Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди
Яна 2 кундан сўнг пойтахтимизда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бошланади. Ушбу мусобақанинг фахрий меҳмони сифатида юртимизда бўлиб турган Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти (IWF) Муҳаммад Жалуд ва Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Юсуф Ал Мана бугун МОҚга ташриф буюришди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Мартабали меҳмонларни Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов қарши олдилар. Шунингдек, уларга Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар ўзбек спортининг бой тарихи билан яқиндан танишичгач, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Шерзод Ташматов жаноб Жалудни IWF президенти сифатида Тошкентда қарши олаётганидан мамнун эканини билдирар экан, келажакда Осиё ва Халқаро оғир атлетика федерациялари билан йўлга қўйилган дўстона алоқаларни шундай руҳда давом эттиришдан мамнун бўлишини таъкидлади. Ўз навбатида, Муҳаммад Жалуд ўзбек спорти, хусусан, оғир атлетикаси жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани, мамлакатимизнинг сўнгги йилларда йирик спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этиши Тошкентнинг ушбу спорт пойтахтига айланганига алоҳида тўхталди.
Суҳбат давомида Шаҳрулло Маҳмудов Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг янги режалари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг кейинги босқичлари хусусида тўхталди. Шунингдек, у олдинда турган мусобақалар Париж-2024 Олимпиадасига номзод ёшларимизни синовдан ўтказиб олиш учун қулай имконият бўлишини қўшимча қилди.
Учрашув давомида Азизжон Камилов ҳам Муҳаммад Жалудни IWF президентлигига сайлангани билан табриклаб, Қўмита меҳмонларини октябрь ойида мамлакатимизда ўтадиган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига таклиф қилди.
Шунингдек, Муҳаммад Юсуф Ал Мана ҳам суҳбатда ўртага ташланган таклифларни қўллаб-қувватлаб, келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича фикрларини билдирди.
Фикрлар