Виктор Кумиков: "Хомяковни ўзим олиб келганман"
“Машъал” – “Андижон” (0:1) ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар устози Виктор Кумиков матбуот анжуманида қатнашди.
- Бугун қийин ўйин бўлди. Бу олти очколик ўйин эканини ҳамма билиб турганди. Чиройли ўйин кўрсатдик дея олмайман. Кўпроқ натижа учун ўйнадик. Чунки бизга ғалаба жуда муҳим эди. Менимча, ўйин тенг курашлар остида ўтди.
- Легионерлар маҳаллий футболчилардан бир бош баланд бўлиши керак. Забелинни ўйин охирларида туширдингиз. Уни эртароқ қўйсангиз фойдаси кўпроқ тегмасмиди?
- Ҳа, бир легионеримиз Қозоғистон терма жамоасида тўп суради. Шу боис у бугун йўқ эди. Асосий таркибда икки нафар легионерни туширдик. Захирадан майдонга тушган яна бир легионеримизда эса жароҳати бор эди. Уни укол ёрдамида майдонга туширишга мажбур бўлдик.
- Сиз ўз вақтида “Машъал”да ишлагансиз. Ҳозирги жамоа билан ўша пайтдаги жамоани фарқи борми?
- Олдинги “Машъал” албатта кучли бўлган. Таркибида яхши савиядаги ўйинчилар тўп сурарди. Талаблар ҳам бошқача эди. Юқори ўринлар учун курашарди. У пайтларда Аҳмедов, Жепаров, Ривалдо, Кападзе, Гейнрих сингари ўйинчилар тўп сурарди. Менимча, ҳозирда Ўзбекистон чемпионатининг савияси тушган. Буни фақат мен гапирмаяпман, натижа ҳам кўрсатиб турибди. Клубларнинг чемпионлар лигасидаги натижалари ва терма жамоанинг ўйинлари ҳаммасини айтиб турибди. Илгари чемпионлик учун курашадиган 3-4 та жамоа бўларди. Ҳозир биргина “Пахтакор”ни ажратиб ўтмоқчиман. Қолганлар – 2-ўриндан тортиб то охирги поғонадаги жамоаларгача бир хил деб ўйлайман. Фақат қайсидир клублар молиявий томондан бақувват бўлиши мумкин, академиялари ҳам бор. Фарқ шунда деб биламан.
- Бугун “Машъал” ўйнай олмадими ёки ўйнашни хоҳламадими?
- “Машъал”га қандай ўйнаш учун берган бўлсак, шундай ўйнади. Кўрдинглар, дарвозамиз олдида ҳужумлар уюштирди. Бизга омад кулиб боқди ва пенальтидан гол урдик.
- Александр Хомяков билан муносабатингиз бугунги ўйин таъсир кўрсатмадими?
- Александр Хомяков менинг қўл остимда ўйнаган. Қозоғистонда тўп сурган. “Спартак-Нальчик”да ҳам ўйнаган. Уни шу ерга мураббий сифатида олиб келганман. Андреевич билан муносабатим яхши.
Фикрлар