Вадим Абрамов: "Фаолиятимда ҳозиргидек таркиб муаммосига дуч келмаганман"

Суперлига 20-тури доирасидаги «Динамо» - «Олимпик» (1:1) учрашувидан кейин Вадим Абрамов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бу рақибга қарши ўйинда ўз режамиз бор эди ва йигитларга кўрсатмаларни бажаришгани учун миннатдорчилик билдираман. Афсуски, рақиблар деярли ҳар ўйинда дарвозамиз томон пенальти тепишмоқда, бугун ҳам шундай бўлди ва ғалабани қўлдан чиқардик. Ҳозирги вазиятда нима дейишни ҳам билмайман. Йигитлар ҳаракат қилишмоқда, имкон даражамизда ўйин намойиш этяпмиз.

Биринчи бўлиб ҳисобни очганимиздан кейин натижани сақлаб қололмаётганимиз ҳам таркибдаги муаммоларга тақалади. Чунки таркибда йўқотишлар ҳаддан зиёд кўп. Бу ҳақда гапирсам, баҳонадек кўриниши мумкин. Ўйиндан ҳаммаси кўриниб турибди, захирамиз ҳам айтарли катта эмас.

Дебютантлар? Ҳа, бугун жамоамизнинг ўринбосарлар сафида бўлган 4 нафар ёш ўйинчини асосий таркибга туширишга қарор қилдим ва улар ёмон ўйнашмади. Уларга имконият беришдан қўрқмайман. Бу ёш маҳаллий ўйинчилар - «Динамо»нинг келажаги. Ёшлар дастлабки ўйинда томошабинлар олдида ҳаяжонланишгандир, аммо кейинги баҳслардан ўз кучларига кўпроқ ишона бошлайдилар. Таркибимизда ҳали яна иқтидорли ёш ўйинчилар бор, бугун улардан бирини майдонга туширмадим. Эҳтимол кейинги ўйинларда уни ҳам асосий таркибда кўришингиз мумкин.

Мавсум якунига қадар ҳам таркибда ротация бўлади, чунки жароҳат олган ёки бетоб ўйинчиларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Фаолиятимда таркиб масаласида ҳеч қачон ҳозиргидек муаммога дуч келмаганман. Шунга қарамай, вазиятдан чиқиб кетишга уринамиз, - дейди Вадим Карленович ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.

“Динамо” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!