Василий Ломаченко ва Теофимо Лопеc жанги ғолиби 4 та камарни қўлга киритса-да, мутлоқ чемпион бўлмайди. Нима учун?
Енгил вазн тоифасининг энг кучли вакиллари Василий Ломаченко ва Теофимо Лопес жангида 4 та нуфузли WBC “Франсчисе”, WBА, WBО Супер ва IBF чемпионлик камари тикилган бўлса-да, ушбу тўқнашув мутлақ жаҳон чемпионлиги унвонини бермайди. Биз бунинг сабаби ва мазкур вазндаги ҳолатни тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.
Маълумки, сўнгги вақтларда професcионал боксда турли мавқега эга бўлган чемпионлик камарлари таъсис этилмоқда. Шу билан биргаликда ушбу камарлар кўплаб тушунмовчиликларни ҳам келтириб чиқараётганлиги сир эмас. Шулардан бири айнан Ломаченкога тегишли WBC “Франсчисе” камари ҳисобланади. Деярли 1 йил аввал украиналик Ломаченко (14-1, 10 КО) Лондоннинг “О2” аренасида Люк Кэмпбеллни (20-3, 16 КО) очколар ҳисобида мағлубиятга учратиб, вакант бўлган WBC жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритганди. Кейинчалик эса, WBC ташкилоти Ломаченкога “Франсчисе” яъни дахлсиз чампион мақомини беради ва унга ҳеч қачон мажбурий ҳимояни амалга оширмаслик имтиёзини тақдим этади.
Бу камар ушбу йўналишда энг нуфузли бўлса-да, шунчаки имтиёзли камарга айланди ҳамда ҳақиқий жаҳон чемпионлиги камари вакант қўйилди. Вакант камар эса, ўз ўзидан ўша вақтда муваққат чемпион ҳисобланган Девин Хейнига ўтади ва ҳозирда WBC жаҳон чемпионлиги камари айнан Хейнига тегишли бўлиб турибди. Демак, маълум бўладики, Ломаченко ва Теофимо Лопес жанги ғолиби амалда 4 та энг нуфузли камар эгасига айланса-да, қоида бўйича ҳақиқий 3 та жаҳон чемпионлиги камари ва битта имтиёзли WBC “Франсчисе” камар соҳибига айланади. Бу эса, мутлақ жаҳон чемпиони бўлиш учун етарли бўлмайди. Мутлақ жаҳон чемпиони бўлиши учун эса, ушбу жанг ғолиби WBC йўналишидаги жаҳон чемпиони Девин Хейнидаги камарни ҳам бирлаштириши зарур.
Фикрлар