Виталий Левченко: "Башорат қилиш қийин"

Қисқа муддатли танаффусдан сўнг бугун Суперлиганинг 20-тур баҳсларига старт берилди. "Нефтчи" мазкур тур доирасидаги "Локомотив" билан учрашувни 3 октябрь куни Тошкентда ўтказади.

Фурсатдан фойдаланиб сафар олдидан медиа гуруҳимиз жамоа бош мураббийи Виталий Левченко билан суҳбат уюштирди.

- Ўзбекистон футболи ҳақида илк таассуротларингизни айтиб ўтсангиз.

- Таассуротларим ижобий десам муболаға бўлмайди. Мамлакатингиздаги чемпионат савияси анча юқори эканлигига гувоҳ бўлдим. Чунки биринчилик учун рақобатлашадиган бир қанча жамоалар мавжуд. Шунинг учун ҳам олдиндан ўйинда қандай натижа қайд этилишини башорат қилиш қийин. Шу жиҳати билан ҳам чемпионат қизиқарли тус олган. Турнир жадвалига эътибор берсангиз, пешқадамлар ва аутсайдерлар орасидаги очколар сонидаги тафовут ҳам деярли катта эмас. Шуни инобатга олсак, ҳар бир учрашувда қўлга киритилган ғалаба ёки мағлубият жамоанинг турнир жадвалидаги эгаллаб турган ўрнига сезиларли таъсир қилади. Яна бир ижобий жиҳати, юртингизда яхши инфратузилма ва кўплаб яхши стадионлар борлигини айтиб ўтмоқчиман. ЎзПФЛнинг бу борада олиб бораётган кенг кўламли фаолиятини фақат ижобий баҳолайман. Мухлисларимизни ҳам алоҳида эътироф этган бўлардим. Хурсанд бўлганим, улар жамоа тақдирига бефарқ бўлмай, узоқ ёки яқин масофани босиб ўтиб, шу билан бирга ўйинда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, ўз жамоаларини доимий равишда қизғин қўллаб туришларига тасанно ва раҳматлар айтмоқчиман.

- Сизнинг бошчилигингизда жамоамиз 6 та ўйин ўтказишга улгурди. Нима деб ўйлайсиз, қўлга киритилган натижалардан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Бу қисқа давр мобайнида жамоада ҳамжиҳатлик ва клуб олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга ойдинлик киритиб олдик. Жамоага келганимдан бери ижобий ўзгаришларга эришдик, деб ўйлайман. Чунки турнир жадвалида аста-секинлик билан юқорилаб боряпмиз. Лекин таъкидлаб ўтмоқчиман, олдинда ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Кўп нарсалар устида ишлашимиз ва белгиланган мақсадлар сари интилишимиз даркор.

- Футболчиларнинг бугунги потенциали ва ҳолатига қандай баҳо берасиз?

- Жамоага келганимда футболчиларнинг руҳияти қай даражада эканлигини кўриб, барчасини ижобий томонга ўзгартириш ҳаракатини бошладик. Масалан, майдонга чиқишаётганда ўзларига бўлган ишончни ошириб, аутсайдер эмас, балки фаворит сифатида ўзларини ҳис қилиб, ғалаба қозонишга интилишлари керак. Бу мавзуда доимий равишда йигитлар билан алоқада бўлиб, уларга керакли тушунча ва кўрсатмаларни беришда давом этаяпмиз.

- Жамоанинг омадли юриш сирлари яна нимадан иборат?

- Жамоага келиб биринчи қилган ишимиз, бу футболчиларнинг жисмоний ва тактик ҳолатидан ташқари, руҳиятларини ўзгартиришга эътибор қаратдик. Бу уринишларимиз ўз ифодасини топмоқда. Жамоа очколарни кўпайтириш билан бирга турнир жадвалидаги мавқеини бироз яхшилаб олди. Олдинда эса қилинадиган ишларимиз кўп ва биз бунга интилишда давом этамиз.

- Кейинги 2 та учрашувимиз сафарда бўлиб ўтади. Шу хусусда фикр билдириб ўтсангиз.

- Кейинги турда "Локомотив"га қарши баҳс ўтказамиз. Рақибимизда яқинда бир қатор ўзгаришлар бўлиб ўтди. Жамоани бир нечта тажрибали ўйинчилар тарк этганлигига қарамай, ёш ва иқтидорли ижрочилар клубда ўз маҳоратларини намоён этиб келмоқда. Мураббийларимиз рақиб жамоа ўйинларини кўриб ва ўрганиб чиқишди. Кучли жиҳатларини инобатга олиб, ушбу учрашувга жиддий ҳозирлик кўрмоқдамиз. Кейинги рақибимиз "Олимпик" клуби мамлакат олимпия терма жамоаси негизида шаклланган жамоада ёш, иқтидорли ва маҳоратли футболчилар жамланган. Шунинг учун сафарда бўлиб ўтадиган ҳар иккала ўйинга жиддий тайёргарлик кўришимиз ва максимал даражада очколар тўплашимиз керак.

- Бўлажак ўйинлар олдидан жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолатига қандай баҳо берасиз?

- Юзага келган қисқа танаффус мобайнида ишлаб чиқилган режамизга мувофиқ 2 та ўртоқлик учрашувида қатнашдик ва бу ўйинларда иштирок этган футболчиларимизга керакли юкламаларни беришга ҳаракат қилдик. Мураббийлар штаби тайёргарлик жараёнида амалга оширилган барча жисмоний юкламаларни назоратга олишган ва бизнинг режамизга кўра кейинги тур баҳсларига жамоа аъзолари жисмоний томондан муаммоларга дуч келмаслигига ишонч билдирамиз.

- Фарғонанинг асосий стадиони "Истиқлол"да ҳам бўлдингизми?

- Ҳа албатта, "Истиқлол" стадионини бир неча марта кўрдим. Ўйингоҳ менга жуда ёқди. Замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган спорт мажмуаси экан. Майдон майсаси ҳам янгиланиб, сифатли кўриниш олганини таъкидлаб ўтмоқчиман, - деди суҳбат якунида бош мураббий.

"Нефтчи" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!