Владимир Шин: "Япониялик боксчилар Токио Олимпиадасида яхши натижалар қайд эта олади"

  • 29 декабрь, 2020, 13:22
  • 0
  • Бокс

Ўзбекистонлик бокс мураббийларига хорижда ҳам талаб кучли, бир қатор ҳамюртларимиз бошқа мамлакат терма жамоаларида, клубларида фаолият юритиб келмоқда. Улар орасида эса энг машҳури шубҳасиз, Владимир Шин, десак муболаға бўлмайди.

 Владимир Николаевич ўз вақтида собиқ Иттифоқ чемпионатида икки бора ғолиб бўлган. Шунингдек, жаҳон чемпионатида бронза, жаҳон кубоги ғолиби, собиқ Иттифоқ халқлари спартакиадаси чемпионлигини ҳам қўлга кирита олганди. Айнан ушбу ютуқлари орқали у “хизмат кўрсатган спортчи” унвонига эга бўлган кам сонли боксчиларимиздан бири ҳисобланади.

Фаолиятини якунлаганидан сўнг, мураббийлик соҳасида ҳам бир қатор муваффақиятларга эришди ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” унвонига ҳам сазовор бўлганди. Айни кунларда ушбу тажрибали мураббийимиз Япония терма жамоасини Токио Олимпиадасига тайёрламоқда. Биз ушбу ҳамюртимиз билан боғланиб, тайёргарлик жараёнлари ва шунга оид бир-иккита савол билан мурожаат қилдик.

Шин

- Ўзбекистондан саломлар!

- Мен ҳам ўз саломимни йўллаган ҳолда, кириб келаётган янги йил билан халқимизни муборакбод этаман!

- Владимир Николаевич тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирига тайёргарликлар қандай кечмоқда?

- Барчаси яхши кўриниш олган.

- Япон шогирдларингизда иштиёқ кучли бўлса керак?

- Албатта, япониялик боксчилар Олимпия ўйинларида яхши натижалар қайд эта олади. Бунинг учун жиддий ҳозирлик кўришмоқда.

- Умуман олганда Олимпиадага нечта лицензияни қўлга киритдинглар?

- Ҳозирча 5 та яъни, учта ўғил болалар ва икки нафар қизлар йўлланма эгасига айланди.

- Бу кам эмасми?

- Ҳали, олдимизда Европада бўлиб ўтадиган сўнги лицензия берувчи турнир бор ва унда янада кўпроқ йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

- Эҳтимол, Ўзбекистон терма жамоаси билан қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ниятингиз бордир?

- Ўтказган бўлардик. Лекин Японияда яна карантин ҳолати жорий қилинди ва биз ҳеч қаерга чиқа олмаймиз.

- Япон бокс федерацияси билан шартномангиз қачон тугайди?

- Ушбу Олимпиада якунига қадар, шартнома имзолаганмиз.

- Қисқа бўлса-да, вақт ажрата олганиздан миннатдормиз ва ўз ўрнида ишларингизга ривож тилаб қоламиз!

- Эътибор учун раҳмат!

Бобоусмон Батуровнинг Токио Олимпиадаси учун яширин "қуроли" мавжуд ёхуд унинг жанг олиб бориш услуби ўзига ҳам ёқмайдими?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!