Виктор Жалилов: Бабаян билан бирга амалга ошираётган ишларимиз вилоят футболига ёрдам беришига ишонаман!
Ўзбекистон Суперлигаси 15-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Локомотив" учрашувида мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "лочинлар" устози Виктор Жалилов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Албатта, биринчи навбатда натижадан хурсандман. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, "Сўғдиёна" билан бугунгидан яхшироқ ўйин кўрсатгандик. Бугун ёмонроқ ўйин билан ғалабага эришдик. Жамоада шаклланиш даври кетмоқда, бугун ҳам захирадан майдонга тушганлар ўйинга киришиб кетишди. Рақиб жамоанинг таркиби анча шаклланиб улгурган, уларнинг таркибидаги 70 фоиз футболчиларни яхши таниймиз, биламиз. Бизда "Қўқон-1912" билан ўйинда ҳам ўйинимиз қовушмаганди, бугун ҳам шундай бўлди. Умуман олганда, бугунги ўйин учун футболчиларга раҳмат айтмоқчиман, улар ирода кўрсатиб, ғалабага эришишди.
Вазият шуни тақозо этдики, асосий таркибда майдонга тушадиган яққол ҳужумчи Ғанихонов ва Ўринбоев бор. Иброҳим жароҳатдан энди тузалгани сабаб бугун нари борса 30 дақиқа ўйнай оларди, холос. Аммо айнан унинг майдонга тушиши сабабли ўйинимиз сезиларли кучайди. Лекин ўйин бошидан сифатли ҳужумчини майдонга тушириш имконимиз бўлмагани сабаб, бошланғич таркибда ўзгариш қилишга тўғри келди. Буни тўғри тушуниб турибмиз, вазиятни ўзгартириш чораларини топишимиз керак.
Ҳар бир жамоада, у охирги ўринда бораётган бўлса ҳам, доимо таркибида сифатли футболчилари бўлади. "Локомотив"да ҳам шундай футболчилар кўп. Улардан қайси бирини "Навбаҳор" таркибида кўришни истаётганим ҳақида бирор нима деёлмайман. Ҳаммаси трансферлар амалга ошириладиган даврда ҳал бўлади.
Ўтган ўйиндан кейин ҳам айтгандим, ҳозир ҳам етакчилар билан орамиздаги фарқ катта эмас. Эндигина иккинчи давранинг иккинчи ўйинини ўтказдик. Қандайдир муаммолар борлигига қарамай, бугунги ўйин жамоа ҳар қандай вазиятда учрашувларда ғалаба қозониши мумкинлигини кўрсатди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатига келсак, бу борада ҳеч бир кўрсаткич борасида ҳеч қайси жамоадан ортда қолмаяпмиз. Аввалги ўйинда ҳам, бугун ҳам сўнгги дақиқаларда беш-олти нафар ўйинчимизнинг олдинга ўтганига гувоҳ бўлдик. Агар улар чарчаб қолишганда, ҳужумга ўта олишмасди.
Самвел Бабаян терма жамоани бошқарган мутахассис сифатида катта тажрибага эга. Қайсидир жиҳатлар бўйича жамоада ўзгаришлар бўлмоқда. Биргаликда амалга ошираётган ишларимиз, нафақат жамоага, балки вилоят футболига ёрдам беришига ишонаман.
Фикрлар