Виктор Кумиков: "Мақсад битта: "Андижон"ни Суперлигада сақлаб қолиш! Умид қиламанки, омадли давр бошланади"
Куни кеча “Андижон” раҳбарияти россиялик мутахассис Виктор Кумиковни яна жамоага қайтарди.
Хабарингиз бор, ушбу мураббий ўтган йили ҳам 10 та учрашувда жамоага бош мураббийлик қилганди. Тақдир тақозоси билан бу йил яна Виктор Балютович “Андижон”га қайтарилди.
Айни пайтда у жамоадаги вазиятни яхшилаш учун енг шимариб ишга киришган. Sports.uz мухбири Кумиковга бир қанча саволлар билан мурожаат қилди.
- Виктор Балютович, сизни “Андижон” футбол клубига қайтганингиз билан табриклаймиз. Бу ерга қайтишингизга нима туртки берди?
- Катта раҳмат! Клуб раҳбарияти томонидан таклиф бўлди. Биз биргаликда ўтириб асосий масалаларни муҳокама қилиб олдик. Мени шартномадаги барча бандлар қаноатлантирди. Шу боис клубга қайтишга қарор қилдим.
- Сиз жамоадан қониқарсиз натижалар сабабли ўтган йили кетгандингиз. Табиийки, орадан бор-йўғи бир йил ўтибгина яна “Андижон” клубига қайтишингиз мумкинлигини кутмаган бўлсангиз керак?!
- Мен қониқарсиз натижалар туфайли клубдан кетмаганман. Балки ўша пайтда жамоа раҳбариятида ўзгариш юз берганди. Кетишимнинг сабаби ҳам шу. Аксинча, кетишимдан олдин биз юзага келган вазиятдан қандай чиқиш йўлларини муҳокама қилиб олгандик. Бу сафар ҳам жамоанинг мусобақа жадвалидаги эгаллаб турган ўрнидан келиб чиққан ҳолда ҳаммасини маслаҳат қилиб, мураккаб ҳолатдан чиқиб кетиш учун режа туздик.
- Ўтган йили ҳам “Андижон”ни мураккаб вазиятда қабул қилиб олгандингиз. Аммо ўтган йили сиз бошчилингизда клубнинг натижалари қониқарсиз кўриниш олган. Бу сафар ҳам шундай ҳолат такрорланиши мумкинлигидан чўчимайсизми?
- Йўқ, қўрқмайман. Ўтган йили жамоа билан ҳеч ким шуғулланмаганди. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача бўлишидан умид қиляпман.
- Етакчи ўйинчилар “Андижон”дан кетишга қарор қилганидан хабардорсиз. Вақт эса ўтиб боряпти, трансфер ойнаси ёпилишига ҳам саноқли кунлар қолган. Шу қисқа фурсат оралиғида таркибга жамоада ўзингиз кўришни истаган футболчиларни олиб келишнинг иложи борми?
- Шу вақт оралиғида юзага келган муаммони иложи борича ижобий ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Кўрамиз, бу ишни қанчалик муваффақиятли якунлай олар эканмиз?..
- “Андижон”ни қайта қабул қилиш ҳақидаги таклифни олганингиздан сўнг, узоқ ўйланишингизга тўғри келдими ёки?..
- Узоқ ўйлашимга ҳожат бўлмади. Музокаралар тезда амалга ошди. Шунчаки, айрим бандларни муҳокама қилишимизга тўғри келди. Ўзимни қаноатлантирадиган жавобларни олганимдан сўнг, ҳаммаси осонликча ҳал бўлди.
- Биринчи даврада “Андижон” иштирокидаги қайси ўйинларни кузатдингиз?
- “Андижон” иштирокида фақат “Навбаҳор” ва АГМКга қарши учрашувларни тўлиқ кўрдим.
- Агар сир бўлмаса, жамоа раҳбарияти сизнинг олдингизга қандай вазифа қўйгани-ю, ўз навбатида сиз қандай шартларни қўйганингизни айтиб бера оласизми?
- Раҳбарият томонидан қўйилган шарт шундай: жамоани Суперлигада сақлаб қолиш!
- Сизга бугунги таркиб кучсиздек кўринмаяптими?
- Ҳозирча жамоа таркибидаги футболчиларнинг ҳаммасини билмайман ва табиийки, таркиб кучли ёки кучсизлиги ҳақида бир нарса дейишим қийин. Мен фақат клубдаги бир қанча кишиларни танийман холос. Ўйлайманки, таркибга иложи борича бир қанча легионерларни олиб келамиз ва шунинг эвазига ғалаба қозониш иштиёқи ортади. Ўз навбатида бу ҳол бошқа ўйинчиларда ҳам иштиёқ ва фидойиликни кўтаришга хизмат қилади, деб ўйлайман.
- 31 июль куни “Андижон” чемпионат доирасида “Турон” билан учрашади. Ўйин эса Андижонда эмас, балки Наманганда бўлиб ўтади. Ўша беллашувда жамоанинг ғолиб чиқиши мумкинлигига ишонасизми?
- Иккала клуб ҳам мусобақа жадвалида ҳавас қилишга арзийдиган ўринлардан бирини эгаллаб туришмаяпти. Шундай экан, бу масалада кўп нарса футболчиларнинг иштиёқига боғлиқ бўлиб қолади. Кимда иштиёқ кучли бўлса, ўша ғалаба қозонади. Албатта, биз бўлажак учрашувда ғалаба қозониш кераклигини жамоа олдига вазифа қилиб қўйганмиз.
- Дониёр Абдуманнопов Беларусь клубига ўтиб кетди. Уни “Андижон”да сақлаб қолишнинг иложи бормиди?
- Энди бу ҳақда гапиришга кеч. Шундай экан, фикр билдириш бефойда. Аксинча, жамоада бошқа муаммолар ва вазифаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлаш керак.
- Охирги пайтларда негадир мураббийлик фаолиятингизда бироз пасайиш кузатилиб, элитада жон сақлаб қолиш илинжидаги клубларда ишлаб келяпсиз. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Ҳар қандай мураббийнинг фаолиятида бундай ҳолатлар кузатилмасдан қолмайди. Шундай экан, бундан ажабланиш ярамайди. Эҳтимол, шундай бўлиши ҳам керакдир, ҳамма нарса мураббийга боғлиқ эмас. Ҳар қандай муваффақиятнинг кўплаб омиллари бўлади. Менга боғлиқ бўлган ҳамма ишни амалга ошираман. Умид қиламанки, омадли давр бошланади.
- Мураббийлар штабингизни аниқлаштириб олдингизми?
- Катта мураббий – Олег Валерьевич Корниенко. Дарвозабонлар мураббийи – Қобил Олимжонов. Қолган бошқа ёрдамчилар масаласини энди ҳал қиламиз.
Фикрлар