Влаховичнинг «Барселона»га ўтиш шартлари ошкор бўлди
«Барселона» «Ювентус» ҳужумчиси Душан Влаховични эҳтимолий трансфер қилиш вариантини кўриб чиқар экан, футболчининг шартлари бўйича дастлабки маълумотларни қўлга киритди.
Шу билан бирга, каталонияликлар учун ҳужум чизиғини кучайтиришда асосий номзод сифатида ҳануз мадридлик «Атлетико» форварди Хулиан Альварес қолмоқда, деб хабар бермоқда Sport.es.
Маълумотларга кўра, сербиялик футболчи икки йиллик шартнома таклиф этилишини истамоқда. Влахович ҳар мавсум учун тахминан 8 миллион евро атрофида маош кутаётгани, бу миқдорнинг бир қисми турли бонуслар кўринишида берилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Айнан шу шартларни у ҳозирги жамоаси – «Ювентус» раҳбариятига ҳам билдирган. Турин клуби ҳужумчини сақлаб қолиш тарафдори, аммо ҳозирча унга йилига 5 миллион евро атрофида маош таклиф қила олмоқда, холос. Футболчининг амалдаги шартномаси 30 июнга қадар кучда.
Манбаларга кўра, агар «Барселона» таркибидаги Ферран Торрес жамоани тарк этса ва унга жиддий қизиқиш билдирётган «ПСЖ» билан келишув амалга ошса, каталонияликлар Влаховични олиш бўйича музокараларни фаоллаштириши мумкин.

Фикрлар