Владимир Бубанья ҳақдорлигини билдириб "Сурхон" устидан ФИФАга ёзганди. Энг қизиғи, клуб эмас футболчининг ўзи қарздор бўлиб чиқмоқда

Бир неча кун аввал, "Сурхон" клубининг собиқ легионери Владимир Бубанья жамоада қолиб кетган маошини олиш учун ФИФАга ёзгани борасида хабар бергандик. Ўз навбатида, ФИФА клубга 45 кун муҳлат бергани, улгурилмаса, 3 та трансфер ойнасигача бўлган тақиқ қўйилиши маълум қилинганди.

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида вазият ҳақида маълумот берди.

- 45 кун ичида футболчи олдидаги қарзларини тўлаб бермаса, "Сурхон" футбол клуби учун 3 та трансфер ойнаси ёпилиши мумкинлиги ҳақида ёзгандик. Мазкур огоҳлантиришга жавобан "Сурхон" ўз даъвосини киритди.

Даъвода қайд этилишича, "Сурхон" эмас, аксинча, Бубанья клубдан қарздор бўлиб қолган. "Сурхон" мана шу суммаларни футболчи тезроқ қайтариб беришини ФИФАдан сўрамоқда.

Маълум бўлишича, клуб бухгалтерияси Бубанья учун тўланган ойлик-маошлардан солиқ ушлаб қолмаган ва унга кўпроқ пул бериб юборган. Тахминимизча, ФИФА бу каби ишларда ҳеч қачон клубга ён босмайди, чунки бухгалтериядаги муаммолар клубники, футболчиники эмас.

Шунингдек, футболчиларнинг клубдан қарздор бўлиб қолишлари масаласига ҳозирча иккинчи марта дуч келяпмиз. Яқин-яқингача футболчилар "Андижон" футбол клубидан қарздор бўлиб қолишарди. Нормал фаолият олиб борадиган ташкилотларда одатда бундай бўлмайди, - деди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!