Вадим Абрамов: "Жалолиддиновнинг "Андижон"га ўтишини яхши деб ҳисобламайман. Эҳтимол, адашаётгандирман"

Жалолиддиновнинг “Андижон” билан шартнома имзолагани ортидан унинг бу қарорини кўпчилик турлича таҳлил қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Вадим Абрамов ҳам унинг бундай қарорини кутмаган.

“Бунёдкор”да Жалолиддинов ушбу мураббийнинг қўл остида тўп сурган. Шу боис, Вадим Карленович унинг имкониятларини яхши билади. Sports.uz мухбири Абрамов билан боғланиб, Жасурнинг “Андижон”га кўчиб ўтганини муҳокама қилди.

- Вадим Карленович, Жасур Жалолиддиновнинг “Андижон”га ўтгани кутилмаган янгилик бўлди. Буни ҳеч ким кутмаганди. Бу масалада муносабатингизни билмоқчиман.

- Жалолиддиновнинг “Андижон”га кўчиб ўтишини яхши, деб ҳисобламайман. Эҳтимол, мен бу гап билан хато қилаётган бўлишим ҳам мумкин. Чунки унга Европадан таклифлар борлиги ҳақида гап-сўзлар юрганди. Аммо у бундай йўл тутмай, ортга қайтишни истади. Жалолиддиновнинг режалари қандайлигини билмайман ва буни муҳокама қилишим тўғри бўлмаса керак. Менга маълумки, Жасурда Европага йўл олиш имконияти ҳам йўқ эмасди. Бинобарин, Туркияга. Балки мен хато қилаётгандирман. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам, унинг қайтиб келганини тўғри қарор, деб баҳоламаган бўлардим. Агар Жасур Жалолиддинов Европада маълум вақт тўп сурганида, ўзи учун жуда яхши бўларди.

- Сир бўлмаса, унга Европанинг қайси чемпионатларидан таклифлар бор эди?

- Адашмасам, унга Испания ва Туркиядан таклифлар бўлган. Бундан ташқари, Германиянинг иккинчи бундеслигасидан ҳам чорлов борлиги ҳақида эшитгандим. Эҳтимол, бу масалада қандайдир хатоларга йўл қўйган бўлишим мумкин. Яхшиси, қайси клублардан таклифлар бўлгани ҳақида унинг ўзидан сўраганингиз маъқул. У эса ҳамма учун кутилмаган бир қарорга келиб, “Андижон”ни танлади. У уч ойдан сўнг, трансфер ойнаси очилса Туркияга йўл олса керак.

- “Локомотив” билан шартномаси бекор бўлганидан кейин ҳам “Бунёдкор” билан шуғулланиб юрди. Агар легионерга айланмаса, “Бунёдкор”да қолиши ҳам мумкинмиди?

- Биласизми, аввалига унинг “Локомотив”га қайтиб келиши ҳақидаги вариант ҳам йўқ эмасди. Чунки “Локомотив”дагилар Жалолиддиновни биздан сотиб олишганди. Унинг агенти мижозини олиб кетиш учун пул ҳам тўлаган ва бу бизни қаноатлантирган эди. Агар аввал бошидан ўзаро келишганимиздами, у “Локомотив”дан маош олган тақдирда “Бунёдкор”да ижара асосида тўп суриши ҳам мумкин бўларди. Аввалдан шундай режа ҳам бор эди. Кейин эса Жасурнинг атрофида турли гап-сўзлар кўпайишга тушиб, у “Локомотив”га кўчиб ўтиб, нотўғри иш қилди, қабилидаги фикрлар авж олди. Устига-устак Туркия варианти ҳам йўқ эмасди. Иш шу даражага етиб келдики, Жалолиддинов бизга ижарага қайтиши мумкин бўлган маҳалда трансфер ойнаси ёпилиб қолди. Шу тариқа, футболчимиз “Локомотив”да қолиб кетди. Унинг ёшида бундай клубнинг таркибидан жой олиш мушкул бўлиши олдиндан маълум эди. Чунки “Локомотив”нинг олдига Европа Чемпионлар лигасида тўп суриш имконини берувчи йўлланмаларидан бирига эга чиқиш вазифаси қўйилганди. Боз устига жамоа таркибида ундан ёши анча катта бўлган футболчилар тўп суришади. Шунинг эвазига Жасурга ўта қийин бўлиши олдиндан маълум эди. Бу ҳам камлик қилганидек, вакилимиз ўйин амалиётига эга бўлмасдан туриб уни “Тамбов”га ижарага бериб юбордилар. Билсангиз керак, “Тамбов” премьер-лигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб бормоқда. Ўйин амалиёти бўлмаган ҳолда ижара асосида бўлса ҳам бошқа клубда тўп суриб кетиш осон бўлмайди. Худди шу пайтга келиб Жасур Жалолиддиновнинг атрофидаги гап-сўзлар авжига чиқиб кетди. Шу тариқа, футболчи бизга қайтиб келди. Агар дастлабки ҳолатда трансфер ойнаси ёпилмасдан олдин Жасурга “Бунёдкор”га қайтиб келганида ҳаммаси бутунлай бошқача кўриниш олган бўларди.

- Жасур агенти Юрий Белоус билан ҳамкорликни тўхтатмоқчилиги ҳақида эшитдим. Унга қандай маслаҳат берасиз?

- Жасурга агенти билан алоқани узишни маслаҳат бермайман. Чунки у ҳам мижози билан мана шундай ҳолат юзага келиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди. Яна юқоридаги гапимни такрорлайман: Жалолиддинов трансфер ойнаси ёпилмасидан бизга қайтганида ҳозир ҳаммаси бошқача бўларди. У “Бунёдкор”да ўйнаган ҳолда маҳоратини ошириши керак эди. Нима бўлган тақдирда ҳам бўлар иш бўлиб ўтди. Бу энди унинг қарори. Жасур энди анча улғайган йигит. Ўйинчилик фаолияти борасида ҳам қарорларни мустақил қабул қилиши жоиз. Ўйлашимча, у мана шундай йўл тутяпти.

- Футболчи “Андижон”да ўсиши мумкинми? Бу борада нима дея оласиз?

- Мен унинг “Андижон”да қандай ўйнаб кетиши мумкинлигини ҳозир тасаввур қила олмаяпман. Буни “Андижон” клубининг мураббийи мендан кўра яхшироқ билса керак. Жалолиддиновнинг “Андижон”да ўйнаш-ўйнамаслигини ҳам айнан жамоа бош мураббийи ҳал қилади ва бундай саволни унга беришингиз тўғрироқ бўларди.

- Шунингдек, “Бунёдкор”га Шуҳрат Мақсудов бош мураббий этиб тайинланди. Клуб олдига жиддий мақсад қўйилди...

- Шуҳрат Мақсудов мен билан узоқ вақт бирга ишлади. У терма жамоада ҳам, клубда ҳам меҳнат қилди. Шуҳратнинг “Бунёдкор”да бинойидек ишлаб кетишига шубҳа қилмайман. Чунки у “Бунёдкор”да янги одам эмас. Футболчиларни жуда яхши билади. Шу ҳолат ҳам янги ролдаги ишида Шуҳрат Мақсудовга қўл келиши аниқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
TV TV
07/03/2021 00:05
Уша агентга муйловинга бит тушсин сен рупара килгансан Вадимжон. Пулни олиб мазза килдинг ва чеккага чикиб олдинг. Аслида у агент Россиядаги энг колок агентлардан бири хисобланаркан. Уни уйинчиларини ва узини хеч ким бир тийинга олмасакан. Хуллас Жасурни сен улдирдинг куйдинг Вадим муйлов.