Виктор Кумиков сафардаги ғалаба ҳақида нима деди?
“Хоразм” ҳамда “Андижон” (0:1) жамоалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувдан кейин меҳмонлар устози Виктор Кумиков матбуот анжуманида иштирок этди.
- Оғир ўйин бўлди. Ҳар иккала жамоа ҳам ғалабани хоҳлади. Бугун янги стадионни очилиши бўлгани учун мезбонларга байрамдек эди. Шунинг учун ютишни хоҳлашди. Биз барчасини узил-кесил ҳал қилишимиз учун яна икки ўйинни ютишимиз керак. Мана, биттасини ютдик. Энди уйдаги ўйинда ғалаба қозонсак, вазифани хал қилган бўламиз. Шу ўринда футболчиларга раҳмат. Асосий таркибимиздагилар тўлиқ ўйнашмади. Бугун ўйин амалиёти етарли бўлмаганларга имконият бердик. 3 тадан сариқ карточкаси бор футболчиларни асрадик. Бугун майдонга тушганлар вазифани тўлиқ бажаришди. Асосийси, ғалаба қозондик.
- Жамоангиз биринчи даврада Урганчда йирик ҳисобда ютқазганди. Ўшанда нима бўлганди?
- Биринчи даврада Урганчда ютқазганимизни сабаби, ярим "сутка" автобусда қийинчиликда келгандик. Бундан ташқари, 3 нафар легионерларимизга рухсат берилмаганди. Таркибни аниқлаб бўлганимиздан сўнг уларга ўйнашга рухсат беришди. Бу ерда обьектив ва субьектив сабаблари бор эди. Шунинг учун мағлуб бўлгандик. Мана шундай сабаблар ҳам бугунги баҳсда ғалаба қозонишимиз учун қўшимча "стимул" бўлди.
- “Андижон” вазифани бажаришга яқин турибди. Ўз ишингизни қандай баҳолайсиз?
- Худо хоҳласа тўлиқ 100 фоиз ҳал қилганимиздан сўнг баҳо берамиз. Яқин кунларда ҳал қиламиз. Шунда раҳбарият бизни кўрсатган натижаларимизни баҳолаб хулоса беришади. Ўз-ўзимизни баҳолашимиз тўғри эмас.
- "Андижон" билан Суперлигада ҳам ишлайсизми?
- Яна бир ой давомида ўйинлар бор. Бу мавзуда ҳали гаплашмадик. Декабрь охирига қадар шартномам бор.
Фикрлар