Владо Радманович: Эртанги баҳсга юз фоиз тайёрмиз
Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичи доирасида навбатдаги тур учрашувини меҳмонда Қатарга қарши ўтказади. Бугун ушбу муҳим ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган терма жамоамиз ёрдамчи мураббийи Владо Радманович қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
- Биринчи навбатда айтиб ўтишим керакки, Сречко Катанеснинг соғлиғи билан боғлиқ кичик муаммо бўлганлиги учун шифокорлар тавсиясига кўра матбуот анжуманида иштирок эта олмайди. Шу боис барча саволларга мен жавоб бериб ўтаман. Бу босқичда ҳар бир учрашув жуда қийин бўлади. Эртага бизни муҳим ўйин кутиб турибди. Ҳар икки жамоа учун жуда катта аҳамиятга эга учрашувга тайёрмиз.
Қатарнинг ушбу саралаш босқичидаги барча ўйинини кўриб чиқдик. Жамоа ҳақида етарли маълумотга эгамиз. Умуман олганда Қатар яхши терма жамоа. Аммо эртанги баҳсга юз фоиз тайёрмиз. Йил бошида ушбу жамоага қарши Осиё кубогида ҳам тўқнаш келган эдик.
Биз уч йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан биргамиз. Мамлакат чемпионатидаги футболчилар ва легионерларни кузатган ҳолда бугунги таркибни шакллантирганмиз. Биз рақибларга қарши қандай ҳолатда эканимизни яхши биламиз
Жуда қийин гуруҳдан ўрин олганмиз. Ҳар бир ўйин биз учун жиддий аҳамият касб этади. Эрон, Қатар, БАА ва КХДР каби терма жамоаларнинг барчаси кучли ва Жаҳон чемпионатида иштирок этган. Ҳар бир кичик омил учрашув натижасига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқич 5-туридан ўрин олган Қатар - Ўзбекистон учрашуви эртага Тошкент вақти билан соат 21:15 да старт олади. Ҳозирда Сречко Катанец қўл остидаги терма жамоамиз 10 очко жамғарган ҳолда Эрон билан "А" гуруҳида 1- ва 2-ўринларни эгаллаб турибди.
Фикрлар