Велоспортчимиз Андрей Измайлов “Silk Way Series Astana” мусобақасида кумуш медални қўлга киритди

Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳри велоспортнинг трек йўналиши бўйича “Silk Way Series Astana” халқаро мусобақасига мезбонлик қилди. Мазкур турнир Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қилгани учун ҳам унда дунёнинг 16 мамлакатидан ташриф буюрган спортчилар иштирок этишди.

Мусобақа доирасида ҳамюртимиз Муроджон Холмуратов шахсий очколар пойгасида кумуш медали билан тақдирлангани ҳақида хабар берган эдик. Кеча ўтказилган скретч йўналишида терма жамоамизнинг бошқа бир вакили Андрей Измайлов ҳам кумуш медалини қўлга киритди.

Жами 15 километр масофага ўтказилган беллашувда испаниялик Илларт Заузубискарт марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Бронза медали эса хитойлик Пинган Шенга насиб этди.

Ушбу натижа спортчимизга Токио Олимпиадаси учун 90 рейтинг очкосини ҳам тақдим қилди.

Манба: http://olympic.uz/

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!