
Усмон Тошев: "Ҳар хил мураббийлар ишлаб кетяпти, аммо натижа бўлмаяпти. Агар ютганида бошқача саволлар бўларди"
Хабарингиз бор, Усмон Тошев расман Тожикистон терма жамоасидан кетди. Лекин қўшниларимиз ҳамюртимизнинг қўли остида анча яхши таассурот қолдирдилар.
Эндиликда Тошев яна юртимизда фаолият олиб боради. Албатта, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг муваффақиятсизлиги Усмон Қудратовични ҳам ҳайрон қолдирди. У билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
- Тожикистон ўз гуруҳида Япониядан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Аммо бу учинчи босқичга чиқишига етарли бўлгани йўқ. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
- Биз кўрсатган натижа Тожикистонда биринчи марта бўляпти. Албатта, Японияни ютишга ҳали вақт бор. Мана шундай кучли рақибдан кейин иккинчи ўринни эгаллаганимиз яхши. Афсуски, учинчи босқичга чиқа олмадик. Барибир жамоамизда ўсиш бор. Терма жамоа ва клублар миқёсида ҳам ижобий ўзгаришлар бўляпти. Футболчиларни ёшартирдик ва уларни тайёрлаш системасини ҳам ўзгартирдик. Барибир футболчиларимизга бироз тажриба етишмади. Лекин Японияда Ўзбекистон термасининг ўйинини кўра олмадим.
- Терма жамоамиз биринчи марта иккинчи босқичда қолиб кетди. Бу барчамизни қаттиқ ранжитди. Сиз нима деган бўлардингиз?
- Бир нима айтиш учун ўйинни кўриш керак эди. Жамоа ичидаги нарсаларни билмайман. Албатта, 3:0 ҳисобидаги мағлубият бизнинг жамоа учун ёмон. Барибир Ўзбекистон ўзига яраша кучли. Бизда кўплаб яхши футболчилар бор. Лекин нима учун ютқазди, очиғи билмайман. Олдинги ўйинларда ғалаба қозонганди. Саудияни мағлуб этади деб ўйлагандим. Мен учун ҳам йирик мағлубият кутилмаган ҳол бўлди.
- Ўзбекистон терма жамоаси доим охирги босқичда охиригача курашиб келган. Балки жамоамиз кучсизланиб қолгандир ёки мураббийларнинг малакаси етмагандир...
- Бу саволга жавоб бериш учун мутахассислар бош мураббий билан ўтириб хулоса чиқариш керак. Ўйинлар ва тайёргарлик режалари бор эди. Ҳозир бир кишини танқид қилиб, бир кишини мақтаб бўлмайди. Ютқаздими, демак ҳамма ютқазди. Келаси сафар шунақа бўлмаслиги учун барибир жиддий хулоса чиқариш лозим. Ўйинларни таҳлил қилиш керак. Шу саволларга жавоб топиш керак. Ҳар хил гапларни айтиш ва ёмонлаш мумкин. Мураббий ёки футболчи хато қилиши мумкин. Яна қайтараман: хулоса чиқариш керак. Бунинг учун энди вақт бор.
- Саудия Арабистонига қарши танланган таркиб ва тактикада жиддий хатолар бўлганини ҳамма таъкидлаяпти. Фикрингизча, терма жамоамиз тўғри йўлдан адашиб кетганмиди?
- Қийин саволлар беряпсизки, буларга тайинли жавоб бера олмайман. Ўйинларни доимо назорат ва таҳлил қилиб бориш керак, мен бўлса, барча учрашувларини ҳам кўра олмадим. Лекин мураббий сифатида тушунаман, футболда ҳар хил ҳолатлар бор. Агар ютганимизда бошқача саволлар бўларди. Тушунаман, ҳамма ғазабланган, кайфияти йўқ. Ҳозир шундайки, ҳамма билан гаплашиш ва савол-жавоб қилиш лозим. Балки яна нимадир етишмагандир ёки бирор нима халақит бергандир. Буни жамоа ичида юрганлар яхшироқ билади. Бу саволингизга жавоб беришга қийналаман. Лекин бизнинг футболчиларимиз кучли. Лекин нима учун жавобсиз учта гол эвазига ютқазди? Ҳайрон қолдим.
- Терма жамоамиздан Купер кетиб, ўрнига Абрамов келгани билан ҳеч нима ўзгармади. Энди кўпчилик томонидан ўша пайтда Куперни истеъфога чиқариш хато бўлгани ҳақида айтишяпти. Бунга қандай қарайсиз?
- Албатта, алмашувлар шундай нарсаларга олиб келади. Вақт бериш керак, ишониш керак ва ёрдам бериш лозим. Ана шундан кейин барқарор иш бўлади. Алмаштирамиз ва ҳаммадан натижа кутамиз. Айтяпман-ку, хулоса чиқариш керак. Ҳар хил мураббийлар ишлаб кетяпти, аммо натижа бўлмаяпти. Нима учун? Балки мураббийлар ёки футболчилар айбдор эмасдир. Бу масалани ҳар томонлама ўйлаш керак.
- Чемпионатимиз савияси пасайган деб ўйлайсизми?
- Албатта, чемпионатнинг таъсири бор. Чемпионатимиз қанчалик кучли бўлса, футболчилар ҳам шунчалик яхши ўйнашади. Шу боис ўйлашимча, чемпионатнинг ҳам таъсири бор ва бу ҳақда ҳам ўйлаш керак. Аммо кўп футболчиларимиз четда ўйнашади-ку! Булар билан ҳам натижа кўрсата олмадилар. Айтяпман-ку, муваффақиятсизликни ҳар томонлама таҳлил қилиш даркор.
- Солиштириш учун айтиш керакки, сизнинг бошчилигингиздаги Тожикистон иккинчи босқичда яхши таассурот қолдирди. “Истиқлол” бўлса Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқди. “Пахтакор” билан АГМК эса гуруҳда қолиб кетишди. Тожик футболи бизникидан ўтиб кетяпти, деб айта оласизми?
- Албатта, солиштириб бўлмайди. Ўзбекистон билан Тожикистон футболининг фарқи бор. Тожикистонда терма жамоалар ва клублар футболи ўсиш жараёнида. Бу йил яхши натижалар бўляпти. Тожикистон футбол федерация раҳбарлари буни пасайтирмасдан яна ривожлантиришлари керак. Фақат тўғри йўлни танлаб, шу йўлдан бориш лозим. Ўзбекистон чемпионати ва жамоалари кучли. Шароитлар, майдонлар, базалари, машғулотлар, умуман, инфраструктура Ўзбекистонда яхши. Нима учун шундай ҳолатлар яхши томондан Ўзбекистон терма жамоасига таъсир кўрсатмаяпти? Мураббийлар ва футболчилар бор. Шароитлар яхши, нима учун натижа бўлмаяпти? Раҳбарият шуни устида ўйлайди, таҳлил қилади.
Фикрлар