Умар Эшмуродов: Вадим Карленович билан шахсан таниш эмасман
Миллий терма жамоамизга илк бор таклиф этилган ҳимоячи Умар Эшмуродов бугунги кунда «Насаф» жамоасининг сардори ҳамда унинг етакчиси ҳисобланади. Шу тариқа, Вадим Абрамов ўзинини кўрсатиб келаётган Эшмуродовни ҳам миллий термага жалб этишга қарор қилди. Бу эса футболчининг орзуларидан бири ушалмоқда десак янглишмаймиз. Терма жамоадан чақирув олгач, «Насаф» сардори ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
- Умар, терма жамоадан чақирув олганингизни дастлаб кимдан эшитдингиз?
- Миллий терма жамоадан таклиф олганимни биринчи бўлиб клуб ходимларидан эшитдим. Улар менга ЎФАдан сизнинг терма жамоага чақирилганингиз тўғрисида хат юборишди дейишди ва бундан жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, қилаётган меҳнатларим бесамар кетмаётганидан қувондим.
- Бош жамоамизда тўп суриш ҳар бир футболчининг орзусидир. Айтинг-чи, ўзингизда қўшимча мотивация ва иштиёқ ҳам ортяптими?
- Албатта, ҳар бир янги чақирув футболчи учун мотивация беради. Шубҳасиз, миллий терма жамоадан таклиф олиш жуда ёқимли. Лекин шу билан бирга мамлакатнинг бош жамоасида тўп суришнинг масъулияти ҳам ниҳоятда катта.
- Терма жамоага чақирилганингиздан кейин табиийки, сизга ва айниқса кўрсатаётган ўйинларингизга бўлган эътибор ҳам ортиши аниқ. Сиз ҳақингизда етарли маълумотга эга бўлмаган мухлислар учун футболга қандай кириб келганингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Футболга қизиқишимга дадам сабабчи бўлган. Чунки дадам футболнинг ашаддий ишқибози. 11 ёшимда Қаршидаги футбол мактабига олиб борган. У ерда Умар ака Раҳматуллаев қўл остида сабоқ олганман. Кейинчалик Қарши олимпия олимпия захиралари коллежига ўқишга кириб, 2012 йилгача Ўткир ака Холиқов бошчилигида шуғулланганман. Умуман олганда, шу кунгача менга ёрдам берган барча мураббийларимга миннатдорчилик билдираман. Дадамга эса алоҳида раҳмат айтаман. Боиси, дадам менинг футболчи бўлишим учун барча шароитларни яратиб берган.
- «Насаф»дан олдин «Шўртан»да тўп сурганингизни яхши биламиз. «Насаф»га кўчиб ўтишингиз қандай юз берган?
- Менга 2017 йилнинг биринчи давра охирларида «Насаф» клубидан таклиф бўлганди. Ўшанда мен бошқа вариантларга қарамаганман. Чунки дадам «Насаф»га мухлислик қиларди. Шу боис ҳеч иккиланмасдан ушбу жамоага кўчиб ўтганман. «Насаф»га тез мослашиб кетишимда эса жамоавий муҳитнинг яхшилиги сабаб бўлган. Боиси, ҳар доим клубда ички муҳит аъло даражада бўлган. Ҳамма бир-бирига қўлидан келганича ёрдам беради. Хоҳ майдонда бўлсин, хоҳ майдон ташқарисида…
- Вадим Абрамов билан яқиндан танишмисиз?
- Йўқ, Вадим Карленович билан шахсан таниш эмасмиз. Мураббий билан бирор марта қандайдир мавзудада суҳбатлашмаганмиз.
-21-турда «Насаф» Олмалиқда охирги сонияларда гол ўтказиб аламли мағлубиятга учради. Бу ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳа, бу биз учун жуда аламли мағлубият бўлди. Охирги сонияларда ўз дарвозасидан гол ўтказиш ҳар бир жамоага аламли бўлади. Айниқса, охирги дақиқаларда бутун жамоа бўлиб ҳужумга берилиб кетгандик. Лекин бундай қилмаслик керак эди. Яъни, эхтиёткорликни ҳам кўришимиз керак эди. Аслида биз ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўргандик. Афсуски, ўша охирги дақиқадаги хато эвазига якунда бир очкодан ҳам қуруқ қолдик.
Фикрлар