Вадим Абрамов: "Иккинчи бўлимда футбол ўйнаганимиз йўқ"

Про-лиганинг 10-тури доирасидаг «Ғиждувон» - «Динамо» (2:2) ўйинидан кейин бош мураббийи Вадим Абрамов ўз фикрларини билдирди.

- Ўйинни биринчи бўлимдаёқ тугатиб қўйишимиз мумкин эди. Афсуски, рақибларнинг унчалик хавфли бўлмаган биринчи ҳужуми гол бўлди. Аслида бундай ҳолатларда тўп дарвозага кирмаслиги керак эди. Яна 100 та шундай вазият бўлса ҳам голга айланмасди. Стандартдан кейин иккинчи голни ўтказиб юбордик ва барчаси тугади. Шундан кейин майдонда футбол эмас, футболга ўхшаш спорт тури ўйналиши бошланди. Иккинчи голни урганимиздан кейин эса бизга вақт етишмади. Бундай ўйинда бизга ғалаба қозонишга бермасликларини тушундим. Майдонда нималар бўлганини кўрдингиз. Ўша интервьюда бизнинг фақатгина ҳакамлар орқали ютаётганимизни айтишганидан кейин мана нималар бўлмоқда. Ҳакамликни назорат қиладиганлар бу ҳолатларни ўрганиб чиқишар.

- Бундай гаплар ҳакамларга руҳан таъсир ёки босим ўтказди, деб ҳисоблайсизми?

- Албатта. Мана шунақа гапларни чиқаришди, энди бунақа ҳакамлик... Бундай ҳолат билан биринчи марта тўқнаш келяпман. Шунчаки, ҳакамлар бизга футбол ўйнашимизга йўл қўйишмади. 

- Таркиб бўйича Григалашвили ва Бойдуллаевнинг қайдномада йўқлиги нима билан боғлиқ?

- Бу ўйинга таъсир қилгани йўқ. Режа қилган ишларимизни майдонда кўрсатишга ҳаракат қилдик. Эҳтимол, барчаси ҳам ўхшамагандир. Шунчаки ҳолат шундай кўриниш олди.

- «Ғиждувон» сизни ҳайрон қолдира олдими?

- Жудаям. Жуда кўп ҳайрон қолдирди. Майдонда кўплаб футболчилари жароҳат олди. Иккинчи бўлимда футбол ўйнаганимиз йўқ, вақт ўтиб кетди. Ажойиб, уларни табриклайман, - дейди Вадим Абрамов матбуот анжуманида.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!