Хамзат Чимаев Камару Усманни муддатидан аввал мағлуб этади (Сўровнома)
21 октябрь куни ташкил этиладиган, “UFC 294” турнирининг ҳар икки марказий жангида ҳам алмашувлар юзага келганидан хабарингиз бор. 2-марказий жангда Хамзат Чимаевга Пауло Коста рақиблик қила омаслигидан кейин бу жангни Камару Усман қабул қилди ва энди уларнинг ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Биз анъанага мувофиқ ушбу жангдаги имкониятлар ҳақида ҳам ўзбек ММА олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Фарруҳ Мадаминов – мураббий
- Тўғриси, Ҳамзат Чимаевга аввалгидан кўра, жиддийроқ рақиб тўғри келди. Очиғи, Чимаев Пауло Костани муаммосиз мағлуб этарди. Бироқ, Усман оддий жангчи эмас. У собиқ чемпион саналади ва унинг жангларда қандай доминантлик қилганини кўп гувоҳи бўлганмиз. Чимаевнинг курашига дош бера олиши мумкин бўлган, кам сонли жангчилардан бири. Лекин унинг руҳий томонлама тайёр деб бўлмайди. Сўнги жангларидаги мағлубиятлар уни анчагина руҳий жиҳатдан кучсизлантирган. Қолаверса, чуқур нокаутга ҳам учради. Шунингдек, битта жанг учун тўлиқ лагер керак бўлади. Усманда бундай имконият бўлмади. Чимаевда эса, ютқазиш деган тушунча йўқ. Унда кучли ҳарактер бор. У нафақат курашда балки “стойка”да ҳам Усмандан устунроқ, деб биламан. Ўйлайманки, жанг муддатидан аввал Чимаевнинг ғалабаси билан тугайди.
Абдуфаттоҳ Шерматов – рефери
- Ҳа, Хамзат Чимаев жуда зўр жангчи ва кураши борасида кўпчиликка “дарс” беради. Лекин у Усман босиб ўтган йўлни ҳали ярмига ҳам етиб келгани йўқ. Камару Усман UFC да тобланди. Унда чемпионлик ҳарактери бор ва кураш борасида ҳам Чимаев билан бемалол баҳслаша олади. Назаримда бу жангда Камару Усман ғалаба қозонади.
Дадахон Ҳасанов – ММА жангчиси, рефери
- Қизиқарли жангнинг гувоҳига айланамиз. Бир-бирига мос рақиблар. Услублар тўқнашуви бўлади. Чимаев қай тарздаги жангни таклиф этса, Усман барчасига тайёр бўлади. Унинг”арсенал”и ҳам бой. Агар, Чимаев “партер”да назорат қила олмаса, ғалабани Усман олиб кетади. Имкониятларни 60/40 деган бўлардим. Албатта, Усман фойдасига!
Озодбек Пардаев – менежер
- Бу жангда ҳам Хамзат Чимаевнинг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. Тўғри, Усманнинг кураши яхши дейишмоқда. Аммо, Чимаевнинг грепплинги ва кураши барибир устун. Менимча Чимаев жангни муддатидан аввал 2 ёки 3-раундда якунлайди.
Дониёрбек Рўзиев – мураббий
- Камару Усман катта таваккалга қўл урди. Қисқа вақтда Хамзат Чимаевга қарши жанг қилиш осон эмас. Чимаев бу жангга жуда узоқ ва мукаммал тайёргарлик кўрди. Тўғри, Пауло Коста билан Камару Усманнинг жанг олиб бориш услуби бир хил бўлмаса ҳам, барибир Чимаев жуда яхши жисмоний ҳолатга тушиб улгурган. Усманда эса бу муаммо бўлади. Ўйлайманки, Чимаев 2-раундда ғалаба қозонади.
Ҳумоюн Маҳкамов – ММА жангчиси
- Имкониятларни тенг баҳолаган бўлардим. Олдиндан бирор фикр билдириш қийин. Хамзат Чимаевнинг биргина устунлиги у тўлиқ машғулот лагерини ўткаганлигида бўлади. Усманнинг ҳозирги ҳолати қай даражада шунисига боғлиқ. Агар, у ўзини яхши хис қилса, Чимаевга осон бўлмайди. Имкониятларни 50/50 деган бўлардим.
Камрон Ортиқов – ММА жангчиси
- Қаттиқ жанг бўлади. Нисбатан Хамзат Чимаевнинг кураши яхшироқ. Аммо, Камару Усман курашчиларга қарши қандай жанг олиб боришни яхши билади. Жанг тўлиқ давом этади, деб ўйлайман ва унда Чимаев очколар ҳисобига ғалаба қозонади.
Фикрлар