"Вест Хэм"нинг узоқ йиллик сардори жамоаси билан қайғули тарзда хайрлашди!

"Вест Хэм" футболчиси ва жамоанинг узоқ йиллик сардори Марк Нобл клубдаги охирги ўйинини ўтказди. Амалдаги чемпион "Манчестер Сити"га қарши кечган баҳсда Ноблнинг жамоаси унинг ҳурмати учун ҳам кучли рақибдан 1 очко олишга муваффақ бўлди - 2:2.

Учрашувнинг 16-дақиқасида 16-рақам остида тўп тепадиган Марк учун мухлислар ўрнидан туриб, унга эҳтиром кўрсатишди.

Футболчининг ўзи беллашувнинг 77-дақиқасида Мануэль Лансини ўрнига майдонга тушди. Оғир учрашувдан сўнг "Вест Хэм" раҳбарияти ярим ҳимоячи учун алоҳида эсдалик совғасини топширди. Нобл бу вазиятда кўз ёшларини тийиб тура олмади.

Эслатиб ўтамиз, Марк 22 йилдан бери Лондон клуби сафида тўп тепади. У бу муддат давомида клуб билан барча мусобақалар доирасида 548 ўйинда иштирок этган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!