Велоспорт: Осиё кубогида вакилларимиз олтин ва бронза медалини қўлга киритди
Шу кунларда велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Таиландда велотрек бўйича бўлиб ўтаётган Осиё кубоги баҳсларида иштирок этишмоқда.
Кеча бўлиб ўтган мусобақанинг илк кунида иштирокчилар жамоавий пойга баҳсларида ўзаро куч синашишди.
Аёллар ўртасидаги жамоавий баҳсларда Янина Кускова, Маргарита Мисюрина, Нафосат Козиева ҳамда Шаҳноза Абдуллаевалардан иборат жамоамиз якунда 1-ўринни эгаллашди. Финал пойгасида улар 4 км масофани 3:40,719 дақиқада босиб ўтишди ва таиландлик қизлардан 10 сонияга ўзиб кетишган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида Алексей Фомовский, Дмитрий Бочаров, Даниил Евдокимов ва Ботиржон Исматовлар квартети 3-ўрин учун кечган баҳсда Таиланд терма жамоасини ортда қолдирди. Йигитларимиз белгиланган масофани 4:23,687 дақиқа ичида босиб ўтишди ва бу кўрсаткич билан улар рақибларини 4 сонияга ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Фикрлар