Вақтида қилинмаган муолажа ўз сўзини айтмоқда! "Реал"га энди ҳимоячи керак
Ла Лиганинг 12-турида "Реал" "Осасуна"ни ўз майдонида қабул қилди ва йирик 4:0 ҳисобида зафар қучди. Кетма-кет катта мағлубиятлардан кейин бу жамоа мухлислари учун яхши совға бўлди. Аммо битта учрашувнинг ўзида "қаймоқранглилар" бир нечта ўйинчисидан айрилди.
Дастлаб, 20-дақиқада Родриго мушакларидан жароҳат олганлиги учун майдонни тарк этди. У деярли бир ой жамоасига ёрдам бера олмайди.
Орадан кўп ўтмай яна бир катта йўқотиш. Учрашувдаги биринчи жароҳатга ҳали кўникмаган мухлислар Милитаонинг майдонда ётишига гувоҳ бўлишди. Вазият тахмин қилинганидан ҳам жиддийроқ, ҳимоячи камида 9 ой футбол ўйнай олмайди. Унинг иккинчи марта хочсимон пайлари йиртилиб кетди. Қўшимчасига Васкес ҳам 3 ҳафтага сафдан чиқди. Бу эса ўз навбатида клуб учун янги муаммоларни келтириб чиқаради. Айни пайтда лазаретдаги фулбеклар: Алаба, Карвахаль, Васкес ва Милитао. Марказий ҳимоячилардан фақатгина Рюдигер, Валехо ва Рауль жароҳат олмаган.
"Реал" сўнгги марта қачон ҳимояга катта пуллар сарфлагани эсингиздами? Бу воқеа содир бўлганига 5 йилдан ошмоқда. Мадрид клуби охирги марта 2019 йилда Милитао ("Порту"дан 50 миллион еврога) ва Менди ("Лион"дан 48 миллион еврога) трансферларини амалга оширди. Шундан кейин жамоани Рамос, Варан, Марсело каби муҳим футболчилар тарк этди. "Қаймоқранглилар" эса эркин агентлар, яъни Алаба ва Рюдигер каби ўйинчиларни ўз таркибига қўшиб олди. Бу мудофаа билан жамоа "ёмон бўлгани" йўқ. Аммо ўтган мавсум клуб сўнггида қийин вазиятда ёрдамга келадиган Начо билан хайрлашди. Унинг ўрнига футболчи олинмади. Энди эса раҳбарият трансферлар ойнасида айнан ҳимоячи сотиб олишга ҳаракат қилиши керак бўлади.
Сўнгги кунларда чиқаётган Рамос ва Ляпорт ҳақида миш-мишлар ёлғон, дея хабар бермоқда "Marca" инсайдери Хосе Феликс Диас. Унинг сўзларига кўра, испаниялик футболчи учун "Ан-Наср" 30 миллион евро сўрамоқда. Бу эса "Реал"ни фикридан қайтариш учун етарли. Серхионинг қайтиш имконияти жуда паст.
Жамоа жиддий қизиқиш билдираётган ҳимоячи бу "Лейпциг" аъзоси Лукеба. 21 ёшли француз 2 мавсумдан бери Бундеслигада тўп тепиб келади. Бундан олдин эса у "Лион"да ҳаракат қилган. Мадрид томони дуч келиши мумкин бўлган яна бир муаммо бу қишда катта трансферларни амалга ошириш қийинлигида. Айниқса, ўз амбициялига эга бўлган "Лейпциг"дан талантли ёш футболчини сотиб олиш осон бўлмайди.
Фикрлар