Халқаро майдонда энг кўп совринларга эга чиққан 5 жамоа
Хабарингиз бор, Мадриднинг “Реал” клуби куни Клублар ўртасидаги ЖЧ ярим финалида “Америка” клубини 2-0 ҳисобида мағлуб этган холда финал йўлланмасига эга бўлди. Агар “қироллик клуби” финалда ҳам ғолибона юришини давом эттира олса, халқаро аренадаги ўзининг 23-совринини қўлга киритади. Шу муносабат билан бугун биз бу борадаги етакчилар билан сизларни таништиришни мақсад қилдик.
“Реал Мадрид” – 22 та соврин
Юқорида “Реал”нинг халқаро майдондаги совринлари сони 23 тага етиши ҳақида гапирдик. Агар шундай бўладиган бўлса, “Реал” халқаро ареналарда энг кўп совринга эришган жамоа бўлади. Ҳозирча эса Зидан шогирдлари бу борада “Барселона” билан бир хил кўрсатгичга эгадир. 22 та совриннинг тенг ярми ЕЧЛ (ЕЧК)даги ғалаба экани кўпчиликка маълум. Қолган ярмини эса УEФА кубоги (2 марта), Кубок эгалари кубоги (2 марта), УEФА суперкубоги (3 марта), Қитъалараро кубок (3) ва Клублар ўртасидаги ЖЧдаги муваффақиятлар ташкил этади. Кўпчилик “Реал”нинг муваффақиятлари ўтган асрда қолиб кетган деган фикрга эга, бироқ “қаймоқранглилар” халқаро майдондаги 22 совриннинг сал кам ярми (9 та)ни ХХI асрда қўлга киритганини кўришимиз мумкин.
“Барселона” – 22 та
“Барселона” ҳам худди “Реал” сингари халқаро аренада 22 та соврин ютишнинг уддасидан чиққан. Жумладан, ЕЧЛ (ЕЧК)да “кўк-анорранглилар” 5 бор, Ярмаркалар кубогида 3 бор, КEКда эса 4 бор ғолиб чиққан. Бундан ташқари эса жамоа УEФА суперкубоги (5), Қитъалараро кубок (1), ва Клублар ўртасидаги ЖЧ (3) сингари турнирларда ҳам зафар қучган. Асрлар бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, 22 совриннинг 12таси ўтган асрга тўғри келар экан.
“Ал Аҳли” – 20 та
Африка қитъасининг энг совриндор жамоаси айнан Мисрнинг Каир шаҳри шарафини ҳимоя этувчи – “Ал Ахли” клубидир. “Қизил иблислар”(жамоа лақаби, муаллиф) халқаро майдондаги 20 та совриннинг 19 тасини қитъа миқёсидаги турнирлар (Африка Чемпионлар лигаси, Африка КEК, КАФ Конфедерацияси кубоги ва Африка суперкубоги)да қўлга киритган. Қолган ягона соврин эса Афро-Осиё кубогидаги муваффақиятдир.
“Бока Хуниорс” – 18 та
Аргентинанинг “Бока Хуниорс” жамоаси мамлакатнинг энг совриндор жамоларидан биридир. Жамоа ХХ асрнинг энг яхши клубини аниқлаш учун ўтказилган сўровномада 12 ўринда зикр этилганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат бериб турибди. “Бока” халқаро майдондаги 18 та совринининг 6 тасини Либертадорес кубогида, 2 тасини Жанубий Америка кубогида, 4 тасини Жанубий Америка Рекопасида, 3 тасини эса Клублар ўртасидаги ЖЧда қўлга киритгандир. Шунингдек, жамоа Либертадорес суперкубоги, Либертадорес суперкубоги соҳиби кубоги, “Олтин кубок” каби турнирларда бир маротабадан ғолиб чиққан. Совринларнинг асрлар бўйича тақсимотига тўхталадиган бўлсак, халқаро майдондаги 18 та совриннинг 11 таси ушбу асрда қўлга киритилганини таъкидлашимиз мумкин.
“Милан” – 18 та
“Милан” итальян жамоалари орасида халқаро майдонда энг кўп совринни қўлга киритган жамоа саналади. Қолаверса, ЕЧК (ЕЧЛ)да зафар қучган илк итальян клуби ҳам айнан “россонерилар”дир. “Милан” ҳам айни вақтга қадар “Бока Хуниорс” каби халқаро майдонда 18 та соврин ютишнинг уддасидан чиққан. Жумладан 7 бора ЕЧК (ЕЧЛ)да, 2 бора КEКда, 5 бора УEФА суперкубогида, 3 бора Қитъалараро кубокда, ва бир бора Клублар ўртасидаги ЖЧда бош соврин эгасига айланган. Эътиборлиси, эса 18 та совриннинг бор-йўғи 5 таси бу асрда қўлга киритилган.
Шаҳзод Холбоев тайёрлади
Фикрлар