Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон МТЖга Кейруш мураббий бўлишини хоҳлагани ва Катанецнинг бошқалардан фарқи ҳақида гапирди
Айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий бўлиши кутилаётган Сречко Катанец юртимизда бўлиб турибди. ЎФА билан оғзаки келишувга эришган словениялик мутахассис мамлакатимизда футболга яратилган шароитларни кўздан кечирмоқда ва ўйинларни стадиондан томоша қилиб, футболчиларни кузатяпти.
SPORTS.uz сайтининг ютубдаги саҳифасида терма жамоа мураббийлигига оид кўрсатувда таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов иштирок этди ва бу борадаги фикрларини билдирди.
ЎФА эътибор қаратиши керак бўлган муҳим жиҳат ва бу борада Хайрулла Ҳамидов ва Алишер Никимбаевнинг қарашлари
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига номзодлар орасидан Сречко Катанец ҳал бўлса керак, деб ўйлардим. Словениялик мутахассис зўрлиги ёки идеаллиги учун эмас, кўрпага қараб оёқ узатилади. Шунинг учун оёғимизга мос келадигани шу мураббий.
Аслида бошқалар қатори Карлуш Кейрушни кўпроқ хоҳлагандим. Кейруш келганда каттароқ мураббийдек натижа қайд этгандек кўринади. Умуман олганда, шундай ҳам. Чунки уни Катанец билан солиштирганда “Манчестер Юнайтед”, “Реал” каби клубларда ишлаган. Ёшлар Карлушни Эрон термаси билан тасаввур қилади, лекин унинг мураббийлик фаолиятида катта мактаб бор юқорида айтганимдек. Шу боисдан Кейруш келса яхши эди. Лекин унинг имконияти ва талаби каттароқ бўлишини билардим.
Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон МТЖ мураббийлар штабида маҳаллий мутахассис ҳам бўладими?
Катанец ҳал этилгани яхши. Чунки мен ҳар доим чет эллик мураббий тарафдори бўлганман. Сабаби хорижлик мураббий тайинланса, профессионал ёндашув бўлади. Бу билан ўзимизникилар нопрофессионал демоқчи эмасман. Ўзингникини қадри бўлмайди. Аслида баъзи мураббийлардан маҳаллий мутахассиснинг салоҳияти яхши бўлиши мумкин. Шунчаки агар маҳаллий мутахассис тайинланса, у сўрайдиган нарсага бошқача қарашади. Кўрдикку, Кападзе бош мураббий бўлганда ҳамма иш ўзига қолиб кетди. Ким қаерга олиб боргиси келса, олиб борди. Ҳаттоки либосларни ҳам қидириб юрганини эшитганман.
Хорижлик мураббий келса, биринчидан, жуда кўп нарсани тўғри йўлга қўяди. Иккинчидан, барибир қайсидир маҳаллий мутахассис терма жамоа бош мураббийига айланса, яхши маънода футболчини ўзининг ўйинига мос келиб, терма жамоага жалб этса ҳам бошқача гап чиқади. Чет эллик мураббийда у нарса кузатилмайди. Хорижлик мураббийларнинг ҳам минуслари бор. Уларни ўйинлар давомида билиб олишимиз мумкин. Аммо бизда жуда кўп нарсаларда камчиликларни бартараф этиш учун катта-катта саралаш баҳсларига ҳеч бўлмаганда Катанецга ўхшаган мураббий келиши лозим, деб ўйлайман, - деди Хайрулла Ҳамидов.
Маълумот ўрнида, терма жамоа мураббийлигига номзодлар орасида Карлуш Кейруш варианти мавжуд эди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида хабар берди. Аммо португалиялик мутахассис оилавий сабабга кўра терма жамоани қабул қила олмаслигини айтиб, ЎФА томонидан билдирилган таклифни рад этган.
Фикрлар