Вақтида қилинган "ўғрилик", тўпсизлар ғалабаси, бир-биридан ўтган айёр мураббийлар - "Реал" - "Сити" ўйини ҳақида
Европа Чемпионлар лигаси, ярим финал, илк тўқнашув. Ҳа, кутилган сценарий остида бошланган ўйин. Доимгидек "Сити"дан майдонда активлик гувоҳи бўлдик, "Реал" эса ҳимояланди ва қарши ҳужумларга таяниб бир таймни ўтказди. Хуллас, учрашув аввали мутахассис ва мухлисларнинг тахминларига мос бўлди, аммо...
Биринчи бўлим ҳақида
Биринчи таймда "Сити" тўп назоратида яққол фарқ билан устунлик қилди - 68:32. Зарбалар сони 6 та, аниқлари эса 4 та. "Реал" эса 1 та зарба билан 1 та гол уриб кетди. "Қаймоқранглилар"нинг xG кўрсаткичи 0.6ни ташкил этди. Бу дегани Анчелотти шогирдлари деярли хавфли ҳужум ташкил қилмасдан гол уришнинг уддасидан чиқди. Мана буни максимал реализация ва минимал футболнинг ғалабаси, деса бўлади. Тўғри, "Сити"нинг ҳужумлари бартараф этилишида Куртуа ва мудофаанинг ҳам ҳиссаси катта. Бироқ тактика футболчиларга йўналиш беради. "Реал" ўз дарвозабонига ишонадики, кўрқмасдан шундай ўйнай олади. Биринчи тайм учун Мадрид клубига 5 баҳо қўяман. Самарадорлик учун.
Иккинчи бўлим ҳақида
Пойгалардан чарчаган Гвардиола ғалаба фақат тинимсиз ҳужумлар орқали бўлмаслигини тушуниб етди. Аслида, бунга анча бўлган. "Бавария"га қарши Мюнхендаги ўйинда ҳимояланишни қойилмақом уддалаган "шаҳарликлар" "Реал"га қарши иккинчи бўлимда ҳам ўша режимни ёқди. Гвардиолада ҳозир шу қадар зўр таркиб борки, ундан исталган шакл-шамойилни ясаса бўлади. Хоҳласа ҳужумкор, ҳимоявий, қарши ҳужумларга таяниб ўйнайдиган, хуллас, Гвардиола қўл остидаги армия жорий мавсумда анча мобиллашди. Вазиятга мослашиб ўйнашни ўрганди. Иккинчи бўлимда тўп устунлиги "Реал" томонда бўлди - 57:43. Қуйида статистикани диққат билан кузатинг ва Пепнинг оқилона қарорига қарсак чалиб қўйинг:
Онда-сонда ташкил қилинган ҳужумлар у қадар хавф туғирмаган бўлса-да, ижрочиларнинг маҳорати билан барибир гол уриб кетишнинг иложи бор эди. Шундай бўлди ҳам. Бугунги баҳсда Пеп Де Брюйне аталмиш "қуроли"дан максимал фойдаланди. Худди "Реал" Винининг техник имкониятларига таяниб ўйнагани каби. Аслида, Анчелотти ва "Реал" испаниялик мутахассиснинг иккинчи бўлимда қилган ишини ҳар доим катта ўйинларда бажариб келган. Тики-такани дунё бўйлаб ёйган ва кўпчиликнинг илҳомига сабаб бўлган мураббий натижа учун бир сафар ўз репертуаридан чекинса, айбга буюрмайсиз. Манчестерликлар иккинчи бўлимда кучсиз эмасди, шунчаки, биринчи бўлимдагидан ақллироқ эди.
Ўзгаришлар нега бўлмади?
Айтганимиздек, Гвардиола иккинчи бўлимда минимализмни афзал кўрди. Захирадан Фоден ва Маҳрезнинг тушишини, Грилиш Бернарду ёки Гюндоганнинг захирага олинишини кўпчилик кутганди. Нега ўзгаришлар бўлмади? Қарор вазиятга юз фоиз мос. Ҳимояга урғу бераётган "Сити"га ортиқча ҳужумкорлик керак эмасди. Грилиш ва Бернардунинг вингерлик хусусиятларидан ҳам кўпроқ ярим ҳимоядаги салоҳияти юқорироқ. Улар керакли паллаларда "стоппер"лик ҳам қила олади. "Реал" ҳужумга бор кучи билан ўтаётган бир паллада Гюндоган, Бернарду, Грилиш, Родри ва Стоунс майдон марказида балансни ушлаб берди ва кўп ҳолларда ҳимоячиларга ҳам иш қолдирмади. Аниқроғи, қанот ҳимоячиларидан воз кечган "Сити" учун бу футболчилар керак паллада ўша позицияда ўйнаб бера олди. Фоден ҳамда Грилиш барибир "ҳарорат" футболчилар. Улар тушиши билан олдинга ташланади. Майдонда бажарувчи вазифалари кўпроқ ҳужумкорликка қаратилган. Ушбу ҳолатда Гвардиоланинг қарорини тўғри тушундим, оқладим ва қойил қолдим. Иккинчи беллашувда уларга имконият берилиши мумкин. Қайсики, "Сити"га гол сув ва ҳаводек зарур бўлган пайтда. Альваресга келсак, у барибир даража жиҳатдан Холанддан пастроқ. Эрлинг қайсидир паллада барибир вазиятини топиб, гол уриб кета олади. Уни захирага олишни тўғри қарор демаган бўлардим. Хулианни асосий таркибда майдонга ташлаш "Сити" учун охирги чора, лекин Мадридда, ҳисоб кўнгилдагидек бўлиб турган вақтда ортиқча рискга на ҳожат.
Хулоса
"Сити" биринчи ўйин учун миссиясини уддалади. Улар "Этихад"да кичик устунликка эга бўлади ва ўйин фаворити мақомини ҳамон сақлаб қолди. Тўғри, "Реал" бунақа кичик устунликларни ва ҳар қандай тахминларни парчалаб ташлашга қодир жамоа. Шундай бўлса-да, ўйин тақдири бугун ҳал бўлмагани кишини хурсанд қилади. Тинимсиз ҳужумлар қилаётган "шаҳарликлар" Винининг голидан кейин кичик муддат "афтершок" ҳолатида бўлди. Шу ҳолатдан Пеп жамоани беталофат олиб чиқиб кетди, дея оламан. Бўлмаса, биз "Реал"нинг анчагина ишончли ғалабасини ҳам кўришимиз эҳтимоли бор эди.
Худайқулов Карим мақоласи
Фикрлар