Виктор Жалилов: "Бугун ҳеч ким ғалабага муносиб эмасди"

“Навбаҳор” – “Қизилқум” (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Виктор Жалилов қатнашди

- Ҳар икки жамоа бир-бирига муносиб эканлигини, тенг кучга эга эканлигини кўрсатди. Шу боис, голлар кўрмадик. "Қизилқум"да ҳам, бизда ҳам 100 фоизли вазиятлар бўлмади. Ўйлашимча, дуранг адолатли бўлди. Бугун ҳеч ким ғалабага муносиб эмасди. Гарчи ҳар икки жамоа астойдил курашган бўлса ҳам. Биринчи даврада ҳам улар билан тенгма-тенг ўйнаб, дуранг қайд этгандик. Фақат бугун ҳужумда конструктивлик етишмади.

Машғулот ва ўйин бошқа-бошқа нарсалар. Машғулотларда расмий ўйинлардаги каби қаршилик бўлмайди. Афсуски, ўйинда машғулотда ишлаган режаларимиз иш бермаяпти. Ўйлашимча, қаердадир ҳужумда маҳорат етишмаяпти. Сўнгги нуқтани қўядиган футболчи бўлмаяпти.

Ўринбоевдан аввал биринчи даврада легионер ўйнади. Албатта, мухлисларни ҳам, бизни ҳам ҳужумчининг бундай ўйини қониқтирмаяпти. Лекин вазият шуни тақозо этяпти. Футболчиларнинг бор маҳоратини кўрсатиши учун астойдил ҳаракат қиляпмиз, ҳужумларни ижобий якунлайдиган футболчи етишмаяпти.

Турнир жадвалига назар солсак, юқори ўринлар учун имкониятимиз сақланиб турибди. Зичлик кузатилмоқда жадвалда. Якунда ким кучли бўлса, ўшалар юқори ўринларни эгаллайди. Буни футболчилар ҳам тушуниб туришибди. Охиригача курашамиз.

Бизда нафақат ҳужумчи, балки ҳужумкор футболчилар етишмаяпти. Бу масалани ижобий ҳал қилиш бўйича иш олиб бориляпти. Кейинги йилга яхши ўйинчилар сотиб олишга ҳаракат қилиняпти. Умуман, ҳозирдан кейинги йил тўғрисида гапириш нотўғри, - дея фикрларини якунлади Виктор Романович.

“Навбаҳор” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!