Виктор Жалилов

Суперлигада юзага келган танаффус чоғида "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати жамоа бош мураббийи Виктор Жалилов билан суҳбат уюштирди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Виктор Романович, суҳбатимизни жорий  мавсум ўйинлари борасидаги фикрларингиз билан бошласак. Сoca Cola Суперлиганинг бу йилги баҳслари, шунингдек, “Навбаҳор”нинг ортда қолган 9 та ўйини борасида тўхталсангиз...

Бу йилги миллий чемпионатимиз баҳслари кескин ва муросасиз курашлар остида ўтмоқда. “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари иштирокидаги 1-2 та ўйинни инобатга олинмаса, йирик ҳисоб қайд этилган учрашувлар деярли учрамади. “Навбаҳор”нинг ўйинлари борасида тўхталадиган бўлсам, жамоамиз ҳам кескин курашлар остида бўлиб ўтган айрим баҳсларда ғалаба қозонган бўлса, баъзи ўйинларда дурангга имзо чекди, яна айрим учрашувларда мағлубиятга учради. Умуман олганда, баъзи зафар қучадиган ўйинларимизда омадимиз келмади. Шу пайтгача мағлубиятга учрамаган “Пахтакор” ва “Сўғдиёна” клубларини истисно этганда, қолган барча жамоаларнинг кучи деярли тенг. Шу жиҳатдан олиб қараганда, жорий мавсум баҳслари қизиқарли  тарзда кечмоқда.

- Бироқ “Навбаҳор” айни пайтда 9 та ўйинда 10 очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалининг 9-поғонасида бормоқда. Ушбу натижа эса кўпчиликни қониқтирмаслиги аниқ...

- Гапингиз тўғри, жамоанинг турнир жадвалида ҳозир эгаллаб турган ўрни клуб раҳбарияти, биз – мураббий ва футболчилар, мухлисларни ҳам қониқтирмаяпти. Шунингдек, жамоанинг ўйинидан ҳам унчалик қониқиш ҳосил қилмаяпман. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг "ЖЧ-2022" ва "ОК-2023" қўшма саралаш мусобақасида иштирок этиши муносабати  билан юзага келган мазкур танаффусдан самарали фойдаланиш, футболчилар жисмоний формаларини йўқотмасликлари учун машғулотларда уларнинг функционал тайёргарликлари, майдонда бир-бирларини ўзаро яхши тушунишлари, хатолар устида иш олиб боряпмиз.  Шунингдек, назорат-синов баҳслари ўтказяпмиз.

Футболчиларнинг жисмоний ва функционал ҳолатларини бир хил меъёрда  ушлаб туриш доимий вазифамиз саналади. Машғулотларда ҳар доим шу асосда иш олиб борамиз. Футболчиларга бериладиган жисмоний “юкламалар” ҳажмини секин-аста ошириб боряпмиз. Буни эса йигитлар назорат-синов баҳсларида намоён этишмоқда. Масалан, 29 май куни “Локомотив” билан бўлган ўртоқлик баҳсида шогирдларим 1-бўлимда рақиб билан тенгма-тенг ўйин намойиш этишган бўлса, 2-бўлимда ҳужумкорликни оширган ҳолда, тажовузкор ўйин намойиш этишди ва ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди (ўша ўйинда “Навбаҳор” 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди).

Умуман олганда, машғулотларда Жанубий Кореянинг Fitogether компанияси томонидан тақдим этилган махсус қурилмалардан ҳам мунтазам фойдаланиш йўлга қўйилган. Машғулотлар давомида ҳар бир футболчининг эгнидаги нимчаларга ушбу қурилма ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида йигитларнинг функционал ҳолатлари, чидамлилик даражаси, куч сарфи ҳамда босиб ўтаётган масофалари ҳақида маълумотларга эга бўлиб боряпмиз. Бир сўз билан айтганда, ушбу қурилманинг бизга жуда фойдаси катта бўляпти.

Олдинда “Турон” ва “Насаф” жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказиш режамиз бор. Мазкур учрашувлар орқали футболчиларнинг жисмоний ҳолатларининг қандайлиги борасида маълумотга эга бўламиз.

Қисқаси, юзага келган имкониятдан самарали тарзда фойдаланишга интиляпмиз. 

– Легионер маҳаллий футболчидан бир калла устун бўлиши керак. Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Навбаҳор”нинг хорижлик футболчилари ишончни оқлашяптими?

-  Легионерлар борасида тўхталадиган бўлсам, бунинг жавоби оддий. Қайси футболчи майдонга тушаётган бўлса, у ишончни оқлаяпти, аксинча, бўлса, демак, оқламаяпти. Сербиялик ўйинчилар борасида гапирадиган бўлсам, ярим ҳимоячи Марко Путинчанин оилавий сабаблар туфайли жамоамизни тарк этди. Натижада у билан тузилган шартнома икки томонлама келишув асосида бекор қилинди. Ҳимоячи  Никола Тасич эса жиддий жароҳат олди.

У бир ой муддат ҳаттоки, машғулотларда ҳам қатнаша олмайди. Соғлиги сўроқ остида. Славиша Стоянович эса “Пахтакор” билан ўйинда жароҳат олганлиги боис, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги баҳсларда майдонга тушолмади ва жароҳатини даволатди. Айни пайтда эса умумий гуруҳда шуғулланган ҳолда, Забиҳилло Ўринбоев билан асосий таркибдан жой олиш учун рақобатлашмоқда.

Мазкур футболчиларнинг ишончни оқлаётган ёки йўқлиги бу энди бошқа масала. 

Россиялик ярим ҳимоячи Иван Соловьёв эса доимо бошланғич таркибдан жой олиб, голлар урмоқда ҳамда унинг ўйини мени қониқтирмоқда. Шу боис, Иван легионер номига мос равишда тўп суряпти, дейиш мумкин. 

Виктор Жалилов расмлари 1

– Ёзги трансфер “ойнаси”да жамоани кучайтириш режангиздан ўрин олганми?

- Ҳар бир мураббий ўзи бошқараётган жамоани кучайтиришни хоҳлайди ва мен ҳам бундан мустасно эмасман, албатта. Аммо бу жараён клубнинг молиявий аҳволидан келиб чиқиб, амалга оширилади ҳамда ўз ичига кўплаб, яъни, номзод футболчиларни саралаш, уларни кўрикдан ўтказиш, келишувга эришиш, шартнома имзолаш каби жараёнларни ўз ичига олади. Шу боис, биз - яъни, жамоа мураббийлар штаби асосий эътиборимизни захира футболчилари, яъни, “Навбаҳор”нинг фарм, U-21, U-18 жамоаларидаги ёшларга қаратганмиз, ички имкониятлардан максимал равишда фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, мазкур жамоалар футболчилари асосий таркиб машғулотларида иштирок этишмоқда.

Айтиш лозимки, айни пайтда фарм жамоамиз қатнашаётган Биринчи лига, шунингдек, U-18 Биринчиликлари давом этмоқда. Биз мазкур чемпионатлар оралиғидаги танаффуслар вақтида ушбу жамоалар ўйинчиларини асосий таркиб машғулотларига жалб этяпмиз.

Тошкентда “Локомотив”га қарши бўлиб ўтган ўртоқлик баҳсида ҳам U-21 ёшлар жамоасининг айрим футболчилари майдонга тушишди.

Улардан энг иқтидорлилари кейинчалик “Навбаҳор”нинг асосий таркибидан ўрин олган ҳолда, бошланғич таркибда ёки захирадан майдонга тушишади.    Шу пайтгача қаерда ишлаган бўлсам, албатта, ички имкониятдан фойдаланиш, эътиборимни иқтидорли футболчиларга қаратишга интилганман. Кейин эса Ўзбекистондаги энг яхши футболчиларга эътибор қаратамиз.

Ўзингизга маълум, мухлислар “Навбаҳор”дан тажовузкор ҳамда ҳужумкор футбол кутган ҳолда, жамоанинг ғалаба қозониши ва турнир жадвалининг юқори поғонасида юришини исташади. Албатта, биз ҳам жамоа таркибидан шундай футболчилар ўрин олишини истаймиз. Баъзан рақиб ҳимояланишга мажбур қиладиган ўйинлар ҳам бўлади. Аммо “лочинлар” анъанага кўра, тажовузга асосланган, ҳужумкор ўйин намойиш этишади. 

Виктор Жалилов расмлари 2

– Хабарингиз бор, шу ойда Вадим Абрамов бошқараётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонида марказлашган ҳолда ўтказиладиган ЖЧ-2022 ва ОК-2023 қўшма саралаш баҳсларида қатнашади. Бош жамоамизнинг мазкур мусобақадаги имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Миллий терма жамоамизнинг Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган турнирдаги Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши кечадиган ўйинлардаги имкониятлари борасида тўхталадиган бўлсам, ушбу жамоаларни мағлубиятга учратса бўлади.  Ҳал қилувчи ўйин эса албатта, мусобақа мезбони  саудияликларга қарши кечади. Мазкур баҳсда эса жамоаларнинг имконияти 50/50. Тошкентда саудияликлар билан бўлган баҳсда икки марта ҳисобда олдинда бора туриб, якунда 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраганмиз. Умид қиламанки, терма жамоа мураббийлар штаби бундан хулоса чиқарган. Айни пайтда бош жамоамизда тажрибали ва ёш футболчилар уйғунлиги асосида ажойиб таркиб юзага келган. Мазкур таркибимиз эса Саудия Арабистонидаги мусобақада яхши иштирок этиб, кейинги босқич масаласини ижобий тарзда ҳал этади, деган умиддаман. Ҳозирги терма жамоамиз кўп нарсаларга қодир. 

Виктор Жалилов расмлари 3

– 11 июнь куни Евро – 2020 турнири старт олади. Ушбу мусобақада қайси терма жамоага мухлислик қиласиз?

- Умуман олганда, бизга собиқ иттифоқ, яъни, Россия ва Украина терма жамоалари яқин. Шу боис, бўлажак Европа чемпионатида мазкур терма жамоаларга мухлислик қиламан. Ушбу жамоалар ўз анъанасига эга ва уларнинг ушбу турнирда муваффақиятли иштирок этишини тилаб қоламан.

Таъкидлаш жоизки, кўпроқ Украина футболини ёқтираман. Бунга эса мазкур мамлакатдан кўплаб маҳоратли футболчилар, Олег Блохиндан тортиб, Игорь Беланов, Андрей Шевченкогача бўлган “Олтин тўп” соҳиблари етишиб чиқишгани ҳам сабаб бўлган. Имконият даражасида Украина чемпионатини кузатаман. Айни пайтда ҳам у ерда маҳоратли футболчилар кўпчиликни ташкил этади. 

Виктор Жалилов расмлари 7

– Евро - 2020 турнирида мураббийларнинг ўйин услубларини ҳам кузатсангиз керак?

– Албатта, имконият даражасида кузатаман. Масалан, Россия термаси ҳимояда кўпроқ 3 нафар, айрим пайтларда эса 4 нафар футболчи билан ҳаракат қилади, яъни ўйин услубини ўзгартириб туради. Украина термаси таркибидан эса кўплаб маҳоратли, шу жумладан, Италия, Германия ва Австрия чемпионатларида тўп сураётган футболчилар ўрин олишган. Мазкур ўйинчилар эса ўз клубларининг етакчилари  саналишади. Шу боис, Украина термасининг Европа чемпионатидаги ўйинларини кузатиш қизиқарли бўлади.

– Сизнингча, Европа чемпионатида қайси терма жамоа чемпион бўлади?

- Башорат қилишни ёқтирмайман. Менимча, Евро-2020 да энг кучли терма жамоа чемпион бўлади (кулади).

– Олдинлари қайси мураббийларнинг ўйин услубини эътибор билан кузатгансиз ва айни пайтдаги мутахассислардан кимнинг тактикаси сизга ёқади?

- Ҳар бир мураббийнинг футболга ўз қараши бўлади. Тактика эса жамоада ўйнаётган футболчиларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, тузилади.

Собиқ иттифоқ даврида уч нафар буюк мураббий – Валерий Лобановский устозлигидаги Киевнинг “Динамо”си, Константин Бесковнинг “Спартак”и ва Нодар Ахалкаци бошқарган Тбилисининг “Динамо”си ўзаро рақобатлашарди. Ушбу мутахассисларнинг ўйин услублари турлича эди. Аммо менга масалан, бизга кўпроқ яқин бўлган Тбилисининг “Динамо” жамоаси тактикаси ёқарди. Мазкур клуб таркибидан техник салоҳияти юқори бўлган футболчилар ўрин олишган, улар интизом, жамоавий ўйин ва юқори маҳорат эвазига 1981 йили Европа Кубок эгалари кубоги турнири ғолибига айланишганди.

Валерий Лобановский ҳақида тўхталадиган бўлсам, унинг иш методикасига кўра, футболчилар машғулотларда қаттиқ шуғулланишар, юкламаларни кўтара олмаганлар таркибдан ўрин олишолмасди.

Ҳозирги футбол мутахассисларидан эса Юрген Клопп, Карло Анчелотти устозлик қилган жамоаларнинг ўйин услуби, шунингдек, бир пайтлари Хосеп Гвардиола бошқарган “Бавария”нинг тактикаси ёқарди. Қатарда Гвардиола шуғуллантирган мюнхенликларнинг машғулотларини кузатганман. Шунингдек, Сергей Семакнинг ўйин услуби ёқади. Гарчи “Зенит” бу йил ЕЧЛда муносиб иштирок этолмаган бўлсада, Россияда кўп йиллардан буён етакчиликни қўлдан бой бермай келяпти.

– Жорий мавсум арафасида “Навбаҳор”нинг олдига совриндорлар сафидан ўрин олиш вазифаси қўйилганди. Сизнингча, жамоада ушбу мақсадни амалга ошириш имконияти борми?

- Албатта, бор ва бу имконият юқори. “Пахтакор”ни ҳисобга олмаса, қолган жамоалар билан очколар орасидаги фарқ унчалик катта эмас. Иккита ўйинда зафар қучсак, турнир жадвалида анча юқорига кўтарилиб оламиз.

Таркиб ва ўйин борасида “Навбаҳор” дастлабки учликда бораётган жамоалардан асло қолишмайди. Фақатгина бунинг учун қаттиқ меҳнат қилиш, жамоага ишониш, барчасини профессионал ҳолда, йўлга қўйиш лозим. Шунда ижобий натижага эришиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, совриндорлар сафидан ўрин олиш учун охиригача кураш олиб борамиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон кубоги мусобақасида ҳам муваффақиятли қатнашишга интиламиз. Мазкур турнирда айни пайтда 16 та жамоа қолди ва буёғига финалга қадар қисқа йўл босиб ўтилади, яъни, ютқазган жамоа курашдан чиқади. Бу эса ҳар бир ўйиннинг кескин ҳамда муросасиз курашлар остида ўтишини таъминлайди. Ушбу мусобақада зафар қучишга ҳаракат қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, жамоамизга қулай шароитларни яратиб бераётган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Арифович Саматовга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Умид қиламанки, ушбу шароитларга яраша “Навбаҳор” мавсум якунида совриндорлар сафидан жой олади.  

– Мухлисларга тилакларингиз...

– Албатта, “Навбаҳор” ишқибозлари жамоа ғалабаларидан қувонишади, мағлубиятларидан қайғуришади, бир сўз билан айтганда, жамоа учун жон куйдиришади. Аммо айрим мухлислар олдинги футболчилар ундай деди, бундай эди, дейишади. Энди аввалги ўйинчилар йўқ ва улар майдонга тушиб, тўп тепа олишмайди. Шундай экан, жамоанинг ҳозирги таркибидан жой олган футболчилар ҳам чиройли ўйинлар намойиш этиш, ғалаба қозониш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишмоқда. Шунинг учун “Навбаҳор” ишқибозларидан мазкур йигитларни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабалар сари руҳлантиришларини сўрайман. Жамоамиз аъзолари мухлисларга қувонч улашиш учун қўлдан келганича ҳаракат қилишади. Бахтимизга мухлислар доимо соғ-саломат бўлишсин. 

Виктор Жалилов расмлари 5

 Бизнинг маълумот

Виктор Романович Жалилов – 1952 йили Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилган. Тошкентдаги спорт интернати, Жисмоний тарбия ва спорт институтини тамомлаган.

Футболчилик фаолияти давомида “Пахтакор” (Тошкент, ўринбосарлар,    

1970-1974 йиллар ), “Текстильшик” (Наманган, 1975 – 1977 йиллар), “Чуст” (1978-1983 йиллар) жамоаларида ўйнаган.  

Мураббийлик фаолиятини 1984 йилда Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасида бошлаган. 1986 йилдан 1992 йилгача Герман Титов номидаги спорт интернати (ҳозирги Республика олимпия захиралари коллежи)да мураббий сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, мураббий сифатида ва турли лавозимларда қуйидаги жамоаларда фаолият юритган: “Политотдел” (Тошкент вилояти, 1993-    1994 йиллар), “Навбаҳор” (Наманган, 1995 – 2000, 2003-2004, 2010 йиллар), “Пахтакор” (Тошкент, 2001 – 2002 йиллар, 2007-2009,   2012-2015 йиллар), “Машъал” (Муборак, 2005-2006 йиллар), “Динамо” (Самарқанд, 2011 йил), Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (2015 йил), Ўзбекистон миллий терма жамоаси (2015-2017 йиллар), “Спартак”     (Юрмала, Латвия, 2018 йил), “Локомотив” (Тошкент, 2019 йил).

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)