Умид Аҳмаджонов ХОҚ Президенти Томас Бах таклифига биноан Швейцарияга жўнаб кетди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти, мамлакат футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўзбек футболи бошқарувини қўлга олганидан сўнг ишни футбол оиласи билан яқиндан танишишдан бошлаган эди.

Бу борада Умид Маҳамаджонович FIFA Президенти Жанни Инфантинонинг таклифига кўра Цюрихга ташриф буюриб, FIFA структураси билан яқиндан танишган ва яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган эди. Бунинг самараси ўлароқ Ўзбекистон терма жамоаси кучли спарринг рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил эта олди. Жумладан, бевосита Инфантинонинг ёрдами билан жаҳон чемпионати иштирокчилари Сенегал, Марокаш ва Уругвай терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказди.

Энди эса Умид Аҳмаджонов Швейцарияга Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бахнинг таклифига кўра йўл олмоқда. ХОҚ қароргоҳи жойлашган Лозаннада Умид Аҳмаджонов Томас Бах билан учрашув ўтказади, бутун дунё Олимпия оиласи ва Олимпия ҳаракати билан яқиндан танишади. Буэнос-Айрес ва Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик ҳусусида фикр алмашади, қолаверса дунё спортида юз бераётган янгиликлардан бохабар бўлади ва албатта халқаро алоқаларни мустаҳкамллаш йўлида ўзига хос кўприк ўрнатади.

Албатта бу ҳамкорлик яқин вақт ичида ўз самарасини бериши аниқ. Ўзбекистон нуфузли халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Швейцарияга амалга оширилаётган ташриф ҳар томонлама унумли ва самарали бўлишини кутиб қоламиз.

МОҚ раҳбарининг Швейцарияга ташрифи, у ерда ўтказиладиган музокаралар натижаси билан Миллий олимпия қўмитасининг расмий сайти орқали хабардор бўлиб боришингиз мумкин бўлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)