия суҳбатида бўлади.
Шу мақсадда клублар бирма-бир йиллик бюджет сметасини махсус комиссия олдида ҳимоя қилиб чиқмоқдалар.
Бунгача бир қатор жамоалар бу ишни бажарган бўлса, энди навбатда “Андижон” жамоамизга ҳам етиб келди.
Давлат молиясини бошқариш мутахассислиги бўйича иқтисод фанлари магистри, ҳозирда ўзбек футбол клублари бюджетларини такомиллаштириш йўллари мавзусидаги илмий иш устида иш олиб бораётган Улуғбек Мирзаев мазкур масала бўйича ўзининг салоҳиятини яна бир бор намойиш эта олди.
Боиси, клубимиз бош директори Улуғбек Мирзаев куни кеча ЎФАда ташкил этилган махсус комиссия суҳбатида бўлиб, жамоамизнинг йиллик бюджетини йил давомида қандай тақсимланиши юзасидан муваффақиятли ҳимоя қилиб чиқди.
“Андижон” клубининг йиллик сметасидан асосий жамоа, U-21, U-19, аёллар ва футзал жамоалари, шунингдек, администрация, хизмат кўрсатувчи персоналлар каби 7 та бўғин жой олган. Улар учун ойма-ой харажатлар қандай тақсимланиши алоҳида кўрсатиб ўтилди. Қолаверса, стадион майдонини яхшилаш, “прожектор” масаласи бўйича ҳам маблағларнинг ўринли сарфланиши рақамларда келтириб ўтилди.
Эътиборлиси, “Андижон” футбол клубининг йиллик сметаси шундай тузилганки, унда беҳуда ва ортиқча сарф-харажатларга умуман йўл қўйилмаган. Сарфланадиган маблағлар фақат ва фақат мақсадли тарзда йўналтирилиши белгилаб қўйилган. Бу борада Улуғбек Мирзаев маблағларнинг тартибли, ўринли ва энг муҳими, мақсадли тарзда сарфланиши бўйича кўрсатмаси ҳамда хулосасига кўра, комиссия аъзоларида ортиқча саволларга ўрин қолдирмади. Шунинг учун ЎФА комиссияси барча жабҳаларда "Андижон" футбол клубининг сметаси маъқул эканлигини билдиришди”, - дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.
Фикрлар