Владимир Бубанья: "Ўйинларни кўриб шунга амин бўляпманки, про лиганинг ҳам савияси анча юқори экан"
Бу йил ўз омадини “Андижон” клубида синаб кўриша қарор қилган сербиялик тажрибали ҳимоячи Владимир Бубанья жуда тез фурсатлар ичида янги жамоасига мослашиб кетди.
Кутилганидек, майдонда ўз ўйини ҳамда тажрибаси билан ёшларга намуна бўляпти. “Янгиер-Қурувчи” устидан қозонилган ғалабадан кейин сербиялик легионер “Андижон” матбуот хизмати томонидан берилган бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- “Янгиер-Қурувчи”га қарши ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
- Биз чиройли футбол ўйнамадик. Лекин энг асосийси, уч очкони қўлга киритиб ғалаба қозондик. Ўтган сафарги учрашувда жамоамизда 4 та голли имконият бўлганди. Бироқ ўшанда яратилган вазиятларимиздан фойдалана олмагандик. Худога шукр, бу сафар ўз мақсадимизга эришдик.
- “Андижон” биринчи турда кутилмаганда дуранг ўйнади. Бунга нима сабаб бўлди?
- Биринчи турда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мослашиш ҳам қийин бўлади. Биз буни билардик. Шунчаки, ўхшамади. Боя айтганимдек, имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Шу боис дуранг ўйнадик, бу – футбол.
- Биламизки, сиз Ўзбекистонда асосан Суперлигада ўйнаб келгансиз. Бу йил эса илк бор про лигада тўп суряпсиз...
- Тўғри, мен фақат Суперлигада ўйнаганман. Ростини айтсам, илгари про лига ўйинларини кўрмагандим. Лекин энди бу ердаги ўйинларни кўриб шунга амин бўляпманки, про лиганинг ҳам савияси анча юқори экан. Ҳар бир клуб футбол ўйнашга, ўз ўйинини кўрсатишга қодир.
- Сизда “Андижон” клубида ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ нима қизиқарлироқ туюляпти?
- Шаҳар жуда чиройли. Шунингдек, мухлисларга гап йўқ. Андижонлик фанатлар худди сербиялик ишқибозларга ўхшаган экан.
- Владимир, “Андижон” таклифини қабул қилишингизга асосий сабаб нима бўлди?
- Мен мураббий билан олдин ҳам бирга ишлаганман. Бу ерда аниқ мақсад бор ва бу ҳақиқий адреналин. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишимиз керак.
- Сиз доим 15-рақам остида тўп сурасиз. Бунинг маъноси нимада?
- Бу шунчаки менинг ўз рақамим холос. Бунда ортиқча ҳеч қандай маъно йўқ.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар