WBА ва IBF чемпиони Муроджон Аҳмадалиев Тапалес билан жанги, Фултон ва Иноуэ баҳси ҳақида катта интервью берди
122 фунт вазн тоифасида (55,3 кг) WBA ва IBF чемпионлик камари эгаси Муроджон “MJ” Аҳмадалиев рақиби Марлон Тапалес билан турлича даражада эканлигига ишонади. Аҳмадалиев мутлақ чемпион бўлиш учун Стивен Фултон-Наоя Иноуэ жанги ғолибига қарши жангга умид қилмоқда.
Аҳмадалиев (11-0, 8КО) ўтган йили июнь ойида Сан-Антониода Ронни Риос устидан муддатидан олдин ғалаба қозонган эди. У 8 апрель куни ўта енгил вазн тоифасида WBО чемпионлик камари учун бўлиб ўтадиган Жесси “Бам” Родригес ва Кристиан Ҳернандес жанги оқшоми иккинчи асосий баҳсида Марлон Тапалесга қарши (36-3, 19КО) ўзига тегишли бўлган камарларини ҳимоя қилиш учун яна Сан-Антониога қайтади.
Аҳмадалиев 2017 йил 53 кгда WBO чемпионлик унвонини қўлга киритган ва биринчи ҳимоя жангида уни бой берган Тапалес ҳақида қуйидагича фикрда:
“У чапақай. Тез, кучли ва оғир зарбага эга. Аммо мен рингга биргина ният билан чиқаман - камарларимни ҳимоя қилиш. Ким энг яхши жангчи эканлигини фақат ринг кўрсатади. Бироқ тўғрисини айтсам, мен бошқа даражадаги боксчиман. Умуман олганда, энг яхши жангчиман деб ўйлайман”, - дея таъкидлади Аҳмадалиев.
Аҳмадалиев 2016 йилдаги ўзбек бокс мухлислари учун афсонага айланган Олимпиада ўйинларида бронза ва 2015 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган ёрқин ҳаваскор карерасидан сўнг 2018 йилда профессионал боксга қадам қўйди. Унинг айтишича, бу тажриба профессионал йўналишдаги муваффақиятига ҳам улкан ҳисса қўшган. Унинг таъкидлашича, атрофида тўғри ва аниқ йўл кўрсатадиган одамларнинг бўлиши жуда муҳим ҳисобланади.
“Мен ҳали ҳам ўрганяпман, керакли тажрибани йиғиб борябман, мен энг зўр бўлиш учун қўлимдан келган барча ишни қилябман. Ҳаваскор боксда 300 дан жанг ўтказганман, шундан 200 таси халқаро даражадаги мусобақалардир. Менда ҳақиқатдан ҳам шундай тажриба бор. Бундан ташқари машғулот лагерларида жароҳат олиш ва бошқа ҳолатлар бўйича ҳам тажрибага эгаман. Буларнинг ҳаммасидан сабоқ олишга ҳаракат қиламан. Жангдан жангга ўсиб бораётганимни, кучайиб бораётганимни, жисмонан чиниққанимни ҳис қиляпман ва 12, 15 раунд жанг олиб боришга тайёрман. Бундай ҳолатлар уч-тўрт йил олдин жиддий муаммолар келтириб чиқарган эди, энди эса ундай эмас. Мураббийларим ва менежерларим туфайли, ҳозир энг яҳши спорт формамдаман. Профессионал боксга ўтганимдан кейин Аллоҳдан менга яхши жамоа беришини, мени яхши одамлар билан юзлаштиришини сўраган эдим. Худога шукур, мен улардан жуда хурсандман, лекин буларнинг барчаси жараённинг бир қисми эканлигини такидлаб ўтмоқчиман. Менинг жамоам, менинг менежерим, мураббийларим, ҳаваскор мураббийларим - бу бўғинлардан қайси биридир бўлмаса, бутун занжир бузиларди”, - дейди Аҳмадалиев таржимон орқали ProBoxTV News порталига.
Унинг сўзларига кўра, муваффақиятлари калити сифатида дўст ва ҳамкасблари, Аҳмадалиев каби ўзбекистонлик бўлган боксчилар Исроил Мадримов ва Бектемир Мелиқўзиев, шу билан бирга асли қирғизистонлик ярим оғир вазн қироли Дмитрий Бивол ҳам муҳим роль ўйнайди. Барча боксчилар ҳозирда Калифорниянинг Индио шаҳрида машғулотларни олиб боришмоқда. Аҳмадалиевнинг айтишича, бу машғлотлар учун энг яҳши жой ҳисобланади.
“Калифорния биз учун энг яхши жой. Бутун жамоа билан шу ерда машғулот олиб борамиз. Бектемир шу ерда, Исроил ва Бивол ҳам шу ерда. Биз улар билан болаликдан дўст бўлганмиз ва бир уйда яшаб машғулотлар олиб борганмиз. Шунинг учун ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Доим жанглардан олдин бирга бўлишга ва жанг тактикалари бўйича маслаҳатларимизни беришга ҳаракат қиламиз. Ҳар доим қўлимдан келган барча маслаҳатларни бераман ва улар ҳам доим менга ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Калифорнияда қолиш сизни автоматик режимга солиб қўяди, озиқ-овқат, уйқу, жисмоний машқлар ва яна овқатланиш, уйқу, жисмоний машқлар. Биз қилган ишимиз шу”, - дея қўшимча қилади у.
Аҳмадалиев 2020 йил январь ойида Даниэль Роман устидан ғалаба қозониб WBА ва IBF чемпионлик камарларини қўлга киритган эди. Тапалес билан бўладиган жанг унинг учун тўртинчи ҳимоя жангги ҳисобланади. Қолган иккита камар эса Стивен Фултонга тегишли бўлиб, у 25 июль куни ўта битта пастки вазнда собиқ мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ билан жанг олиб боради. Бўлажак баҳсда Иноуэ фоворит ҳисобланмоқда.
“Албатта. Ҳозирда менинг мақсадим Тапалес устидан ғалаба қозониш. Мен уни осон рақиб деб ўйламайман. Аммо профессионал боксчи сифатида мақсадим - мутлақ чемпион бўлиш ва мен бу учун бор кучимни ишга соламан. Демак, Фултон ва Иноуэ жанг қиладиган бўлса, менинг кейинги “нишоним” шубҳасиз улардан бири ҳисобланади. ИншаАллоҳ, албатта ундан олдин камарларимни ҳимоя қилишим керак.
Ростини айтадиган бўлсам уларнинг қайси бири ғалаба қозонишини билмайман чунки мен уларни иккисини ҳам жангларини кўпам кўрмаганман. Адашмасам, мен Фултонни Фигероа билан ва украиналик (Арнолд Ҳегай) билан жангни кўрдим ҳолос. Иноуэнинг бир нечта жангларини кўрганман ва менга унинг жангларини томоша қилиш ёқади. Лекин ҳеч қачон уларни ўрганиш учун бу ишни қилмаганман ва шунинг учун жангда ким ютишини айтиш қийин. Иноуэни жангларини кўриб уни ҳар қандай аспектда жуда яҳши боксчи деб ўйлайман. У анча ривожланган боксчи ва жанг Японияда бўлаётганлиги учун бу унга қулайлик яратиши мумкин деб биламан. Уларга машғулотларда омад ва сиҳат-саломатлик тилайман. Умид қиламанки, тез орада ким энг зўри эканлигини аниқлаштириб оламиз. Башорат қилмаган ҳолда айта оламанки, олдинда ажойиб жанг кутиб турибди. Ҳудо уларни омадини бериб машғулотларда ўзи асрасин”, - дея такидлайди Аҳмадалиев.
Инглиз тилидан Зиёдулла Абдикаримов таржимаси
Фикрлар