Ундан зўри бўлмади ёхуд тур қаҳрамонлари ҳақида
Суперлигада 4-тур учрашувлари якунланди. 7 та ўйинда турли натижалар кузатилди ва табиийки, ҳар бир баҳснинг ўзига яраша қаҳрамони ҳам аниқланди. Қуйида шу хусусида тўхталамиз.
“Динамо” – “Металлург” – 2:1. Энг яхши футболчи: Анвар Ҳожимирзаев
4-турни бошлаб берган “Динамо” – “Металлург” ўйинида самарқандликлар ниҳоят чемпионатдаги биринчи ғалабасини қўлга киритдилар. “Динамо”га бу йил қўшилган Анвар Ҳожимирзаев жамоага жуда яхши киришиб кетди ва деярли барча баҳсда ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. У “Металлург”га қарши ўйинда пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Умуман, “Динамо”нинг ғалабасида унинг ҳам ҳиссаси алоҳида бўлди.
ОКМК – “Бунёдкор” – 1:0. Энг яхши футболчи: Сарвар Каримов
Миржалол Қосимов жамоаси бу тўқнашувда кичик ҳисобда рақибидан устун келди. Яъни, олмалиқликларнинг ғалабаси учун биргина гол етарли бўлди. Бироқ ҳисоб бундан-да йирик бўлишига “Бунёдкор” дарвозабони Сарвар Каримов йўл қўймади. У бир нечта вазиятда жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ОКМК устози Миржалол Қосимов ҳам рақиб посбонини алоҳида эътироф этгани бежиз эмас.
“Қизилқум” – “Локомотив” – 0:0. Энг яхши футболчи: Анзур Исмоилов
Бир-бирига муносиб жамоалар тўқнашуви ўз номига яраша натижада ҳам акс этди ва унда ғолиб аниқлангани йўқ. Дарвозалар дахлсиз қолди. “Локомотив”нинг фахрий футболчиси Анзур Исмоилов эса энг яхши ўйинчи номига муносиб кўрилди. У рақиб ҳужумларини бартараф қилишда фаол бўлди.
“Андижон” – “Насаф” – 1:1. Энг яхши футболчи: Владимир Бубанья
Ҳозиргача Суперлигадаги энг жанговар ва қайноқ муҳитдаги ўйин сифатида эътироф этилаётган “Андижон”нинг “Насаф”га қарши учрашувида энг яхши футболчи “Бургутлар”нинг сербиялик легионери Владимир Бубанья бўлди. Мезбонларнинг сардори ва етакчиси майдонда чинакам жанг қилди ва табиийки, унинг жамоадошлари ҳам майдонда ҳақиқий жангчилардек ғалаба учун катта иштиёқ билан курашишди. Бубанья деярли бехато ўйнади ва етакчилигини кўрсатди.
“Пахтакор” – “Сўғдиёна” – 2:3. Энг яхши футболчи: Шохруҳ Абдураҳмонов
“Пахтакор” марказий стадионида амалдаги чемпион ҳали ғалаба қозонмаган “Сўғдиёна”ни қабул қилди. Ўйин қаҳрамони эса “Пахтакор” эмас, балки “Сўғдиёна” футболчиси Шохруҳ Абдураҳмонов бўлди. Чунки унинг голлари эвазига жамоаси дастлабки ғалабасини қўлга киритди ва унинг голлари “Пахтакор”ни мағлуб этди. Шохруҳ бу йилги чемпионатда дастлабки хет-трикка эришган ўйинчига айланди. Бу баҳсда ундан зўри бўлмади.
“Навбаҳор” – “Сурхон” – 2:2. Энг яхши футболчи: Беҳруз Шайдулов
Наманганда “Навбаҳор” клуби яна қимматли очколарни йўқотди. Сал қолса ютқазиб қўйиши ҳам мумкин эди. “Сурхон”га қарши учрашувда мезбонлар 0:2 ҳисобидан чиқиб кетдилар ва уни 2:2 га айлантиришди. Бироқ қолганига вақт етмади. Ўйин сценарийси мезбонлар учун бошқача тус олди. “Сурхон” футболчиси Беҳруз Шайдулов эса майдонда жонбозлик кўрсатди ва ҳар бир қарич ерда жиддий курашди. У бошқалардан ажралиб турди.
“Олимпик” – “Нефтчи” – 1:0. Энг яхши футболчи: Алишер Одилов
Ҳали мағлубиятга учрамаган “Нефтчи” ҳали ғалаба қозонмаган “Олимпик”га қарши майдонга тушди. Ўйинда битта гол урилди. 90+2-дақиқада “Олимпик” ҳужумчиси Алишер Одилов ҳимоячиларнинг хатосидан фойдаланиб ғалаба голи муаллифига айланди ва табиийки, учрашув қаҳрамонига ҳам сазовор бўлди. Унинг голи эвазига “Нефтчи” илк мағлубиятини, “Олимпик” эса илк ғалабасини қўлга киритди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар