Ханчжоу-2022. Бугун ўзбекистонлик спортчилар учта олтин, биттадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинлари давом этмоқда. Қуйида барча спорт турларидан онлайн натижаларни эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.
ХIХ ёзги Осиё ўйинларида яна бир ажойиб кун мухлисларни кутиб турибди. Унда байдарка ва каноэда эшкак эшиш, оғир атлетика ва кураш дастурларида, шунингдек, бокс бўйича Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов, кураш бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов каби ҳамюртларимиз баҳсларга киришади. Бугун юртдошларимиз 14 та спорт турида баҳс олиб боришади.
06:48. Осиё ўйинларида байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳслари бошланди. Биринчи бўлиб байдаркачимиз Шахриёр Маҳкамов 1000 метрга кечган дастурда қатнашди. 3:52.568 дақиқа натижа қайд этган Маҳкамов ўз гуруҳида 2-ўрин билан финалга ўтди.
07:15. Владлен Денисов ҳам саралашдан муваффақиятли ўтди. Каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 1000 метрга кечган баҳсда 4:43.784 дақиқа натижа билан финалга йўл олди.
07:30. Екатерина Шубина ҳамда Aрина Танатмишева жуфтлиги байдаркачи қизлар ўртасида 500 метрга кечган саралаш баҳсларида муносиб иштирок этди. Хитойлик жуфтлик билан кескин рақобат олиб борган ҳамюртларимиз кичик фарқ билан мезбонларга имкониятни бой бериб, иккинчи ўринда марра чизиғини кесиб ўтишди. Бу натижа финал учун етарли бўлди.
07:45. Кураш баҳсларида Ҳилола Ортиқбоева -52 кг вазнда филиппинлик Шармеа Куелиньо билан нимчорак финалда тўқнаш келди. Беллашувда Ортиқбоева 10:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди.
07:54. Курашчимиз Ситора Элмуродова -52 кг вазн тоифасида қозоғистонлик Арузхан Адасхан билан куч синашиб, 5:0 ҳисобида зафар қучди ва чорак финал масаласини ҳал эти.
08:08. Эркаклар ўртасида +90 кг вазн тоифасидаги курашчимиз Муҳсин Ҳисомиддинов нимчорак финалда Хитой Тайпеи вакили Чен Чин Хунгни ҳалол баҳоси эвазига таслим этиб, чорак финалга йўл олди.
08:14. Эркаклар ўртасида -66 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Артур Штурбабин чорак финалда филиппинлик Райан Бенавидесни 10:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.
08:16. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Aртур Гулиев ҳамда Камрон Aҳтамовдан иборат каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик 500 метрга кечган саралаш дастурида муваффақиятли қатнашди. Ҳамюртларимиз 1:48.098 дақиқада ўз гуруҳларида биринчи бўлиб финишга келишди ва финал масаласини ижобий ҳал қилишди.
08:21. Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасидаги Ҳилола Ортиқбоева қозоғистонлик Тўлганай Абеуовани 10:0 ҳисобида енгиб, ярим финал йўлланмасига эга чиқди.
08:39. Курашчимиз Ситора Элмуродова -52 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик Пинкий Балҳарани мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиқди.
08:50. Эркаклар ўртасида +90 кг вазн тоифасидаги курашчимиз Муҳсин Ҳисомиддинов чорак финалда Ироқ вакили Саад Бани билан курашди ва ҳалол баҳоси эвазига ярим финални нақд қилди.
08:50. Aёллар дастуридан сўнг бардаркачи йигитларимиз ҳам 500 метрга эшкак эшиш дастурида финал йўлланмасига эга бўлишди. Денис Онуфриев ҳамда Озоджон Aмриддинов жуфтлиги саралашда 1:38.285 дақиқада учинчи бўлиб маррага етиб келди ва финалчилар қаторидан жой олди.
09:10. Инчеон-2014 Осиё ўйинлари ғолиби Екатерина Воронина яна бир чемпионлик сари юришини бошлади. Енгил атлетиканинг кўпкураш дастурида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 100 метрга тўсиқлар оша югуриш йўналишида 14.47 сония натижа қайд этиб, ўз ҳисобига 912 очко ёзиб қўйди.
Шунингдек, у баландликка сакраш дастурида 1.82 метр билан 1003 очкога эга бўлди. Қайд этиш жоиз, Воронина ҳар икки дастурда мавсумдаги энг яхши натижасини кўрсатди.
10:40. Осиё ўйинлари доирасида трек баҳслари поёнига етди. Aфсуски, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мазкур йўналишда шоҳсупага кўтарила олишмади.
Ҳамюртларимиз 2 дастурда совринли ўринларга яқин келишди. Маргарита Мисюрина очколар пойгасида, шунингдек, аёллар ўртасидаги медисон дастурида жамоамиз тўртинчи бўлди. Aлексей Фомовский эса очколар пойгаси йўналишида бешинчи натижани қайд этди.
Энди ҳамюртларимиз 3-5 октябрь кунлари шосседаги пойгаларда медаллар учун кураш олиб борадилар.
11:04. Кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Aртём Штурбабин финалга йўл олди. -66 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз ярим финалда жанубий кореялик Жае донг Квонни ҳалол баҳоси эвазига мағлубиятга учратди.
Энди ҳамюртимиз финалда эронлик Воҳид Бариманлоу Мажидга қарши баҳс юритади.
11:14. -52 кг вазн тоифасида Ҳилола Ортиқбоева ярим финалда туркманистонлик Айнур Амановани ҳалол баҳоси эвазига мағлуб этиб финалга йўл олди.
11:24. Яна бир ҳамюртимиз Ситора Элмуродова ярим финалда Таиланд вакили Хомпклин Тха билан курашди. Вакиламиз баҳсда ғалаба қозониб, финалга чиқди.
Энди ҳал қилувчи беллашувда ўзбекистонлик икки курашчи Ҳилола Ортиқбоева ва Ситора Элмуродова ўзаро куч синашади. Бу орқали терма жамоамиз делегацияси ҳисобига олтин ва кумуш медаллари нақд.
11:35. Эркаклар ўртасидаги +90 кг вазн тоифасидаги Муҳсин Ҳисомиддинов ҳам таиландлик Йе Он Кунатип билан баҳс олиб борди. Беллашувда вакилимиз ғалаба қозониб финалга йўл олди. Муҳсин Ҳисомиддинов Осиё ўйинларида иккинчи бор ҳал қилувчи беллашувга чиқмоқда.
11:52. -66 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Aртём Штурбабин финалда эронлик Воҳид Бариманлоу Мажидга қарши баҳс юритди. Вакилимиз ҳал қилувчи беллашувда рақибидан устун келиб, олтин медални қўлга киритди.
Шу тариқа, Артём Штурбабин Ўзбекистон спорт делегациясига саккизинчи олтин медални тақдим этди.
11:56. -52 кг вазн тоифасидаги курашда ўзбекча финал. Ўзбекистонлик Ҳилола Ортиқбоева яна бир ҳамюртимиз Ситора Элмуродовага қарши баҳс юритди. Финалда Ҳилола ҳалол баҳоси билан ғалаба қозониб, олтин медалга эга чиқди. Ситора эса кумуш медални қўлга киритди.
12:05. Эркаклар ўртасидаги +90 кг вазн тоифасидаги финалда Муҳсин Ҳисомиддинов туркманистонлик Тежен Теженов билан баҳс олиб борди. Ҳал қилувчи беллашувда Муҳсин Ҳисомиддинов ғалаба қозониб, терма жамоамизга навбатдаги олтин медални олиб келди. Шу тариқа, Ҳамюртимиз иккинчи бор Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
12:33. -57 кг вазнли боксчимиз Абдумалик Ҳалаков Вьетнам вакили Вон Дуонг Нгуенга қарши баҳс юритди. Кутилганидек, юртдошимиз уч раунд рақибига "мастер-класс" ўтиб берди ва хақли равишда 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди. У навбатдаги босқичда филиппинлик Карло Пааламга қарши рингга кўтарилади.
13:45. Чим устида хоккей баҳсларида эркаклар терма жамоамиз тўртинчи ўйинни Бангладешга қарши ўтказиб, 2:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ҳиндистонга 16:0, Японияга 10:1, Покистонга 18:2 ҳисобида ютқазган вакилларимиз охирги ўйинни 2 октябрь куни Сингапурга қарши ўтказади.
14:30. Сув полоси бўйича аёллар терма жамоамиз 5-турда Сингапурга қарши баҳс олиб борди. Аммо ҳамюртларимиз 11:14 ҳисобида мағлубиятга учради. Терма жамоамиз Хитойга 33:5, Таиландга 17:11, Японияга 37:7 ва Сингапурга 14:11 ҳисобида енгилди. Фақатгина Жанубий Корея 18:8 ҳисобида мағлуб этилди. Энди вакилларимиз мусобақадаги охирги ўйинини 1 октябрь куни Қозоғистонга қарши ўтказади.
14:40. Футбол бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон - Хитой Тайпейи учрашуви бўлиб ўтди. Экстра таймларга мурожаат қилинган ўйинда ҳамюртларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олишди.
16:15. Аёллар терма жамоамиз 3х3 баскетбол мусобақасининг чорак финалида Таиланд билан куч синашди. Беллашувда вакилларимиз 7:19 ҳисобида имкониятни бой бериб, Осиё ўйинларидаги иштирокини шу босчиқда якунлади.
Маълумот ўрнида, Илк учрашувда Ҳиндистон (19:14) таслим этилди, иккинчи ўйинда эса Хитойдан (4:21) енгилди.
16:40. Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси Нигина Ўктамова Осиё ўйинларининг ярим финалига йўл олди. Қувонарлиси, -54 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз ушбу босқичга йўл олиш билан бирга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига ҳам эга чиқди. Ўктамова шиддатли руҳда кечган чорак финал жангида япониялик Ринка Киношитадан устун келди.
17:35. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси делегациямизга дастлабки медални тақдим қилди. Унга Суҳроб Ходжаев муаллифлик қилди. Босқон улоқтириш секторида қатнашган ҳамюртимиз 70.79 метр натижа қайд этди. Ушбу дастурда олтин ва кумуш медаллари Хитой ва Қатар вакилларига насиб этди.
Фикрлар