Вадим Абрамов тўпурар легионери ҳақида: "У Қирғизистон фуқаролигини олади ва шу юрт термасида тўп суради"

Про лигада 3 та турдан кейин 3 та ғалаба қозонган “Динамо” якка  пешқадамликни ўз қўлига олди. Ҳозирча энг яхши натижа айнан Вадим Абрамов жамоасига тегишли бўлиб турибди.

Клубнинг ганалик янги ҳужумчи Жоел Кожо эса 3 та учрашувда 5 та гол уришга улгурди. “Динамо” бош мураббийи Вадим Абрамов эса шу ва яна айрим масалаларга муносабат билдирди.

Чемпионатнинг муваффақиятли старти тўғрисида

- Дабдурустдан бир нарса дейиш қийин. Ахир энди 3 та тур ўйини ўтди, холос. Аммо шу нарса аниқки, ҳеч кимга осон бўлмайди. Чунки олдинда ҳали тур ўйинлари жуда кўп. Шу сабабли ҳозирданоқ бир нарса дейишга эрта. Дастлабки хулосани чиқариш учун яна камида 5 та турни ўтказиш керак бўлади. Олдинда қийинчиликлар юз бермасдан қолмайди. Тақвимга қарасам, анча чўзиладиган танаффуслар бор. 20 та турни ўтказиш осон эмас. Чемпионат ўйинлари анча чўзилади. Ишни бир неча ойга мўлжаллаб олиб бориш керак. Қолаверса, Кубок доирасидаги учрашувлар ҳам борлигини унутмаслик даркор.

Илк бор про лигада ишлаётган Абрамовга кутган ва кутмаган жиҳатлари кўриняптими?

- Бу ҳам бироз ўйлантирадиган савол. Менимча, асосий фарқ майдонларда бўлса керак. Масалан, Наманганда бизга талабга жавоб берадиган майдонни беришмади. Асосан ташкилий масалаларда муаммолар кўзга ташланади. Ўзаро фарқни изоҳлашим қийин. Қолаверса, ҳали про лигада мавсум бошланганига кўп бўлгани йўқ. Биласиз, ҳозирча Муборак билан Наманганда ўйинларни ўтказдик.

абрамов

3 та ўйинда 5 та гол урган Жоел Кожо тўғрисида

- Жоел Кожони таклиф қилмасимиздан олдиноқ уни билардик. “Бунёдкор”да ишлаган кезларимда ҳам бу ўйинчи ҳақида етарли маълумотларга эга эдим. Аниқ эсимда йўқ, аммо менимча, у Қирғизистон чемпионатида 50 ёки 60 та гол урган. Билишимча, у Қирғизистон фуқаролигини олади ва шу юрт терма жамоасида тўп суради.

Жамоанинг селекцияси кўнгилдагидекми ёки...

- Нима десам экан...Селекция яхши ёки кўнгилдагидек олиб борилмагани хусусидаги хулосани фақат мавсум охирига борганда бериш мумкин бўлади. 3 та ўйин – бу кўрсаткич эмас. Чунки таркибда қониқарли ўйнаётган ва ҳали ўйини очилиб кетмаган йигитлар ҳам бор. Барчасини мавсум кўрсатиб беради. Яна қайтараман: ҳозир бу тўғрисида гапиришга эрта.

аб

Суперлига хусусида

- Албатта, Суперлигани кузатиб боряпман. Бироқ у ерда ҳам ўйинлар яқинда бошланди. Кишини ажаблантираётган ва ҳайратга солаётган жиҳатлар ҳам йўқ эмас, албатта. Масалан, “Пахтакор”нинг чемпионатни омадсиз бошлаши мумкинлигини ҳеч ким кутмаганди. Шунингдек, жадвалда юқори ўринларда бораётган бир қанча клублар ўзгача таассурот уйғотмасдан қолмаяпти. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади. Негаки, чемпионат бошидан бир тўхтамга келиш бу умуман тўғри иш эмас.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!