Умидли боксчимиз Абумалик Ҳалаков режалар, вазн тоифасидаги рақобат ҳамда Қайрат Ералиев билан жанг ҳақида...

Мамлакатимизда истеъдодли боксчилар жуда кўп. Ўсмирлар ва ёшлар орасида бўлажак юлдузлар камол топаётгани, улар халқаро ареналарда ажойиб натижалари билан барчамизни хурсанд қилаётгани ҳам бор гап. Ўсмир ва ёшлар тоифасида салмоқли натижаларни қайд этиб, эндигина катталар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этаётган бўлса-да, асло ўзини йўқотиб қўймай, аксинча муваффақиятли юришини давом эттираётган истеъдодлар орасида Абдумалик Ҳалаковни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. У нафақат юртимизда, балки ҳорижда ҳам келажаги порлоқ боксчилар қаторида эътироф этилмоқда.

Биз ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпионати ғолиби, Олимпиада чемпиони, катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони ҳамда мазкур турнирнинг энг яхши боксчисига бериладиган Руфат Рисқиев кубоги соҳиби Абдумалик Ҳалаков билан суҳбат қурдик. 

- Абдумалик, келинг аввало қаерда ва қачон таваллуд топганингиз, шунингдек, илк мураббийингиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

- 2000 йил 9 апрелда Бухоро шаҳрида туғилганман. Биринчи мураббийим Ҳамид Раҳматов. Даврон Ғофуров қўл остида 6-7 йилдан буён шуғулланиб келмоқдаман.

- Янглишмасам, Республика Олимпия заҳиралари коллежини тамомлаган эдингиз-а?

- Албатта, ушбу даргоҳни битириб, айни кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт универститети 2-босқич талабасиман.

Малик2

- Сиз жуда тез суръатларда таниляпсиз, бу юлдузлик касалини юзага келтириши мумкин. Сизда бу учун вакцина борми?

- Албатта, кўплаб спортчилар айнан юлдузлик касалига чалиниб, оқибатда синиб қолишади. Шукрки, менда бундай бўлмаган ва бўлмайди ҳам... Чунки, эришаётганларимнинг барчасини Яратганнинг инояти, деб биламан.

- Ўсмирлар ўртасида ажойиб натижа қайд эта олдингиз. Сиздан аввал бундай муваффақиятга қайси ҳамюртимиз эришганидан хабарингиз борми, яна ҳам аниқроқ айтсак, кимнинг рекордини янгилаган эдингиз?

- Ҳа, биламан. Бектемир Мелиқўзиев ҳам шундай натижалар қайд этганди. 

- Айни вақтда - 57 кг вазн тоифасида ҳаракат қиляпсиз. Лекин айнан ўсиш ёшида эканлигингизни инобатга олсак, вазнингизни - 63 кгга кўтаришингиз эҳтимоли борми?

- Бу вазнда ҳаракат қилаётганимни сабаби, 60 кг ни олиб ташлагани бўлди. Аслида, доимий вазним 59-60 да юради. Шундай бўлса-да, барчаси организмга боғлиқ. Бу борада ишонч билан бир нима дейиш қийин. Агар вазним ошиб кетса, кўтаришим мумкин. Унга қадар ушбу вазнда фаолиятимни давом эттираман.

- Умуман олганда, гавда тузилишингиз 63 кгга тўғри келади, деб ўйлайсизми?

- Тўғриси, бунга унчалик аҳамият бермайман. Вазним 64 ёки ҳеч йўғи 62 кгга кўтарилса ҳам 63 кг вазнда тушавераман.

- Баъзи турнирларда гувоҳи бўлдикки, жанг мобайнида қўлларингизни тушириб, рақибни имкониятига паст баҳо бериб юборасиз... Айнан саноқли мағлубиятингиз шу туфайли юзага келгандек таассурот уйғотди. Балки бу одатни ҳам йўқотиш вақти келгандир?

- Қўлларимни тушириб ишлашимнинг сабаби, бу билан рақибимни ҳис қиламан. Бу одатимни йўқотиш қийин ва йўқотмайман ҳам. Чунки, айнан ушбу услубим билан рақибларимга қийинчилик туғдираман. Учралган икки мағлубиятимга келсак, белимда жароҳатим бор эди. У тузалиши билан мусобақага борганман ва бундан қаттиқ афсусланган эдим. Сабаби, формада эмасдим.

- Айнан Колумбиядаги турнирдаги мағлубиятингиз тушунарсиз бўлди. Ҳакамга жаҳл қилиб, жанг қилгингиз келмай қолганмиди?

- Биласизми, бу турнирдаги мағлубиятим сабабини юқорида таъкидлаб ўтдим. Қолаверса, жангнинг иккинчи раундида қўлимдан ҳам жароҳат олдим. Ишлашга ҳаракат қилаётганимда ҳакам жангни тўхтатаверди. Шу туфайли мағлуб бўлдим. Албатта, ўзимни оқламоқчи эмасман. Барчасига ўзим айбдорман. Мураббийларга ҳолатимни айтишим керак эди. Бунинг ўзига яраша ижобий томони ҳам бор. Яъни бу менга катта сабоқ ва тажриба бўлди.

- Ўзбекистон чемпионати финалида Сардор Музаффаров билан дуч келдингиз. Жанг мобайнида ғалаба қозонишингизни ҳис қилганмидингиз?

- Сардор ака жуда тажрибали ва тезкор боксчи. Муносабатларимиз ҳам жуда яхши. Аввал ҳам биргаликда спарринг ишлаган эдик. Шунинг учун, у билан қандай ишлашни билар эдим. Умуман олганда, тенг жанг бўлди. Кучли босим қилди. Лекин мен ўзимни ишимни қилиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлдим. Албатта, ғалаба қозондим, деб ўйлаб тургандим. Якунда, шундай ҳам бўлди.

Сардор

- Профессионал боксга қизиқишингиз қандай, кузатиб борасизми, кимларнинг жанг олиб бориш услублари ёқади?

- Тўғриси, қизиқишим у қадар юқори эмас. Мунтазам томоша ҳам қилмайман. Ломаченко ва ўзбекистонлик боксчиларга мухлислик қиламан ва улар иштирокидаги жангларни баъзан кузатаман. Ўзим бу йўналишга қандай кириб бораман, бу борада ҳам бир нима, дея олмайман. Ўйлайманки, профессионал боксда ҳам юришим ажойиб бўлади.

- Сизни хорижда ҳам умидли ва кучли боксчи сифатида эътироф этишмоқда. Яъни сизни яхши билишади. Балки ҳозирдан сизга промоутерлик компаниялари қизиқиш билдираётгандир?

- Жуда кўп промоутерлар ёзди. Уларга барчасини мураббийим Даврон Ғофуров ҳал қилишини айтдим. Чунки, менинг энг катта мақсадим катталар ўртасида Олимпиада чемпиони бўлишдир!

- Хельсинкидаги турнирда қозоғистонлик жаҳон чемпиони Қайрат Ералиевга имконият қолдирмадингиз. У ўша турнирдаги рақибларингиз орасида энг кучлиси эканми?

- Албатта, жуда нуфузли турнир эди. Финалда қозоғистонлик Ералиев билан куч синашдим. Тўғриси, ушбу турнирда руҳий ҳамда жисмонан ҳам умуман қийналмадим. Ҳамма Қайрат Ералиев ҳақида гапиришган эди. Лекин менда заррача қўрқув бўлгани йўқ. Доим шундайман. Ҳар қандай рақибга қарши ўз ишимни қилиб, ўзимнинг жанг сценарийимни ўтказиб, ютиб кетишга ҳаракат қиламан.

Абдумалик1
- Сизнинг вазн тоифангизда мамлакатимиздаги биринчи рақамли боксчи Миразизбек Мирзахалилов ҳисобланади. Сиз бу фикрга қўшиласизми ва яна кимларни сиз ва Миразизга рақобат қила олишга қодир, деб ўйлайсиз?

- Тўғри, Миразиз ака жуда чидамли ва кучли боксчи. Лекин Ўзбекистонда ҳар доим зўрдан зўр чиқаверади. Миразиз акани ҳам, ўзимни ҳам бу вазн тоифасининг ҳар доимги етакчисимиз, деб айта олмайман. Чунки, рақобат жуда кучли бўлади. Ўзбекистондаги турнирлар худди жаҳон чемпионати каби ўтади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳар бир вазн тоифасида 5-6 та тенг кучли рақобат кўрсата оладиганлар бўлади. Алоҳида бир-иккитасини таъкидлаб ўта олмайсиз.

- Мазмунли суҳбат учун ташаккур ва келгуси фаолиятингизда омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!

- Катта раҳмат!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
06/05/2020 10:20
Бу вазнда Абдулхай Шорахматов кучли эди. Профессионалга утди. Миразиз 63 кг га утса керак, шунда Абдумалик бу вазнда энг кучли булиб колади.