Виктор Жалилов: "Паншанбе бўйича таклиф бўлди, аммо футболчилар аввало клуб келажагини ўйлашлари керак. Пул, трансферлар кейинги масала"
Суперлигада 13-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” учрашувидан (1:2) кейин ўтказилган матбуот анжуманида наманганликлар бош мураббийи Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда бугунги учрашув ташкилотчиларига, яъни, “Турон” жамоаси вакилларига раҳмат айтмоқчиман. Улар кеча ҳам, бугун ҳам бизга ажойиб шарт-шароитларни яратиб беришди. Бунинг натижасида бугунги ўйин ҳам сифатли чиқди, майдон ҳам, ёритиш тизими ҳам яхши. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, албатта, деярли бир ой давом этган танаффусдан кейин барча жамоаларга қийин бўлади. Гўёки, кураш қайтадан бошланаётгандек туюлади. Албатта, таркибимизда сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Бугунги ўйин кўрсатдики, сафимизга қўшилган янги футболчилар танловида адашмадик. Жамоамизда ротация қилинди. Ҳозирги таркибимизда баланс таъминланди. Шу боис бугун голгача ўйин анча шиддатли кечди. Биз гол урганимиздан кейин рақиб жамоа очилишни бошлади, биз эса, ўйинни ғалабага олиб боришга интилдик. Хайриятки, буни амалда уддаладик. Ҳар ҳолда қарши ҳужумда ҳисобни оширишни амалладик, - дейди Виктор Романович.
- Коста Гуттинер нега захирага олинди?
- Гути катта ҳажмдаги ишни бажарди. У бундан аввал Украина чемпионатида тўп тепганди, чемпионат майда якунланганди, катта танаффус қилишга мажбур бўлди. Сафимизга қўшилганига эса деярли 20 кун бўлди. Функционал тайёргарлиги ҳам маромида эмас. Шу боис уни алмаштиришни маъқул деб билдик.
- Азимжон Аҳмедовнинг ярим ҳимояда тўп тепиши жамоага фойда келтиряпти. Бундай ўзгариш фикри сиздан чиқдими?
- Бу талаб йил бошидаёқ пайдо бўлганди, лекин Аҳмедов ҳимоя марказида ўйнашга мажбур бўлди. Чунки ушбу чизиқда маҳоратли футболчи етишмовчилиги вужудга келганди. Шунга қарамай, у мудофаа чизиғида ҳам ўз вазифасини аъло даражада уддалаётганди. Цигер келгач, марказий ҳимоя бўйича хавотиримиз ариди ва Аҳмедов ўз ўрнига қайтиб, ишончли ўйин кўрсатмоқда. Умуман олганда, янги таклиф этилган футболчилар ҳисобига ҳимояни ҳам, майдон марказини ҳам сезиларли кучайтиришга эришдик.
- Наманганда яна совринларга лойиқ жамоа тузиш мумкинми?
- Албатта, биз айнан шунинг учун ҳаракат қиляпмиз. Наманганда авваллари ҳам кучли жамоалар ташкил этилган. Биз ҳам Ўзбекистон чемпионатида муваффақиятларга эришадиган, рақобатбардош жамоа шакллантириш ниятидамиз. Агар ички биринчиликда совринли ўринлар учун кураша олсак, демак, халқаро ареналарда ҳам ютуқларга эришишимиз мумкин бўлади.
- Эҳсони Паншанбенинг захирада қолиши ҳақида нима дея оласиз?
- Эҳсони Паншанбе Тожикистон термасида 5 та ўйин ўтказганидан кейин таркибимизга қайтди, турли давлатларга сафарлар уюштирди ва бу ҳолат уни чарчатганди. Буни унинг ўзи ҳам таъкидлади. Афсуски, танаффус пайтида Эҳсони жароҳат орттириб олди, шу боис машғулотларда ҳам қатнаша олмади. Умуман олганда эса, Паншанбе асосий таркиб футболчиси саналади. У бўйича таклиф бўлди, лекин футболчиларимиз биринчи навбатда “Навбаҳор” жамоаси келажаги ҳақида ўйлашлари керак. Пул, трансферлар кейинги масала.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар