Вадим Абрамов: "Сиз ҳам шу маълумотни ўқигач, Абрамовда лицензия йўқ экан, деб ҳисоблаяпсизми?"

“Динамо” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан боғлиқ охирги воқеалардан хабарингиз бўлса керак.

Куни кеча ПФЛда мураббийлар йиғилиши ўтказилди ва уни Абрамов бошқаларга нисбатан барвақт тарк этди. Яна шу мавзуни қайтармоқчи эмасмиз, чунки олдинга мақолаларимизда бу тўғрисида тўхталдик.

Бугун ПФЛ “Динамо” ва Абрамовга доир хабар чиқарди. Бу мураббийнинг лицензияси билан боғлиқ. 20-тургача самарқандликлар устозининг янгиланган лицензияси тақдим этилмаса 20-турдан бошлаб техник зонага киритилмаслиги ёзилган. Шундан келиб чиққан ҳолда Вадим Карленович билан боғландик. Ўз навбатида мураббий Sports.uz учун фикрларини билдириб ўтди.

- Бугун ПФЛда шундай маълумотни кўрдик. Унда ёзилишича, “Динамо” клубига 20-тургача Вадим Абрамовнинг янгиланган лицензиясини тақдим этиш учун вақт берилгани, акс ҳолда учрашув чоғида техник зонага киритилмаслиги айтилган. Бунга муносабатингиз қандай?

- Про лицензияси ҳақида гапириб одамларни чалғитмоқчи эмасман. Бу гапни улар қаердан олишган экан билмайману, менда профессионал лицензия бор! Шунчаки, 3 ёки 4 йилдами, лицензия яроқли эканлиги борасида қандайдир курсларда ўтиши керак бўларкан. Мана шундай курсни ўтаган чоғимда терма жамоада мураббий эдим. Қандай сабабга кўра шу маълумотни тарқатишди, ҳайронман. Чунки рўйхатда бор эдим. Яна такрорлайман: менда про лицензия бор ва буни уларга кўрсатиб қўйишим керакка ўхшайди. Уларга қандайдир можаролар керак, назаримда.

абрамов2_1

- Демак, ўзи ҳаммаси жойида шундайми?

- Ҳа, албатта! Боя айтганимдек, ўша мутасаддиларга эътибор тортиш учун қандайдир можаролар керак шекилли...Яхшиси, улар футболда қилишлари керак бўлган иш билан шуғуллансинлар! Можаро кимга ҳам ёқарди?! Нима, сиз ҳам шу маълумотни ўқигач, Абрамовда лицензия йўқ экан, деб ҳисоблаяпсизми? Асло бундай эмас! Бундай иддаоларни эшитиш қаттиқ кулгули.

- “Динамо” раҳбарлари билан шу масалада орангизда муаммо йўқми?

- Албатта, йўқ!

абрамов1_2

- Мавсум охирлаб боряпти. Аммо жамоангиз қўл остингиздаги 5 ўйиндан 4 тасида мағлуб бўлди. Сизнингча, “Динамо”га нима етимшаяпти? Бу аҳволда ҳаммаси клуб учун аянчли тугаши турган гап. Охирги ўринда бораётган жамоада кучлилар сафида қолиш учун имконият борми?

- Яширмайман, имконият фақат назарий жиҳатдан қолган холос. Қолаверса, ҳаммаси фақат бизгагина боғлиқ эмас. Бу борада гаплашсак, суҳбатимиз анча давом этади. Шу хусусида қандай гап айтмай, бу худди ўзимизни оқлаётгандек қабул қилиниши турган гап. Шу сабаб келинг, бу мавзуда сўз юритмай қўя қолайлик. Қолаверса, мазкур масалада кимларнидир қоралаб, айбни уларга ағдариш ниятида эмасман. Вазият қандайлигини ҳамма – йигитларимизнинг ўзлари ҳам кўриб туришибди. Улар фикрни бир жойга жамлаб ўта мураккаб вазиятдан чиқиб кетишмоқчи.

- “Динамо”га келганингиздан афсусланяпсизми?

- Бу борада ҳа ёки йўқ демоқчи эмасман. Аввал мавсумни ниҳоясига етказиб олайликчи, кейин шу хусусида гаплашиш мумкин бўлади.

абрамов3_1

- Табиийки, раҳбарият сизлардан мавсум якунида яхши натижа кутяпти, шундайми? Айтмоқчиманки, раҳбариятнинг бугунги вазиятга бўлган муносабати қай аҳволда?

- Ўйлайманки, ақли расо ҳар қандай инсон “Динамо”нинг қандай аҳволда эканлигини кўриб турган ҳолда ўзи учун керакли хулосани чиқариб олади. Шундай экан, нима дейишим мумкин? Раҳбарларимиз барчасини кўриб туришибди. Якун қандай бўлишини вазият ойдинлаштириб беради.

- Охирги савол: барча яхши биладики, “Динамо”нинг бугунги таркибини сиз йиғмагансиз. Айтинг-чи, таркибдаги футболчилар ўйин фалсафангиз ва бу борадаги қарашларингизга мос тушяптими ёки улар кучсиз ижрочиларми?

- Биз бир жамоамиз. Шу боис бугунги вазият учун бир-биримизни айбдор сифатида кўрсатиш умуман тўғри бўлмайди. Нима бўлган тақдирда ҳам ишлашимиз, қўйилган вазифан бажаришга уриниб кўришимиз шарт. Тўғри, вазият чиндан ҳам мураккаб ва ундан чиқиб кетиш осон бўлмайди. Боз устига ўйинчиларга тайёргарлик кўриш учун вақт етишмаяпти. Лекин шу орада юзага келадиган қисқа танаффусдан иложи борича унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қиламиз. Жамоа охиригача курашади. Сизга фақат шуни айта оламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Farhod Ziyayev
21/09/2022 21:06
Динамода хам тотализаторчи уйинчилар борми дейман. Бир текшириб куриш керак.