Винисиус, Гави ва Нуньес ёхуд ўтган мавсум нархи кескин даражада ўсган футболчилар (Топ-8)

Мавсум оралиғининг асосий сегментларидан бири - трансфер бозори. Клублар ўз таркибини кучайтириш учун яхши футболчиларни қидиришни бошлайди. Асосий эътибор якунига етган мавсумда ўз ўйинлари билан футбол жамоатчилиги назарига тушган чарм тўп усталарига қаратилади. Жорий йил ҳам шу каби футболчиларнинг кўпчилиги учун муваффақиятли бўлди. Табиийки, ўйинчиларнинг нархида ҳам сезиларли даражада ўсиш кузатилди. Шу боис, бугун трансфер суммаси кескин кўринишда ўсган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.

Арно Данжума (“Вильярреал”, +35 миллион евро)

Бир йил олдин Данжума "Борнмут" билан Чемпионшипда ўйнаган. Ўтган мавсумда эса 25 ёшли ҳужумчи "Вильярреал" билан биргаликда "Ювентус" ва "Бавария"ни Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан чиқариб юборди. Испанияга кўчиб ўтиш футболчи учун анча фойдали бўлди. Голландиялик форвард мавсумни ажойиб тарзда ўтказди: у барча мусобақаларда 16 та гол урди ва Жерар Моренодан "Вильярреал"нинг энг яхши тўпурари номини тортиб олди. Натижада ҳужумчининг трансфер қиймати 35 миллион еврога қимматлашди. Ҳозир Данжума 50 миллионга баҳоланмоқда ва аллақачон топ-клублар эътиборига тушган.

Дарвин Нуньес (“Ливерпуль”; +35 миллион евро)

Нуньес бутун мавсум давомида юқори савияда ўйин кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам унинг натижалари ҳайратланарли кўринишда эди: барча мусобақаларда 41 ўйин, 34 та гол ва 4 та голли узатма. Бу 23 ёшли ҳужумчи учун ажойиб кўрсаткич ҳисобланади. Унинг “Бенфика”даги карьераси узоқ давом этмаслиги аниқ эди. Кўплаб клублар ёш ҳужумчига даъвогарлик қилди, аммо у якунда "Ливерпуль"ни танлади. “Қизиллар” Дарвинни 75 миллион евро эвазига харид қилди. Ҳозирги вазият Жоау Феликсникига ўхшайди: "Бенфика"даги ёрқин мавсум, кўплаб голлар ва топ-клубга ўтиш. Уругвайлик янги жамоага португалиялик ҳамкасбига қараганда тезроқ кўникади, деб умид қиламиз.

Кристофер Нкунку (“РБ Лейпциг”; +37 млн евро)

Нкункунинг фаолияти олдинги мавсумдан бери футбол жамоатчилиги эътиборида бўлиб келган. Лекин, у охирги мавсумда янада ажойиб ўйин намойиш эди. 24 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсумда барча турнирларда 49 ўйин ўтказиб, 32 гол ва 19 ассист муаллифига айланди. У жамоасининг энг яхши тўпурари ва ассистенти номини қўлга киритди. Бундан ташқари, Нкунку Бундеслигада мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида этироф этилди. Бу нарсалар футболчининг трансфер нархига 37 миллион евро қўшилишига сабаб бўлди. Ҳозир Кристофер 80 миллион еврога баҳоланмоқда. Кўплаб клублар французни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўрди, аммо у “буқалар” билан шартномани узайтирди. Бу тушунарли: Жаҳон чемпионати олдидан таваккал қилиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин.

Рафаэль Леау (“Милан”; +45 млн евро)

“Милан”даги дастлабки 2 мавсум Леау учун унчалик муваффақиятли бўлмади. Бироқ, 23 ёшли вингер сўнгги мавсумда супер ўйин кўрсатди ва бу "росонерилар"га чемпионликни қўлга киритишга ёрдам берди. Португалиялик футболчи барча мусобақаларда 42 та ўйин ўтказиб, 14 та гол ва 12 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг трансфер нархи 45 миллион еврога ошиб, айни пайтда 70 миллион еврони ташкил қилади. Бироқ, Италия чемпионлари футболчини бундан ҳам қимматроққа баҳоламоқда. Клубнинг Леаудан умидлари катта. Фернанду Сантуш эса Рафаэлни Португалия терма жамоасининг келажаги деб ҳисоблайди. “Милан” эса футболчини жорий трансфер бозорида сотмоқчи эмаслигини маълум қилган. Кузатамиз!

Душан Влахович (“Ювентус”, +45 млн. евро)

Январ ойида Влахович "Фиорентина"дан "Ювентус"га ўтди. Трансфер суммаси 81,5 миллион еврони ташкил қилди. Мавсум давомида 22 ёшли ҳужумчи 45 миллион еврога қимматлашган ва ҳозирда 85 миллионга баҳоланмоқда. Сербиялик футболчи А Сериянинг энг яхши тўпурари сифатида "бьянконерилар" таркибига қўшилди ва мавсумни чемпионатнинг иккинчи энг яхши тўпурари сафтида якунлади. Футболчи янги клубга ўтгани сабабли унинг ўйинида пасайиш кузатилди. Бошқа томондан, ярим мавсумда 9 гол ва 2 голли узатма нормал кўрсаткич. Унинг ҳақиқий салоҳияти янги мавсумда билинади.

Луис Диас (“Ливерпул”; +47 млн евро)

Январ ойида Диас 47 миллион евро эвазига "Порту"дан "Ливерпуль"га ўтган эди. Футболчи тезда Юрген Клопп жамоасига мослашиб кетди. У Премьер лигадаги дебют голини иккинчи ўйиндаёқ киритди. Футболчи "қизиллар" таркибида ярим мавсум ичида 26 та ўйин ўтказиб, 6 та гол ва 5 та голли узатмани амалга оширган. Мавсум давомида 25 ёшли вингернинг нархи 47 миллион еврога қимматлашган. Айни пайтда унинг трансфер қиймати 65 миллионни ташкил қилади. Садио Мане кетганидан кейин Диасда бундан ҳам юқори даражага кўтарилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Демак, биз колумбияликнинг нархи янада кўтарилишини тахмин қилишимиз мумкин.

Гави (“Барселона”; +60 млн евро)

Ўтган мавсум Гави учун жуда ҳам омадли бўлди. У "Барселона" таркибида зўр ўйинлар намойиш этиб, мухлислар эътиборига тушди. Бу вақт ичида 17 ёшли ярим ҳимоячининг трансфер нархи 0 дан 60 миллион еврога ошган (ёшлар жамоаси футболчиларининг нархи экспертлар томонидан баҳоланмайди). Ёш испаниялик барча мусобақаларда 46 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ва 6 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Бу марказий ярим ҳимоячи учун яхши кўрсаткич ҳисобланади. Гавининг имкониятларини Хави Эрнандес ҳам, Луис Энрике ҳам юқори баҳоламоқда. Каталонияликлар футболчини жамоада сақлаб олиш ва шартномасини узайтириш учун барча имкониятларни кўриб чиқимоқда. Бу истеъдодли футболчи “кўк-анорранглилар”нинг келажаги ҳисобланади.

Винисиус (“Реал” Мадрид, +60 млн евро)

Эртами-кечми Винисиус юқори даражада ўйин кўрсатиши аниқ эди. Бу 2021/22 йиллари содир бўлди. 21 ёшли вингер сўнгги мавсум барча турнирлар доирасидаги 52 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 22 гол ва 20 ассистни ёздириб қўйди. Шунингдек, форвард Чемпионлар лигаси финалида ҳам ғалаба келтирувчи гол муаллифига айланган. Ёш бразилиялик мавсумни шу қадар зўр ўтказдики, унинг нархи 60 миллион еврога қимматлашди. Айни дамда унинг трансфер қиймати 100 миллион еврони ташкил қилади. Албатта, бу Винисиус сўнгги чўққи эмас. Ишонамизки, Жуниор кейинги йилларда ҳам шу каби ўйин кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилади. Унда бир неча йилдан сўнг "Олтин тўп"ни қўлга киритиш учун ҳамма нарса бор. Асосийси, тўхтаб қолмаслик керак.

 

Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!