Вадим Абрамов: "Бундай сифатли ва савияли футболчига доим таркибда жой топилади"
Суперлиганинг 4-турида "Динамо" клуби "Металлург"ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди. Ушбу беллашувдан кейин "Динамо" бош мураббийи Вадим Абрамов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Дастлабки таймда бироз режадагидек ўйнамадик. Шу боис, иккинчи бўлимда ўзгаришлар қилишга мажбур бўлдик. Рақиб сифатли ва яхши ўйин кўрсатадиган жамоа. Шундай жамоа билан яхши ўйин кўрсатганимиз ва якунда ғалаба қозонганимиз учун футболчиларга раҳмат.
"Металлург" анча савияли ва тартибли жамоа. Уларга қарши ўйин қийин кечишини билардик. Иккинчи таймда анча ҳаяжонландик, аммо уни енга олдик. Кетма-кет учта мағлубият футболчиларга руҳий томонлама бироз босим қилаётганди. Бу фикрни ўйин давомида ҳаёлларидан чиқариб ташлаш керак эди. Буни уддалай олишди ва бугунгидек қийин рақиб билан ўйинни олиб чиқиб кета олдик.
Кожо бугун кундузи етиб келганига қарамай ўйнаш истагини билдирди. Терма жамоадаги ўйинини якунлаб бугун таркибимизга келиб қўшилгани учун унга бироз дам беришни истагандик. Аммо, футболчи ўйнашни истади. Агар футболчида ўйнашга иштиёқ бўлса, албатта майдонга туширилади. Бугун Кожони айнан шунинг учун иккинчи тайм аввалида майдонга туширдик.
Ҳожимирзаев даражаси юқори футболчи. Шунинг учун асосий таркибда тушяпти. Бу каби савияли ва сифатли футболчиларга таркибда жой албатта доим топилади. Кожо ҳақида ҳам айнан шундай фикр билдириш мумкин. Булар рақобатлашяпти ва бундан жамоа доим манфаатда. Фарруҳ Икромовнинг позициясида айнан Ҳожимирзаев ва Кожо ўйнаяпти. Фарруҳ ҳам яхши футболчи. У ҳам улар билан рақобатлашяпти. Уни ҳам ҳали албатта, майдонга тушишга имкониятлари етарли", - деди Вадим Карленович.
Фикрлар