Унинг учун биринчи давра

“Бунёдкор” клуби учун жорий мавсум омадли бошланиб, дастлабки икки турда олти очкони қўлга киритди. Жамоа таркибида эса иқтидорлар футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Бу борада гап кетганда чинакамига ёш иқтидор эгаси бўлмиш Жасур Жалолиддиновга алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Яқинда 18 ёшга тўладиган ярим ҳимоячи ўтган йили кўзга ташланишни бошлаганди. Қувонарлиси, у футболчи сифатида ўсишда давом этмоқда. Хорижликларнинг эътиборига тушмоқда. Чемпионатимизда янги мавсум эндигина старт олганига қарамасдан Жасур ўзини кўрсатишни бошлади. Масалан, иккинчи турда “Бунёдкор” “Машъал”ни қабул қилиб Жалолиддиновнинг киритган ягона голи эвазига ғалаба қозонди. Ёш футболчи эса бош мураббийининг кўрсатмасига амал қилган ҳолда гол урганини айтди.

- Вадим Абрамов бошчилигида бир йилдан бери ўйнаётган бўлсам, ҳар бир учрашувдан олдин менга тўпни чап оёғингга тўғрилаб, қаердан бўлса ҳам дарвоза томон зарба беришимни таъкидлаб келади. Лекин доим ҳам мураббийимизнинг бу кўрсатмасини бажара олмасдим. Шунинг эвазига бўлса керак, бу борада Вадим Карленовичдан дакки ҳам эшитгандим. “Машъал”га қарши баҳс олдидан ҳам Абрамов менга яна бир бор кўрсатма бериб, ўйин пайтида ҳеч нимани ўйламасдан тўпни чап оёғингга олиб, қаердан бўлса ҳам дарвоза томон тепавер деб кўрсатма берди. Айтмоқчиманки, “Машаъл” дарвозасига гол урганим бу фақат мураббийнинг кўрсатмаси билан боғлиқ эди. Албатта, гол уриш ҳамма вақт ёқимли ва бу футболчига бошқача хиссиётларни бағишлайди. Айни пайтда биз очколарни йўқотмаслик эмас, балки уларни қўлга киритиш учун ҳаракат қиляпмиз. Ўтган йили бир қатор учрашувларда очколарни йўқотганимиз эвазига мавсум охирига келганда очколар фарқи бўйича “Сўғдиёна” билан учинчи ўринга тақалиб қолгандик. Бу сафар эса ўзимиз учун керакли очколарни қўлга киритиб, мавсум охирига келганда ўзимизни қийин аҳволга тушириб қўймоқчи эмасмиз. Яъни, олдимизга қўйилган вазифани муддатидан олдин ҳал қилиб қўймоқчимиз, - деди Жалолиддинов.

жалолиддинов2

Балки “Бунёдкор”нинг “Машъал” устидан қозонган ғалабаси кўпчилик учун кутилган натижа бўлгандир. Бироқ ўйинни кўрганлар, майдон эгалари ғалабани осонликча қўлга киритмаганига амин бўладилар. Учрашув қаҳрамонига айланган Жасур Жалолиддинов ҳам “Машъал” ҳақида фикр билдирар экан, уларнинг “манзили” томон илиқ сўзларни билдирди.  

- Биласизми, “Машъал” жамоасининг ўз уйида “Сўғдиёна”ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратганини сенсация сифатида қабул қилмаган бўлардим. Мана, биз “Машъал” билан ўйнаб шунга амин бўлдикки, улар чиндан ҳам яхши жамоа экан. Бу кетишда муборакликлар ҳали кўп жамоаларга муаммолар туғдиришга қодир. Қолаверса, бу жамоадан доим иқтидорли ўйинчилар етишиб чиқишини ҳам биламиз. Уларнинг машғулот ўтказиш усуллари ҳам ўзгача. Айниқса, жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратишади. Ўйинлар пайтида кўп ҳам чарчашмайди. “Машъал” айнан шундай хусусияти билан ҳам барчамизга таниш бўлиб қолган. Бу рақибимизнинг мана шундай устунликлари ҳақида маълумотларга эга эдик. Аммо биз учрашув пайтида кўпроқ ўзимизнинг ўйинимизни йўлга қўйишга ҳаракат қилдик. Тезкор гол урганимиз эса бизга фойдали бўлди. Акс ҳолда янада қийналардик. Аксига олиб “Машъал” анча зич ўйнашга ва қарши ҳужумларда бизни “ушлаш”га ҳаракат қилди. Негадир гол урганимиздан кейин бироз бўшашдик. Бундан эса рақиб фойдаланмоқчи бўлиб, кўпроқ ҳужумлар уюштирди. Менимча, шу сабабли биз уларнинг ўйинига тушиб қолдик. Ҳайриятки, баҳс охирига қадар ҳисобни сақлаб қола олдик. Аммо кўрсатган ўйинимиздан мураббийимиз қониқмади. Айниқса, боя айтганимдек, уларнинг ўйинига тушиб қолганимиз мураббийимизга мутлақо ёқмади. Негадир ҳужумга ўтган пайтимизда ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. “Машъал” про-лигадан чиққан бўлса-да, яхши таассурот қолдиряпти. Одатда қуйи лигадан элитага йўл олган жамоа ўйинида қандайир муаммолар кўзга ташланади. Бироқ “Машъал” бундай кучсиз рақибга ўхшамаяпти.

жалолиддинов3

Энди Жалолиддинов билан боғлиқ бўлган асосий масалага ўтсак. Ёдингизда бўлса, у ўтган йилнинг декабрь ойида Италия “Б” серияси қатнашчиси “Беневенто” клубининг машғулотларида иштирок этиб қайтганди. Маълум бўлишича, италияликлар кейинчалик футболчимиз борасида якуний хулосасини билдиришлари керак эди. Аммо орадан шунча пайт ўтган бўлса-да, унинг “Беневенто”га яна қайтиши ёки қайтмаслиги ҳақида тайинли гап йўқ. Хўш, таклиф ҳали ҳам ўз кучидами ёки “Беневенто” варианти бекор бўлдими? Италияликларнинг беш кунлик машғулотида бўлиб қайтган Жалолиддинов мазкур масала ҳақида тўхталар экан, бироз бўлса-да, вазиятга ойдинлик кирита олди. 

- Ҳа, италияликлар билан гаплашиб турибмиз. Ҳозирда уларда мавсумнинг иккинчи давраси давом этяпти. Чемпионат тугаганидан кейин таркибдан кетадиган ўйинчилар бор ва янги келадиган футболчилар бўлади. Улар шунга қараб, ўз режаларидан келиб чиққан ҳолда бизга жавобини айтишади. “Беневенто” клубини ҳам тўғри тушуниш керак. Мен ҳали 18 ёшга тўлганим йўқ. Шу боис улар мен ҳақимда бирданига шошилинч жавоб айтишмаяпти. Улар мавсум якунига етган пайтда бизда биринчи давра тугайди. Менимча, шундан кейин ҳал бўлса керак. Аммо шуни ҳам айтмоқчиманки, мен фақатгина уларга боғланиб қолганим йўқ. Негаки, мен учун бошқа таклифлар ҳам бор. Яширмайман, ҳаётимда янги саҳифа очиш арафасида турибман. Бундай пайтда эса шошиб, қаергадир кетиш ниятим йўқ. Мен бундай пайтда яхшилаб ўйлашим ва маслаҳатлашим зарур. Фаолиятимда бурилиш қилиш арафасида турган пайтимда ҳаммасини обдон таҳлил қилишим ва кейинчалик ҳам фаолиятимга яхши таъсир қиладиган вариантини қабул қилишни хоҳлайман. Шу боис мен айни пайтда биргина Италияга боғланиб қолмадим. Мен ҳамма учун: жамоа, ўзим, мураббийим учун ҳам энг яхши бўлган таклифни қабул қилиб, кейин қарор чиқараман.

Ўйлаймизки, бу жавобдан сўнг Жалолиддиновнинг кейинги тақдири борасидаги қандайдир хулосаларга эга бўлдик. Кўринишидан футболчимиз эндиликда бошқа таклифлар устида ҳам бош қотираётганга ўхшамоқда. Бизни қизиқтиргани шундаки, Жасурга яна қайси клублардан қизиқишлар мавжуд? Шунингдек, у яқинда 18 ёшга ҳам тўлади. Демак, воқеалар ривожи тезлашиб кетиши ҳам мумкин.

- Тўғрисини айтсам, менга италияликларнинг таклифидан ҳам қулайроқ бўлган бошқа чорловлар бўляпти, - дея гапини давом эттирди, Жалолиддинов. - Менинг олдимда аниқ бўлган, дарҳол янги клубга ўтишим мумкин бўлган таклифлар ҳам бор. Шунингдек, мен билан аввал музокара ўтказадиган таклифлар ҳам бор. Масалан, трансфер нархим қанча, ўзи қанча хоҳлайди ёки клуби қанча миқдорда пул истайди, қабилидаги таклифлар ҳам бўляпти. Яширмайман, менга яхши жойлардан қизиқишлар борлигини биламан. Аммо энг катта масала менинг ҳали 18 ёшга тўлмаганим бўлиб турибди. Шунга қарамай, музокаралар бўлиб турибди, клубимизга алоқаган чиққан клублар бор. Менимча, 18 ёшга тўлганимдан сўнг ҳаммаси очиқ-ойдин ҳал бўлса керак. Бу ёшга тўлмагунимча мен билан қизиққан жамоалар ҳам ҳеч нима қила олишмайди. 15 майда 18 ёшга тўламан ва катта эҳтимол билан биринчи даврадан сўнг ҳаммаси ҳал бўлади деб ўйлайман. Лекин мени тўғри тушунасиз, қайси клублар қизиқаётгани ҳақида айта олмайман, чунки ҳозирча ҳеч нима ҳал бўлмаган. Бундай пайтда жамоалар номини айтишим эса нотўғри бўлади деб ўйлайман.

жалолиддинов

Шундай экан, Жасурнинг кейинги фаолияти тамомила ўзгариб кетиши ҳам мумкин ва навбатдаги манзил Италия эмас, балки бошқа мамлакат бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Айни пайтда эса ёш иқтидор эгаси хориж скаутларининг кузатувида бўлиб турибди. Маълумки, шу йили юртимизда ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Бу эса футболчилар учун ҳам ўзига хос реклама вазифасини ўтайди. Ўз навбатида терма жамоамиз етакчиларидан бўлган Жасур ушбу ҳолатга ҳам эътибор қаратди.

- Агар ҳар томонлама қулай таклиф бўлса биринчи даврадан кейин кетишим мумкин. Аммо мен ўйлаётган яна бошқа масала ҳам бор. Шу йилнинг октябрь ойида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати юртимизда ўтказилади. Ўша мусобақада қатнашиб, яхши натижа кўрсатиб, кейин кетиш ниятим ҳам бор. Мени айнан шу иккита нарса ўйлантириб турибди: биринчи даврадан кейин кетаманми ёки Осиё чемпионатини ўтказиб бўлгач, кетишим керакми? Мен шу ҳақида ўйлаяпман ва бир қарорга келишим керак. Шунингдек, бу менга билдирилаётган таклифларнинг қандайлигига ҳам боғлиқ. Тўғри, Осиё чемпионати бу ўзимизни ҳар томонлама кўрсатиш учун ҳам яхши имконият ва бундай паллада сизни янада кўпчилик кузатиш имкониятига эга бўлади. Мен ҳам шу ҳақида ўйлаяпман. Ҳар ҳолда халқаро майдонда ўйнасангиз бу катта реклама бўлади. Балки Осиё чемпионатидан кейин янада яхшироқ таклиф бўлиб қолиши мумкин. Айнан шу томонларини ўйлаган ҳолда кейинги тақдирим борасида иккиланиб турибман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)